Жаҳон | 08:45 / 29.07.2024
12686
3 дақиқада ўқилади

Путин АҚШнинг Германияда ракета жойлаштиришига жавоб қайтариш билан таҳдид қилди

АҚШнинг юқори аниқликдаги ракеталарини Германияда жойлаштиришга жавобан Россия ўзини қисқа ва ўрта масофага мўлжалланган ракеталарни жойлаштиришга қўйилган мораторийдан озод деб ҳисоблайди, деди Путин Санкт-Петербургдаги Россия ҳарбий-денгиз кучлари парадида.

Фото: kremlin.ru

Агар АҚШнинг юқори аниқликдаги ракета тизимлари Германияда жойлаштирилса, Россия Федерацияси ўзини қисқа ва ўрта масофага учувчи ракеталарни жойлаштиришга мораторийдан озод деб ҳисоблайди. Бу ҳақда 28 июл, якшанба куни Россия ҳарбий-денгиз кучларининг Санкт-Петербургдаги асосий парадида сўзлаган Россия президенти Владимир Путин маълум қилди. Бу, бошқа нарсалар қатори, Россия денгиз флотининг «соҳилбўйи қўшинлари имкониятларини оширишни» англатади, деди Путин.

«Бугунги кунда бир қатор бундай тизимларни ишлаб чиқиш якуний босқичда турибди, биз АҚШ ва унинг Европа ҳамда дунёнинг бошқа минтақаларидаги сателлитлари ҳаракатларини инобатга олган ҳолда уларни жойлаштириш бўйича жавоб чораларини кўрамиз», - дея «Интерфакс» агентлиги Россия президентининг сўзларидан иқтибос келтиради.

Путин таъкидлашича, «Россиянинг муҳим давлат ва ҳарбий назорат объектлари» Германияда жойлаштирилган Америка ракеталари етиб бориш масофасида бўлади. «Келажакда ядро каллаклари билан жиҳозланиши мумкин бўлган ракеталарнинг парвоз вақти тахминан 10 дақиқани ташкил қилади», деди Россия президенти. У вазиятни совуқ уруш даврига қиёслади. 

Шолц: Америка ракеталарини жойлаштириш урушнинг олдини олишга қаратилган

Аввалроқ АҚШ Россияни тийиб туриш ва НАТО ҳамкорларини ҳимоя қилиш мақсадида Европада узоқ масофали ракеталарни жойлаштириши ҳақида хабар берилган эди. 2026 йилдан бошлаб 2500 километргача радиусдаги нишонларга зарба бера оладиган «Томагавк» ракеталари Германияда жойлаштирилади. 

Германия канцлери Олаф Шолцнинг сўзларига кўра, ушбу қуроллар Германияда жойлаштирилиши «уруш олдини олишга хизмат қилади». Американинг узоқ масофали ракеталарини жойлаштиришни тўхтатиш учун Москва нима қилиши кераклиги ҳақидаги саволга у: «Украинадаги урушни тўхтатиш», деб жавоб берди. 

АҚШнинг узоқ масофали ракеталарини Германияда жойлаштиришни Бундестагдаги Христиан-демократик иттифоқ/Христиан ижтимоий иттифоқ фракцияси раҳбари ўринбосари Йоханн Вадефул ҳам маъқуллади. У «бошқа давлатларга, яъни ўзини ҳимоя қила олмайдиганларга» ҳужум қилаётган Россияни муносиб тарзда тийиб туриш зарурлигига эътибор қаратди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид