Жаҳон | 11:48 / 22.07.2024
2086
2 дақиқада ўқилади

Microsoft: Windows ишдан чиқиши 8,5 млн қурилмага таъсир қилди

Windows бошқарувидаги компютерларининг ишдан чиқиши бутун дунёдаги компаниялар ишини тўхтатди. Шов-шувли ҳодисага CrowdStrike антивируси янгиланишидаги хато сабаб бўлган. Ишлаб чиқувчи аллақачон тузатишни тақдим этди.

Фото: AFP / Scanpix

CrowdStrike антивирусини янгилашда хатолик туфайли юзага келган Windows операцион тизимининг кенг миқёсли носозлиги ушбу дастурий таъминот билан ишлайдиган 8,5 миллион қурилмага таъсир қилди. Microsoft бу маълумотларни ўз блогида тақдим этди. Гап Windows операцион тизимида ишлайдиган барча қурилмаларнинг бир фоиздан камроғи ҳақида кетмоқда, деб таъкидлади операцион тизим ишлаб чиқарувчиси.

Дастурий таъминотни янгилаш баъзан компьютерлар билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкин, аммо CrowdStrike маҳсулоти билан боғлиқ юқоридаги воқеа каби йирик ҳодисалар тез-тез содир бўлмайди, дея қайд этди Microsoft. Носозлик кенг IT экотизимидаги ўзаро боғланишлар кўламини кўрсатади ва IT соҳаси иштирокчиларига мавжуд механизмлардан фойдаланган ҳолда хавфсиз жойлаштириш ва авария оқибатларини бартараф этишга устувор аҳамият бериш зарурлигини эслатади, дея қўшимча қилди корпорация.

Windows ишидаги глобал носозлик

19 июн куни кўплаб мамлакатларда Windows 10 операцион тизимидаги глобал носозлик туфайли аэропортлар, вокзаллар, банклар, супермаркетлар, телеканаллар ва давлат идоралари иши тўхтатилди.

CrowdStrike тезда хатони топди ва шу куни ўз маҳсулотига тузатиш киритди. Microsoft носозликдан жабрланган компанияларга ёрдам бериш учун юзлаб дастурчиларни йўналтирди, деди корпоратив хавфсизлик ва операцион тизимлар бўйича вице-президент Дэвид Уэстон.

Германия ҳам жабрланган давлатлар қаторига кирди, бироқ 20 июл ҳолатига кўра, кўплаб соҳалардаги вазият нормал ҳолатга қайтмоқда, деб таъкидлади Ахборот хавфсизлиги федерал бошқармаси (BSI). CrowdStrike янгиланишига хато код қандай кирганлиги ҳали тўлиқ ойдинлаштирилмаган, дея қўшимча қилди идора. BSI вакиллари ушбу масала бўйича антивирус ишлаб чиқарувчиси билан фаол алоқада.

Мавзуга оид