Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аргентина Украинани қолдириб кетди ва Францияга рақиб бўлди. Футбол олимпиадасида гуруҳ босқичи якунлари
Плей-оффда Осиёдан биргина Япония қолди.
30 июл куни Олимпия ўйинларининг футбол турнирида 3-тур ўйинлари ўтказилди. Испания ва Япония ортидан Франция, АҚШ, Аргентина, Марокаш, Парагвай ва Миср ҳам плей-офф иштирокчиларига айланди.
А гуруҳи
Уй эффекти
Янги Зеландия — Франция 0:3
Голлар: Матета (19), Дуэ (71), Калимуэндо (74).
Янги Зеландия – Полсен, Келли-Ҳилд, Саттон (Шеридан, 78), Биндон, Бокселл, Серман (Ҳердман, 78), Гарбетт, Сингҳ (Жиллион, 90+1), Белл, Уэйн (Кончи, 85), ван Ҳаттум (Бейлисс, 46).
Франция – Нкамбадио, Лукеба (Баде, 78), Матсима, Магасса, Шерки (Олисе, 65), Локо, Лепенан, Диуф, Дуэ (Шотар, 78), Калимуэндо, Матета (Аклиуш, 66).
Огоҳлантириш: Келли-Ҳилд (63).
АҚШ — Гвинея 3:0
Голлар: Михайлович (14), Паредес (31, 75).
АҚШ – Шулте, Толкин, Робинсон, Циммерман, Ҳарриэл, Диц (Атенсио, 52), Михайлович (Макглинн, 52), Тессманн, Ааронсон (Магуайр, 66), Паредес (Уайли, 78), Йоу (Бут, 66).
Гвинея – Силла (Кейта, 46), Кейта, Сума, Сиссе (Уларе, 28), Диавара (Камара, 63), Туре, Диалло (Камара, 85), Балде, Мориба, Ба (Камара, 63), Камара.
Огоҳлантиришлар: Диц (36), Камара (38).
Франция кутилганидек Янги Зеландияга қарши ўйинда ҳеч қандай муаммога учрамади. Тиерри Анри ҳам рақиб даражасидан келиб чиққан ҳолда плей-офф олдидан асосий футболчиларига дам берди. Лекин «Учранглилар»нинг захира таркиби ҳам асосийсидан қолишмайди. Биринчи гол шу куни ўта фаол бўлган Шерки ва қайтган тўпга етиб келган Матетанинг саъй-ҳаракатлари билан урилди. Шундан кейин янги зеландияликлар анча вақтгача дош бериб туришди, турнир мезбонлари иккинчи бўлимнинг иккинчи қисмида ҳам юқори жисмоний тайёргарликка эгалигини намойиш этиб, ўйинни кучайтирди. Рақиб шунчаки тезлик бобида французларга ета олмади, уч дақиқа ичида Дуэ ва Калимуэндо-Муинга ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
Франция 1996 йилдан буён илк бор Олимпиада плей-оффига чиқди ва чемпионликка асосий даъвогарлардан бири эканини исботлади. Французлар ўз тарихида тўртинчи бор йирик уй турнирида гуруҳ босқичини юз фоизлик натижа билан якунламоқда. Бунгача французлар мезбон сифатида Евро-1984, ЖЧ-1998 ва 2003 йилги Конфедерациялар кубогида буни уддалашган.
Гуруҳдан иккинчи ўрин билан АҚШ олимпиячилари чиқишди. Америкаликлар ўтган турдаги французлардан фарқли ўлароқ Гвинея ўз ўйинини кўрсатишига имкон қолдирмади. Жарима зарбасини ажойиб тарзда ижро этган Михайлович тезкор гол урди. Кейин Аронсон Паредесни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборди, «Волфсбург» яримҳимоячиси иккинчи бўлимда дублни расмийлаштириб, океан орти вакилларининг турнирдаги иккинчи йирик ғалабасига ҳисса қўшди.

В гуруҳи
Марокашликлар кучи
Марокаш – Ироқ – 3:0
Голлар: 1:0 – 19 Ричардсон, 2:0 – 28 Раҳими, 3:0 – 36 Эззалзули.
Марокаш – Муҳаммади, Ал-Ваҳди, Букамир, Ҳакими, Ал-Аззузий (Таҳиф, 85), Ал-Ҳаннус, Таргаллин (Кешта, 62), Ричардсон (Бушуари, 62), Эззалзули, Аҳомаш (Бен-Сегир, 67), Раҳими (Маухуб, 61).
Ироқ – Ҳасан, Макнази, Натик, Амер, Садун (Али, 79), Муҳаммад (Ал-Имом, 46), Муҳаммад, Саад (Ясим, 32), Баеш, Амин (Муҳаммад, 31), Ҳуссейн.
Огоҳлантиришлар: Муҳаммад (9), Макнази (30).
Украина – Аргентина – 0:2
Голлар: 0:1 – 47 Алмада, 0:2 – 90+1 Эчеверри.
Украина – Фесюн, Мартинюк (Сич, 68), Батагов, Таловеров, Крупский, Брагару (Очеретко, 59), Михайленко (Федор, 59), Рубчинский, Хлан (Велетен, 78), Крискив, Сикан (Краснопир, 59).
Аргентина – Рули, Солер (Амионе, 67), Отаменди, Ди Чезаре, Лухан, Алмада (Эчеверри, 81), Фернандес (Сенон, 68), Медина, Симеоне, Алварес (Белтран, 81), Гондоу (Эссе, 59).
Огоҳлантиришлар: Рубчинский (53), Велетен (82).
Бу гуруҳда якуний тур олдидан барча жамоаларда учтадан очко бор эди, плей-офф йўлланмаларидан бири анча тез ҳал бўлди. Марокашликлар Ироқ мудофаасини биринчи бўлимдаёқ пароканда қилиб юборди. «Атлас шерлари»нинг тўрт гол билан энг яхши тўпурари бўлиб турган Раҳимий ҳисобни 2:0 кўринишига келтиргач, ироқликлар таваккал қилиб тўлиқ куч билан олдинга ташланишди. Бу иш бериши ҳам мумкин эди, аммо дарвозабон турнирдаги бошқа бир тўпурар — Аймен Ҳуссайнга гол уришга имкон бермади. Ва жавоб ҳужумида «Барселона» тарбияланувчиси Аззалзулий марказга кўчиб, тўпни олис бурчакка чиройли услубда жойлаштирди.
Ниццада ҳисоб 3:0 бўлгач, бутун эътиборни Аргентина ва Украина ўйинига қаратса ҳам бўлаверарди. Бу ўйинда биринчи бўлим охирларига келиб украинлар ҳужумга ўта бошлади ва Ҳавиер Маскерано шогирдларида рақибни қарши ҳужумларда жазолаш имкони пайдо бўлди. Ҳулиан Алварес гол уриши мумкин эди, дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борган Гондоу ҳам имкониятдан фойдалана олмади, аммо ўз вазиятларини кўкка совурган оқ-ҳаворангларнинг ўзи гол ўтказиб юборишига бир бахя қолди. Танаффус эса Аргентина фойдасига хизмат қилди. Алмада майдон марказида тўпни эгаллаб олиб, уни рақиб жарима майдонига қадар олиб борди ва чиройли зарба билан бурчакни аниқ нишонга олди.
Аргентиналикларнинг яна икки қаҳрамони — Ди Чезаре ва Отаменди жарима майдони ташқарисидан йўлланган хавфли зарбаларни тўсиб қолишди. Биринчи ҳолатда дарвозабон Рули бошқа томонга сакраб бўлганди. Украинадан нима бўлганда ҳам икки гол уриш талаб этиларди. Лекин улар битта ҳам гол ура олмади, қўшимча дақиқаларда эса Сеноннинг зарбасидан кейин қайтган тўпга етиб келган Эчеверри якуний ҳисобни ўрнатди. Аммо «Манчестер Сити» аъзосига айланган вундеркинднинг голи гуруҳда пешқадамлик қилиш учун етарли бўлмади. Тўплар нисбати тенг келган ҳолатда Марокаш ўзаро учрашувдаги ғалаба туфайли гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқди. Аргентина чоракфиналдаёқ Францияга қарши ўйнашига тўғри келади.

C гуруҳи
Файзуллаев ва Шомуродов ўйинни ўзгартирди
Доминикана Республикаси – Ўзбекистон – 1:1
Голлар: Рафаэл Нунес 51 пен., - Алишер Одилов, 58.
Доминикана: Валдес, Пуйол, Урбаез (Лемер, 81), де Лукас, де Леон (Марзиан, 46), де Ока, Моршел, Нунес, Лоренцо, Федерико (Мангас, 67), Уреня (Баез, 46)
Ўзбекистон: Назаров, Мирсаидов, Ҳусанов, Ҳамралиев, Жиянов (Жалолиддинов, 57), Норчаев (Шомуродов, 57), Абдираҳматов, Раҳмоналиев, Бўриев, Ибрагимов (Файзуллаев, 57), Одилов (Холматов, 83).
Огоҳлантиришлар: Ҳусанов (25), де Лукас (55).
Испания – Миср 1:2
Голлар: 0:1 – 40 Одил, 0:2 – 62 Одил, 1:2 – 90 Омородион.
Испания – Итурбе, Гутеррес (Миранда, 68), Пачеко, Москера, Пубил (Санчес, 46), Туррентес (Барриос, 63), Бернабе (Лопес, 63), Орос (Гомес, 46), Камело, Лопес, Омородион.
Миср – Ала, Ал Дебес (Сабер, 46), Абдулмажид, Файед (Тарек, 70), Эйд (Камал, 90+7), Кока, Эл-Ненни, Шеҳата (Отто, 81), Одил, Зизо, Фейсал (Мажар, 81).
Огоҳлантириш: Эйд (6).
Бу гуруҳда учинчи гуруҳ олдидан барчаси оддий эди. Турнирни давом эттириш учун фақат назарий жиҳатдан имконият сақлаб қолган Доминикана Ўзбекистонни икки тўп фарқи билан енгиши талаб этиларди. Шу билан бирга, чоракфинал йўлланмасини ўзи учун кафолатлаб бўлган ва таркибда ротация уюштирган Испания Мисрни енгиши керак эди. Аммо «фиръавнлар» жамоаси танаффусга ғолиб ҳолда йўл олди. Биринчи бўлимда уларнинг омади ҳам келди, Диего Лопес зарба берган эпизодда тўп устунга тегди, аммо африкаликларнинг ҳар бир қарши ҳужуми хавфли тус олди. Шундай ҳужумлардан бирида жамоа сафидаги тажрибали футболчилардан бири Зизо узоқдан етказиб берилган тўпни тўхтатиб олди ва Гутерресни ортда қолдириб, жарима майдони яқинида тўпни Одилга етказиб берди, у эса кучли зарба билан ҳисобни очди.
Ўз навбатида, ўйинни тетик бошлаган ва бир неча вазиятлар яратган Доминикана танаффус арафасида чарчаб қолди. Ўзбекистонликлар сафида Жияновнинг зарбаси тўсиндан қайтди, Одилов дарвозабонни алдаб ўтганида ҳимоячи қутқарди, навбатдаги яккама-якка вазиятда дарвозабон сейв ижро этди. Ҳолбуки Ўзбекистон олимпиячилари гуруҳдан чиқиш имконияти қолмаганидан кейин таркибда ротация қилган ва Шомуродов, Файзуллаев, Жалолиддинов каби етакчилар захира ўриндиғида қолган, Ўрунов заявкага ҳам киритилмаганди. Ўзбекистон пеналтидан гол ўтказиб юборгач, жамоа етакчилари майдонга тушиб келди ва бир дақиқа ўтиб ҳисоб тенглашди. Шомуродов Файзуллаевнинг узатмасини бир тегинишда жарима майдонига ўтказди ва Одилов тўпни дарвоза бурчагига жойлади. Ўзбекистонда муваффақиятни ривожлантириш учун имкониятлар бўлди, аммо бошқа гол ура олмади, қўшимча дақиқаларда эса дарвоза устуни мағлубиятдан сақлаб қолди.
Испания эса танаффусда иккиталик ўзгариш қилиб, иккинчи ўринда қолишни истамаслигини кўрсатди. Аниқроғи — финалгача Франция билан йўллари кесишмаслигига эришишга уринмади. Аммо Саму Омородион дарвозабон ҳудудида туриб тўпни тўрга йўналтира олмади, Серхио Гомеснинг зарбасидан кейин ҳимоячи тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатиб қолди, Пачеконинг қўпол хатоси эса Одилга иккинчи голни совға қилди. Омородионнинг голи эса жуда кеч урилди. Миср 2016 йилги Олимпиадада Бразилия билан чемпион бўлган Рожерио Микалени мураббийликка танлаб, хато қилмагани маълум бўлди. Биринчи ўрин билан чиққан жамоа энди плей-оффда Парагвай билан ўйнайди.

D гуруҳи
Идеал Япония
Исроил — Япония 0:1
Гол: Ҳосоя (90+1).
Исроил – Нирон, Ревиво, Голдберг, Лемкин, Фейнголд, Азулай (Йона, 69), Шаҳар (Преда, 46), Глуҳ, Ганделман (Давида, 84), Абада, Мэдмон (Тургеман, 46).
Япония – Кокубо, Утино, Кимура, Судзуки, Нисио, Кавасаки (Фудзита, 79), Ямамото (Уенака, 46), Сато, Араки (Ҳосоя, 79), Ямада (Мито, 61), Фудзио.
Огоҳлантиришлар: Шахар (16), Фейнголд (72).
Парагвай — Мали 1:0
Гол: Фернандес (5).
Парагвай – Фернандес, Ривас, де Хесус, Балбуэна, Нунес, Гомес (Парсаюк, 88), Гомес, Кантеро, Энсисо (Флорес, 82), Фернандес (Кабаллеро, 88), Перес (Кардосо Лусена, 70).
Мали – Диарра, Дукуре, Тункара, Сиссе, Диоманде, Траоре, Диаките (Диалло, 78), Сако, Гидду (Самаке, 46), Диарра (Диарра, 32), Думбия.
Огоҳлантиришлар: Перес (38), Гомес (45+7), Фернандес (58), Кардосо Лусена (71), Фернандес (90+11), Кабалеро (90+12), Дукуре (90+12), Думбия (90+8), Сиссе (90+8).
Парагвай биринчи турда камчилик бўлиб қолиб, Япониядан бешта гол қабул қилиб олганди. Аммо бош мураббий Карлос Ҳара Сагер ваъда қилганидек, қизил-оқлар ўрнидан тура олди ва бу жамоа саралаш турнирида Аргентинани ҳам, олдинги икки Олимпиадада ғолиб бўлган Бразилияни ҳам ортда қолдиргани тасодиф эмаслигини намойиш этди. Исроилга қарши ёрқин, шу билан бирга асабий кечган ўйинда жамоа ҳужумкорлик салоҳиятини намойиш этди. Мали билан ўйинда эса жамоа тезкор гол билан ҳисобни очиб, шу ҳисобни сақлаб қолиш учун ўйнади.
Лекин иккинчи бўлимда бир қанча хавотирли вазиятлар кузатилди. Масалан, «Интер Майами» яримҳимоячиси Гомес иккинчи сариқ карточкани олиши мумкин эди. Умуман, ўйин давомида жанубий америкаликларга 6 та сариқ карточка кўрсатилди, ушбу жамоа гуруҳ босқичида энг кўп огоҳлантирилган жамоа (14) бўлди. Балбуэна бошчилигидаги ҳимоячилар ҳам бир неча ҳужумни ўтказиб юборишди, аммо дарвозабон Роберто Фернандес шу куни ишончли ҳаракат қилди. Унинг адаши Марсело эса майдоннинг нариги томонидаги жарима майдонида энг фаол футболчи бўлди. Исроилликларга қарши ўйинда дубл қайд этган вингер бу ўйин тақдирини ҳал қилган голга ҳам муаллифлик қилди.
Испанияга эса гуруҳни юз фоизлик натижа билан якунлаган Япония рақиб бўладиган бўлди. Лекин бу осиёликларнинг турнирда қолган ягона вакили осон рақиб бўлмайди. Тезкор, ўйин услубини қуриб олган, вертикал футбол намойиш этадиган ушбу жамоа футболчиларида жисмоний ҳолат ҳам аъло даражада. «Кўк самурайлар» учта ўйинда ҳам 80-дақиқадан кейин гол уришди ва икки марта бу голлар ғалаба голлари бўлди. Олти йил муқаддам «Кашима Антлерс» билан Осиё Чемпионлар лигасида ғолиб бўлган Го Оиве кейинги йилларда Япониянинг турли ёш тоифасидаги жамоаларида ишлаб чиқди — ўтган йили U-23 тоифасида Осиё кубогида ғолиб бўлди.

2 август куни чоракфинал ўйинлари доирасида қуйидаги жуфтликлар тўқнашади:
Марокаш — АҚШ (18:00)
Япония — Испания (20:00)
Миср — Парагвай (22:00)
Франция — Аргентина (00:00)
Мавзуга оид
20:33 / 13.01.2025
Париж Олимпиадасининг кўплаб медаллари нуқсонли бўлиб чиқди
18:15 / 13.09.2024
Ўзбекистон Паралимпия ҳаракатининг олтин авлодисиз – Шавкат Мирзиёев
21:04 / 07.09.2024
Хитой қаторасига олтинчи марта Паралимпия ўйинларида ғалаба қозонди
14:53 / 06.09.2024