Ўзбекистон | 19:01 / 23.07.2024
8477
3 дақиқада ўқилади

ССВ сохта табиблардан огоҳлантирди

Вазирлик мутахассиси айрим касалликларни даволашда чувалчанг истеъмол қилиш фойдали эканини тарғиб қилувчи видеолавҳалар юзасидан муносабат билдирган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги инсонлар соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдираётган сохта табиблар кўпаяётгани ҳақида огоҳлантирди.

«Замонавий тиббиёт илмий асосланган ва клиник амалиётда ўз тасдиғини топган натижаларга суянса, халқ табобати узоқ йиллик кузатув, синов ва тажриба самараларига таянади. 

Бироқ сўнгги вақтларда тегишли ҳуқуққа эга бўлмасдан, рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш билан шуғулланаётган ҳамда бу орқали инсонлар соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдираётган сохта табиблар кўпаяётгани ачинарли», дейилади хабарда.

Вазирлик қошидаги Республика халқ табобати илмий-амалий маркази директори Жамшид Мирраҳимов турли йўллар билан одамлар ишончига кириб, шундай «хизмат»ларни таклиф қилиб келаётган айрим шахслар ҳақида қуйидагича муносабат билдирди:

«Ижтимоий тармоқлар бу каби шубҳали хизматларни кенг тарғиб қилувчи платформага айланиб қолди, — дейди мутахассис.  — Уларнинг асосий аудиторияси ҳам, мижозлари ҳам асосан оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқароларимиз.

Турли хасталиклардан тез, осон, асоратсиз, муҳими, табиий йўл ва уй шароитида халос бўлишни истаганлар «ғайритабиий қобилиятларга эгалиги»ни иддао қилаётган бундай кимсаларга мурожаат қилиб, алданиб қолишмоқда.

Масалан, яқинда ижтимоий тармоқларда айрим касалликларни даволашда чувалчанг истеъмол қилиш фойдали эканини тарғиб қилувчи видеолавҳалар тарқалди. 

Унда халқ табобати билан шуғулланиш учун тегишли рухсатномага эга бўлмаган «табиб» томонидан одамларни ўз тавсияларига ишонтириш учун тирик ҳолатдаги чувалчангни истеъмол қилиб кўрсатиши акс этган.

Аввало, бундай хатти-ҳаракат санитария ҳолатига зид. Қолаверса, ушбу «даволаш усули» табобатда ҳам, замонавий тиббиётда ҳам асосланмаган.

Видеодаги жонзот ер чувалчанги ёки ёмғир чувалчанги деб аталади. У тупроқдаги ҳар хил паразит ва микроэлементлар билан организмга тушгач, турли хавфли касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Кейинги йилларда давлатимиз томонидан халқ табобати ривожига кенг йўл очилганидан фойдаланиб, шахсий манфаат илинжида сохта тавсиялар билан одамларни алдаш cалбий асоратларни юзага келтиришини эслатиб ўтмоқчимиз.

Шу боис мазкур масала бўйича қонунчиликка алоҳида жавобгарлик киритиш таклиф этилмоқда».

Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистонда 100 та тадбиркорлик субъектига халқ табобати йўналишида фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензиялар берилган.

Мавзуга оид