Ўзбекистон | 16:24 / 30.07.2024
5904
3 дақиқада ўқилади

Қувасойдаги кейтеринг корхонасининг таомномаси белгиланган талабларга жавоб бермайди — ММТВ

Болаларга бериладиган таомларнинг рецептура тўплами, таркиби ва энергетик қиймати белгиланган талабларга тўғри келмаслиги, уларнинг сифатини доимий назорат қилиб бориш бўйича махсус лаборатория жорий қилинмагани аниқланган. Қолаверса, муносабатда бу ташаббус вазирлик билан келишилмаганига ишора қилиниб, тендер ўтказилиши талаб қилинган.

Қувасойдаги кейтеринг корхонаси / Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги 17 та давлат боғчаси янги ташкил этилган кейтеринг корхонасига бириктириб қўйилганига муносабат билдирди.

Вазирлик ўрганишларига кўра, “Garden Catering” корхонаси томонидан таклиф қилинаётган хизматда бир қанча талабларга риоя қилинмаган. Хусусан, таомларнинг рецептура тўплами, таркибий қисми ҳамда энергетик қиймати СанҚваМ 0016-21 талаблари асосида ишлаб чиқилмаган.

Тарбияланувчиларга етказиб бериладиган таомларни ташиш, сақлаш ва истеъмолга берилишига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари бўйича тизимли ишлар белгилаб олинмаган.

Қолаверса, кейтеринг ташкилоти томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланадиган таомлардан олинадиган кунлик синамалар, яъни болаларга бериладиган таомлар сифатини доимий назорат қилиб бориш бўйича махсус лаборатория жорий қилинмагани ҳам аниқланган.

Бундан ташқари, вазирлик вилоят ҳокимлиги қарорига асос қилиб олинган Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 июндаги 407-сонли қарорида ва умуман норматив ҳуқуқий-ҳужжатларда кейтеринг усулида овқатлантириш билан боғлиқ тартиблар белгиланмаганини таъкидлаб, “Xarid.uz” ёки бошқа порталлар орқали шартномалар тузиш бўйича ҳукукий асос мавжуд эмаслигини айтган.

“Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 22 апрелдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни талабларига риоя этилиши шарт. Мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларини соғлом овқатлантириш билан боғлиқ ҳар қандай ташаббус Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда, амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари асосида йўлга қўйилиши лозим деб ҳисоблаймиз”, – дейилади расмий муносабатда.

Аввалроқ Рақобат қўмитаси Қувасойдаги боғчаларга кейтеринг хизматини кўрсатиш ҳуқуқи тендерсиз битта таъминотчига бериб юборилганини қонунга зид деб топиб, вилоят ҳокимлигига бу ҳақдаги қарорни бекор қилиш бўйича кўрсатма берганди.

Ундан аввал эса Kun.uz'да Қувасой шаҳрида боғча болаларини кейтеринг тизими асосида овқатлантириш бўйича республикадаги биринчи корхона иш бошлаши, вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровнинг қарори билан бу корхонага боғчалар тендер ўтказмасдан бириктириб берилгани хабар қилинганди.

Ваҳоланки, тегишли тартибга асосан, давлат боғчаларида аутсорсинг усулида овқатлантириш Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига кўра ташкил этилиши керак.

Мавзуга оид