БМТ раҳбари одамларни иссиқликдан ҳимоя қилиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди
Гутерриш тўртта муҳим йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун шошилинч ва биргаликда ҳаракат қилишга чақирди.
Миллиардлаб одамлар ҳаддан ташқари иссиқлик «эпидемияси» ва ҳарорат 50 даражадан ошиб бораётган ва ўлимга олиб келадиган жазирама тўлқинларига дуч келмоқда. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш баёнот берди.
БМТ раҳбарининг сўзларига кўра, ўтган якшанба, душанба ва сешанба тарихдаги энг иссиқ уч кун бўлган.
Ҳаддан ташқари иссиқлик иқтисодиётларга зарар етказади, тенгсизликни кучайтиради, Барқарор ривожланиш мақсадларига путур етказади ва одамларни ўлдиради. Ер тобора иссиқ ва яшаш учун хавфли жойга айланиб бормоқда. БМТ раҳбарининг ҳисоботида зудлик билан чора кўрилмаса, миллиардлаб одамлар тобора кучайиб бораётган жазирама тўлқинлардан азоб чекишда давом этиши ҳақида огоҳлантирилади.
Бош котибнинг таъкидлашича, ҳаво ҳарорати кўтарилиши билан энг кўп хавф остида бўлганлар орасида ҳомиладор аёллар, ногиронлар ва соғлиғи ёмон аҳволда бўлганлар, қариялар, болалар, қочқинлар ва камбағаллар бор, улар кўпинча кондиционерсиз, сифатсиз уйларда яшайди.
Иссиқлик стресси экстремал об-ҳаво шароитлари билан боғлиқ ўлимнинг асосий сабабидир. 2000 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда ҳар йили иссиқлик туфайли 489 мингга яқин ўлим қайд этилган, уларнинг 45 фоизи Осиёда, 36 фоизи Европада. 2000-2004 ва 2018-2022 йилларда 65 ёшдан ошган одамлар орасида иссиқлик билан боғлиқ ўлимлар тахминан 85 фоизга ошган.
Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) янги маълумотларига кўра, бугунги кунда глобал ишчи кучининг 70 фоиздан ортиғи - 2,4 миллиард киши учун ҳаддан ташқари иссиқлик хавфи юқори.
«Биз иш жойида иссиқлик таъсирида узоқ вақт қолиш оқибатида 22,8 миллион кишида жароҳат, 19 мингга яқин ўлим ва 26 миллиондан ортиқ буйрак касаллиги ҳолатларини аниқладик», деди ХМТ эксперти Балинт Нафради.
2022 йилда иссиқлик таъсири 863 миллиард доллар эквивалентида иш унумдорлиги ва потенциал даромаднинг йўқолишига олиб келган. Бироқ, ХМТ ҳисоб-китобларига кўра, кундузи ҳарорат 34 даражадан ошганда, меҳнат унумдорлиги 50 фоизга камаяди.
БМТ раҳбари тўртта муҳим йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун шошилинч ва биргаликда ҳаракат қилишга чақиради.
Биринчидан, барча мамлакатлар ва жамоалар энг заиф одамларни ҳаддан ташқари иссиқлик таъсиридан ҳимоя қилиши, хавфларни камайтириши ва чидамлиликни ошириши керак. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Бутунжаҳон метеорология ташкилоти (WMO) ҳисоб-китобларига кўра, 57 мамлакатда иссиқликдан огоҳлантириш тизимларини кенгайтириш ҳар йили 100 мингга яқин ҳаётни сақлаб қолиши мумкин.
Кам углеродли совутишни жорий қилиш, пассив совутишни кенгайтириш, масалан, шаҳар дизайни орқали, шунингдек, янада «яшил» ва самаралироқ ечимлар керак, деди Гутерриш. БМТ Атроф-муҳит бўйича дастурининг ҳисоб-китобларига кўра, бу чоралар биргаликда 2050 йилга бориб 3,5 миллиард одамни ҳимоя қилиши мумкин, шу билан бирга зарарли чиқиндиларни камайтириш натижасида йилига 1 триллион доллар тежаш имконини беради, деди БМТ раҳбари.
Иккинчидан, Бош котиб инсон ҳуқуқлари тамойилларига асосланган меҳнатни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш бўйича тегишли чоралар кўриш орқали барча соҳаларда ишчиларни ҳимоя қилишга чақирди. Хусусан, дунёнинг барча минтақаларидаги меҳнаткашлар саломатлиги ва ҳаётини ҳаддан ташқари иссиқлик хавфидан ҳимоя қилиш учун шошилинч чоралар кўриш зарур.
Бундан ташқари, БМТ барча мамлакатлар ва ҳамжамиятларни об-ҳавога чидамлиликни яхшилаш бўйича комплекс ҳаракат режалари, стратегиялари ва ечимларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлайдиган барқарор, кўп тармоқли ва кўп даражали шериклик муносабатларини ўрнатишга чақирди.
Ниҳоят, БМТ раҳбари қазиб олинадиган ёқилғидан қайта тикланадиган энергияга ўтиш ва бу борада инвестицияларни кенгайтириш муҳимлигини яна бир бор таъкидлади. «Париж келишуви»га асосан, 2025 йил бошида ҳар бир мамлакат чиқиндиларни камайтириш бўйича маҳаллий даражадаги янги режаларни тақдим этиши шарт.
Мавзуга оид
13:36 / 08.11.2024
2024 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўлиши кутиляпти
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
18:18 / 06.11.2024
Шаҳарни салқинлатиш учун қанча дарахт керак? Олимлар жавоб берди
17:00 / 05.11.2024