Ўзбекистон | 20:33 / 30.07.2024
28192
5 дақиқада ўқилади

Қуйи Чирчиқ туман ҳокими ўринбосари жиноий жавобгарликка тортилди

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин қизлар бўлими бошлиғи Фотима Камолова “Аёллар дафтари” жамғармасидаги маблағларни, шунингдек, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш учун ажратилган қурилиш материалларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган. Мазкур жиноят ишида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Камолиддин Усканбаев ва Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Сулеймановлар ҳам тергов қилинган.

Фотима Камолова

Қуйи Чирчиқ туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Фотима Камолова жиноий жавобгарликка тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Фотима Камолова Қуйи Чирчиқ туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи сифатида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўла туриб, жиноят содир этиш йўлига кирган. У Касаба уюшмаси ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган “Шўрданак” ҳажвий театри дастури чиптаси учун ноқонуний тарзда “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 15 млн сўм ажратиб, шартнома тузишга сабабчи бўлган.

Тузилган шартнома асосида ЯТТ ҳисоб рақамига 15 млн сўм пул маблағлари ўтказилган. Ҳоким ўринбосари ушбу пул маблағларини тадбиркор орқали нақдлаштириб, “Шўрданак” ҳажвий театри раҳбарига берган. Камолова бу орқали “Аёллар дафтари” жамғармасидаги пул маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Шунингдек, у Қуйи Чирчиқ туман ҳокимининг тегишли фармойишига асосан “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш учун 90 млн 302 минг сўмга қурилиш моллари харид қилган. 51 млн 274 минг сўмлик қурилиш материалларини тумандаги 16 та маҳаллада яшовчи фуқароларга тарқатган. Ихтиёрида қолган 35 млн 172 минг сўмлик қурилиш материалларини эса растрата йўли билан талон-торож қилиб, давлат манфаатларига анча миқдорда моддий зарар етказган.

Фотима Камолова айбига иқрор бўлиб, шартномани туман ҳокимининг биринчи ўринбосари К.Ускенбаев ва туман ҳокимлигининг бош ҳисобчиси расмийлаштирганини, у манфаатдор бўлмаганини, ҳозирда қилган ишидан пушаймонлигини билдирган ҳамда суддан қонун доирасида енгиллик беришни сўраган.

Суд ҳужжатига кўра, Қуйи Чирчиқ туман прокуратураси терговчиси С.Мирзахмедовнинг 2024 йил 13 апрелдаги жиноят ишининг бир қисмини тугатиш ҳақидаги қарорига асосан Қуйи Чирчиқ туман ҳокими биринчи ўринбосари Камолиддин Усканбаев ва Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Сулейманов ҳамда бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳаракатдан тугатилган.

Суд ҳукми билан Фотима Камолова Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б, г” бандлари (Мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш йўли билан такроран ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 1-қисмида (Мансаб сохтакорлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 8 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Тайинланган асосий жазо шартли ҳисобланиб, 1 йил синов муддати белгиланган.

Камолованинг хулқини назорат қилиш яшаш жойи бўйича Қуйи Чирчиқ туман ИИБ Пробация гуруҳи зиммасига юклатилган. Тайинланган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси ижрога қаратилиб, ҳисобга қўйилган кундан бошлаб ҳисобланиши белгиланган.

Шунингдек, Фотима Камолова томонидан етказилган зарарни қоплаш мақсадида Тошкент вилояти прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамига топширилган 39 млн сўм маблағнинг 35 млн 172 минг сўми Қуйи Чирчиқ туман молия бўлими орқали давлат фойдасига ўтказилган. Қолган 3 млн 827 минг сўми унинг ўзига қайтарилган.

Бундан ташқари, етказилган зарарни қоплаш мақсадида Тошкент вилояти прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамига Камолиддин Усканбаев томонидан топширилган 14 млн сўм ҳамда А.Сулейманов томонидан топширилган 14 млн сўм пул маблағлари Қуйи Чирчиқ туман молия бўлими орқали давлат фойдасига ўтказилган.

Маълумот учун, 41 ёшли Фотима Камолова 2022 йил март ойи охирида Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи этиб тайинланган. Бунгача Қуйи Чирчиқ туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактаби директорининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 

UPD: Ушбу хабар сайтда эълон қилингач, таҳририятга фуқаро Абдулсалом Исматович Сулайманов мурожаат қилиб, 2021-2022 йилларда Ёшлар ишлари агентлиги Қуйи Чирчиқ туман бўлими бошлиғи лавозимида ишлаганини, одамлар хабарда қайд этилган А.Сулаймонов билан адаштиришаётганликларини билдирди. Унинг маълум қилишича, Kun.uz хабарида қайд этилган шахс 2023-2024 йилларда  Ёшлар ишлари агентлиги Қуйи Чирчиқ туман бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Адҳам Сулаймонов бўлади.

Мавзуга оид