Жаҳон | 19:27 / 19.07.2024
8166
5 дақиқада ўқилади

Microsoft тизими ишида глобал узилиш: бу киберҳужумми ёки бошқа нарса?

19 июл куни Windows операцион тизимида ишловчи қурилмаларнинг ишида глобал узилиш рўй берди. Компютерни ёққанда фойдаланувчилар тизим хатосини билдирувчи “кўк ўлим экрани” (Blue Screen of Death, BSoD)га рўпара келишди.

Фото: Harun Ozalp / Anadolu / Reuters

Муаммо кўплаб давлатлар, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, ЕИ давлатлари, Ҳиндистон, Янги Зеландия ва Австралияда кузатилган. Россия ва Ўзбекистонда муаммо кузатилмагани хабар қилинди.

Нима бўлди?

Узилишга сабаб CrowdStrike компаниясининг Falcon Sensor четки дастурининг янгиланиши бўлгани айтилмоқда. Сервис вакиллари бу маълумотни журналистларга тасдиқлаган. Компания шунингдек дастур янгиланишини ортга қайтаргани ва узилиш натижасида жабр кўрган мижозлар билан ишлашаётганини айтган. CrowdStrike раҳбари Жорж Курцнинг қайд этишича, содир бўлган воқеа киберҳужум ёки хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларга боғлиқ эмас.

Бир вақтнинг ўзида Microsoft 365 сервиси ва Microsoft Azure булутли платформа ишларида ҳам узилишлар кузатилгани хабар қилинди. Бу маълумотни Downdetector маълумотлари ҳам тасдиқламоқда. Компаниянинг қайд этишича, тизим ишини қисман тиклашга муваффақ бўлинган, бироқ айрим фойдаланувчиларда ҳамон муаммо кузатилиши мумкин. Azureʼнинг ишдан чиқиши ҳам CrowdStrikeʼнинг янгиланиши билан боғлиқ. Microsoft 365ʼдаги муаммолар сабаби сифатида Azure серверларининг конфигурацияси ўзгаргани келтирилмоқда.

Узилиш қандай оқибатлар келтириб чиқарди?

Узилиш натижасида авиаташувчилар, банклар, теле ва радиоэшиттирувчи компаниялар, шунингдек, бутун дунё бўйлаб кўплаб ташкилотларнинг иш режимига зиён етди. Microsoft дастурий таъминотидаги муаммодан зарар кўрган фойдаланувчиларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум.

Американинг бир неча йирик авиакомпаниялари парвозларни бекор қилишга ёки кечиктиришга мажбур бўлган. Европа ва Австралия авиаташувчилари йўловчиларни рейсларнинг кечиктирилишидан огоҳлантирган. Айрим аэропортларда рейсларнинг номерини доскада маркерлар билан ёзишга тўғри келган.

Британиянинг Sky News телеканали кўрсатувларни тўхтатишга мажбур бўлган. Японияда McDonaldʼs тез таом тайёрлаш ресторанларининг 30 фоизи касса аппаратларида муаммо келиб чиққани учун ёпилган.

Узилиш Исроилдаги ўнлаб шифохоналардаги ахборот тизимларининг ишига таъсир қилган. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги бу муаммо беморлар билан ишлашга таъсир қилмаслигини билдирган.

Дастурий таъминот билан боғлиқ муаммолар тўғрисидаги хабарлар фонида CrowdStrike акциялари 15 фоизга тушиб кетган, Microsoft қимматбаҳо қоғозлари 2 фоизга арзонлашган.

Россия ва Ўзбекистонда узилиш таъсири сезилмаган.

Россияда Microsoft дастурий таъминотидаги узилиш таъсири ҳақида хабарлар чиқмаган. РФ ҳаво транспорти федерал агентлиги (Росавиация) Россиядаги барча аэропортлар ва авиакомпаниялар штатли режимда ишлаётганини қайд этган. Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати ҳам аэропортлар ишида носозлик кузатилаётгани ҳақида хабарлар олинмаганини тасдиқлаган. Узилиш “Россия темирйўллари” информацион тизимига ҳам дахл қилмаган.

Uzbekistan Airports Ўзбекистондаги барча аэродромларда учиш ва қўниш жараёнлари одатдагидек давом этаётганини маълум қилди. Мабодо йўловчиларни рўйхатга олиш жараёнида дастурий носозликлар кузатилса, муқобил рўйхатга олиш тизими таклиф қилиниши билдириб ўтилди.

Бу тарихда Microsoft тизимида кузатилган энг йирик носозликми?

Ҳозирча носозлик оқибатларининг миёқсини баҳолаш жуда қийин. Муаммолар бир неча соат мобайнида кузатилган ва ҳанузгача тўлиқ бартараф этилмаган. Айрим ОАВлар бу узилишни аллақачон тарихдаги энг йирик носозлик деб атамоқда.

CNET журналистларининг қайд этишича, сўнгги марта бундай миқёсдаги носозлик 2021 йилнинг июнида кузатилган. Ўшанда Amazon, Reddit, Spotify, eBay, Twitter, Twitch ва Pinterest каби бир қатор интернет компаниялар ва сервисларнинг ишида муаммо келиб чиққан. Носозликка сабаб қилиб Fastly трафикни оптималлаштириш булутли платформаси инфратузилмасидаги узилиш кўрсатилган эди. Ўшанда муаммо бор-йўғи 45 дақиқа давом этган.

Data Center Knowledge нашрининг ёзишича, сўнгги 10 йил ичида Microsoft Azure булутли платформасида ҳар бири бир неча соат давом этган 14 та йирик носозлик кузатилган. Уларнинг айримлари ташқи таъсирлар, масалан, ноқулай об-ҳаво шароитлари туфайли рўй берган.

Компютерни бундай вазиятда қандай ҳимоялаш мумкин?

Афсуски, тўлиқ ҳимояланишнинг имкони йўқ. Айрим ҳолатларда бошқа операцион тизимга эга компютерлардан фойдаланиш ёрдам бериши мумкин. CrowdStrike раҳбарининг баёнотида носозлик macOS ва Linux фойдаланувчиларига тасир қилмагани айтилган. Муқобил операцион тизимларда ишловчи дублёрлардан фойдаланиш компанияларга бундай ҳолатлар пайдо бўлишидан суғурталаниш имконини беради.

Шунингдек, муаммони автоматик янгиланишларни ўчириб қўйиш билан ҳам бартараф қилиш мумкин. Бу беқарор релизлар ва тизимлар ўртасида назарда тутилмаган зиддиятлар билан боғлиқ муаммоларга дучор бўлмасликни таъминлайди. Нима бўлганда ҳам, янгиланишларни автоматик тарзда эмас, дастурий таъминотнинг тўғри ишлашига ишонч ҳосил қилиб, қўлда ўрнатиш керак.

Мавзуга оид