Венесуэла Лотин Америкаси элчиларини чиқариб юборяпти
Каракас етти давлатнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига зудлик билан мамлакатни тарк этишни буюрди.
Венесуэла яқинда бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижаларини қоралаган етти Лотин Америкаси давлати элчилари зудлик билан чиқариб юборилишини эълон қилди.
Гап Аргентина, Чили, Коста-Рика, Перу, Панама, Доминикан Республикаси ва Уругвай дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳақида бормоқда.
Венесуэла ҳукумати ўз дипломатларини эслатиб ўтилган давлатлардан чақириб олганини ҳам эълон қилди.
«Венесуэла ўз тақдирини ўзи белгилашга ҳақли. Венесуэла ҳукумати Венесуэланинг тинч-тотув яшашига таҳдид соладиган ҳар қандай ҳаракатларга қарши чиқади. Биз сайлов натижаларини эътиборсиз қолдиришга уриниш бўлган баёнотларни қатъий рад этамиз», — дейилади Боливар республикаси ҳукумати баёнотида.
Аввалроқ Аргентина, Канада, Чили, Коста-Рика, Эквадор, АҚШ, Гватемала, Панама, Парагвай, Перу, Доминикан Республикаси ва Уругвай миссиялари Венесуэладаги сайлов натижаларини кўриб чиқиш учун Америка давлатлари ташкилотининг фавқулодда йиғилишини чақиришни таклиф қилган эди.
Венесуэла Миллий сайлов кенгаши раиси Элвис Аморосонинг айтишича, амалдаги давлат раҳбари Николас Мадуро президентлик сайловларида 44,2 фоиз овозга эга бўлган мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалесни ортда қолдириб, 51,2 фоиз овоз олган.
Николас Мадуро кетма-кет учинчи олти йиллик муддат давомида президентлик қилади.
Мавзуга оид
08:30 / 20.09.2024
Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси “Дўстлик” ордени билан мукофотланди
23:16 / 19.09.2024
Европарламент Мадурони ҳибсга олиш учун ордер берилишини талаб қилди
19:59 / 15.09.2024
Венесуэла АҚШни мамлакатда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўраётганликда айблади
14:32 / 14.09.2024