Жаҳон | 19:29 / 30.07.2024
4384
2 дақиқада ўқилади

Британия қироли Чарлз III нинг кечки овқати Елисей саройининг энг катта харажати бўлди

Буюк Британия қироли Чарлз III нинг Парижга ташрифи вақтида ташкил этилган кечки овқат Елисей саройининг 2023 йилдаги энг йирик харажатларидан бири бўлган, деб хабар беради Politico.

Фото: EPA

Дипломатик ва президент мажбуриятлари, маъмурият, ходимлар, хавфсизлик ва мулкни бошқариш каби йўналишларга оид чиқимларни ўз зиммасига оладиган Елисей саройининг харажатлари 125 миллион еврони ташкил этган, натижада бюджет дефицити 8,4 миллион еврога етган.

Энг йирик харажатлар қаторига Буюк Британия қироли Чарлз III ҳамда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди шарафига ташкил этилган кечки овқатлар киритилган. 

Чарлз III ташрифи муносабати билан француз монархларининг тарихий қароргоҳи — Версалда ташкил этилган базмга 160 нафарга яқин меҳмон таклиф этилганди. Қисқичбақалар ва ноёб винолар каби деликатеслар тортиқ қилинган кечки таом учун Елисей саройи салкам 475 минг евро сарфлаган. Ушбу маблағларнинг 165 минг евродан ортиғи кейтеринг хизматига ва 40 минг евродан зиёди винога ишлатилган.

Сафар режалари ўзгаргани сабаб харажатлар ортиб кетгани алоҳида банд сифатида келтирилган. Шу орқали 830 минг еврога яқин маблағ сарфланган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил сентябрда Британия қироли Чарлз III тахтга ўтирганидан кейин биринчи марта Францияга расмий ташриф билан борган эди. Британия қиролининг 26-29 март кунларига мўлжалланган Францияга ташрифи ўша пайтда мамлакатда кучайган норозилик намойишлари туфайли қолдирилганди.

Мавзуга оид