Ўзбекистон | 21:40 / 18.07.2024
10309
2 дақиқада ўқилади

«Lukoil» компанияси асоссиз олган маблағини қайтариши зарур — Рақобат қўмитаси

Россиянинг нефт ва газ компанияси Ўзбекистоннинг «Рақобат тўғрисида»ги қонунини бузган деб топилди.

Фото: Kun.uz

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Россиянинг «Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd» компаниясига нисбатан нарх манипуляцияси аломатлари билан қўзғатилган иш натижалари эълон қилинди.

Қўмитанинг махсус комиссияси хулосасига кўра, «Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd» компанияси «Рақобат тўғрисида»ги қонуни ҳамда «Биржа савдоларида юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида»ги низом талабларини бузган.

Рақобат қўмитаси томонидан компания асоссиз олинган маблағларни қайтариши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилинди ва қонунбузилишларни бартараф этиш ва кейинчалик йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий кўрсатма берилди.

Қайд қилинишича, ушбу қарордан норози бўлган томон қўмитанинг апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аввалроқ, Рақобат қўмитаси томонидан «Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd» компаниясининг биржа савдолари орқали техник олтингугурт маҳсулотини реализация қилишда, шу жумладан биржа савдоларида маҳсулот ҳажмларини номувофиқ қўйиш каби манипуляция ҳолатлари орқали маҳсулот нархини сунъий ошишига олиб келган ҳаракатларининг аломатлари аниқланган эди. Оқибатда биржа савдоларида техник олтингугурт маҳсулоти нархлари ўртача 10 фоиздан 50 фоизгача ошишига сабаб бўлгани қайд этилди.

Мавзуга оид