Спорт | 13:06 / 31.07.2024
22596
9 дақиқада ўқилади

Олимпиаданинг 4-куни: чўкиб кетишига сал қолган сёрфингчи ва физика қонунларини инкор этувчи сурат

Париждаги Олимпия ўйинларининг навбатдаги куни ҳам бир қанча сенсация ва воқеалар билан ёдда қоладиган бўлди. Сешанба куни ташкилотчилар тарихда илк бор триатлон ўрнига дуатлон ўтказишга тўғри келиши мумкинлигини маълум қилишди. Таитида австралиялик сёрфингчи чўкиб кетишига бир бахя қолди, ва ўша ерда Ўйинларнинг энг яхши сурати ҳам олинди. Гватемала мамлакат тарихидаги иккинчи олимпия медалини қўлга киритди — халқ байрам қилишни бошлади.

Сешанба куни сузиш, дзюдо, ўқ отиш ва стол теннисида медаллар шодаси ўйналди.

Британиялик Натан Ҳейлс стендда ўқ отиш бўйича олтин медал олди. Финалда у 48 очко жамғарди ва Олимпия ўйинларининг янги рекордини ўрнатди. Иккинчи ўринни хитойлик Ци Ин эгаллади (44 очко), бронза — гватемалалик Жан-Пиер Бролга насиб этди (35 очко).

Гватемала учун бу мамлакат тарихидаги иккинчи олимпия медали бўлди. Биринчиси — кумушни — 2012 йил Лондонда 20 км масофага спортча юриш баҳсларида Эрик Баррондо қўлга киритган.

Брол ўқ отишни якунлаганида Гватемалада тун эди, аммо дарҳол ижтимоий тармоқларда тонг отгач, мамлакат бу воқеани нишонлаши ҳақида потслар пайдо бўлди.

Олимпия бассейнида Covid-19

Бу Олимпия сузиш ҳавзасида ниҳоятда қизғин кун бўлди, бу ерда эркаклар ва аёллар ўртасидаги медаллар учун баҳслар ва эстафетадан ташқари турли масофалар ва турли услубларда сузиш бўйича муҳим саралаш мусобақалари ҳам ўтказилди.

Парижда сешанба кунги ҳарорат +30 эди, шу туфайли La Defence аренасига келган мухлисларнинг икки карра омади келди.

Кутилганидек, кўплаб йўналишларда америкаликлар ва австралияликлар етакчилик қилишди.

Олимпия объектларига Covid-19 қайтиши эса кутилмаган ҳол эди, австралиялик сузувчи Лани Паллистер коронавирусга топширган тест мусбат натижа кўрсатди ва у 1500 метр масофага эркин сузиш бўйича баҳсларда қатнашмайдиган бўлди.

Ҳозирда у Олимпия қишлоғида иҳоталанмоқда ва бир неча кундан кейин эркин сузиш бўйича 4×200 метрга эстафета баҳсларида иштирок этишдан умид қилмоқда.

Бу сузувчилар орасидаги иккинчи ковид ҳолатидир, якшанба куни британиялик Адам Питида вирус аниқланганди, у ўша куни 100 метрга брасс усулида сузиш бўйича кумуш медал қўлга киритишга улгурганди.

Спорт гимнастикаси: АҚШга рақобатчи йўқ

Тўрт карра олимпия чемпиони Симона Байлз сешанба куни фаолиятидаги бешинчи олимпия олтин медалини қўлга киритган ҳолда спорт гимнастикаси бўйича АҚШ жамоасига ғалаба келтирди.

Токиода жамоавий турнир финалида ўзини ёмон ҳис қилгани учун иштирокини тўхтатганидан уч йил ўтиб (ўшанда АҚШ Россиядан кейинги иккинчи ўрин билан кифояланишига тўғри келганди), Байлз ва дугоналари ишни охиригача етказиб, Италия ва Бразилияни ортда қолдирган ҳолда биринчи бўлишди.

АҚШ барча тўрт снаряд бўйича максимал балл тўплади (жами 171,296 балл) ва иккинчи ўриндаги Италияни 5,802 баллга ортда қолдирди.

Италия 1928 йилда ҳам кумуш олганди, аммо жамоанинг замонавий даврдаги энг яхши натижаси Токиодаги тўртинчи ўрин бўлганди.

Токиода таяниб сакраш бўйича олтин медал олган Ребека Андраде бошчилигидаги бразиллар жамоаси учун бу илк жамоавий олимпия медали бўлди.

Стол тенниси: ХХР КХДРга қарши

Стол тенниснинг аралаш жуфтлик баҳсларида биринчи ўрин учун кечган ўйин ҳам эътиборга молик эди. Унда хитойликларнинг Ван Чуцин/Сун Ингша дуэти КХДРдан келган Ри Йонг Сик ва Ким Юн Йонг жуфтлигига қарши чиқди.

Хитойликлар яққол фаворит эди ва ўйиннинг биринчи қисмида устунлик қилишди.

Шарҳловчилар ўйин вақтида шимолий кореяликлар ёрқин ўйин намойиш этаётгани, аммо халқаро мусобақаларда мунтазам иштирок эта олмайдиган спортчиларда стол теннисининг элита вакилларига қарши туриш учун тажриба етишмаётганини таъкидлашди.

Ри Йонг Сик ва Ким Юн Йонг эса бу сўзларни эшитгандек, учрашувнинг иккинчи қисмида ўйинни кучайтиришди ва хитойликларни олтиндан маҳрум этишларига сал қолди.

Якунда шимолий кореяликлар барибир ютқазишди, аммо кўп йиллар мобайнида илк бор мухлислар ХХРнинг стол теннисдаги гегемонлигини бой бериши мумкинлигига гувоҳ бўлишди.

Аралаш жуфтлик баҳсларида бронза медал Жанубий Корея вакилларига насиб этди. Жанублик теннисчи эса шоҳсупада шимолликлар билан селфи олди.

Ифлос Сена ва дуатлон шарпаси

Триатлон бўйича мусобақа жадвалида жиддий бузилиш рўй берди. Олимпиядаги бу дастур уч босқичдан иборат — сузиш, велопойга ва югуриш.

Якшанба ва душанба кунлари триатлончилар сузиш бўйича машғулотларни ўтказа олишмади: Сена дарёсидаги сув ифлосланганлик даражаси юқорилиги туфайли машғулотлар бекор қилинди.

Дарёни тозалаш ишлари учун 1,4 миллиард евро сарфланган, Ўйинлар бошланишига бир ҳафта қолганида Париж мэри унинг тозалигини намойиш этиш учун сувга тушиб, чўмилганди.

Аммо ташкилотчилар қўллаган шошилинч чоралар ёрдам бермади ва сешанба куни эркаклар ўртасида ўтказилиши керак бўлган индивидуал мусобақалар чоршанбага кўчирилди.

Чоршанба кунига аёллар ўртасидаги индивидуал баҳслар ҳам белгиланган, бу эса триатлончилар графигини ҳаддан ташқари тиғизлаштиради. Шу билан бирга, сувнинг чоршанба кунидаги ҳолати ҳам спортчиларга медаллар учун курашишга киришиш имконини бериши кафолатланмаган.

Ташкилотчилар икки мусобақани (эркаклар ва аёллар ўртасидаги) ўтказиш учун энг охирги муддат сифатида — 2 август кунини белгилашган. Агар ўша вақтгача ҳам сузиш босқичини ўтказишнинг имкони бўлмаса, ташкилотчилар фавқулодда йўл тутиб, Ўйинлар тарихида илк марта триатлонни дуатлонга қисқартириши (велопойга + югуриш) мумкин.

Халқаро триатлон федерацияси, Халқаро олимпия қўмитаси, 2024 йилги ўйинлар ташкилий қўмитаси, Париж мэрияси ва тиббиёт ходимлари мунтазам равишда Сенадаги сув сифатини назорат қилиб бормоқда

Фожиага бир қадам қолди

Француз Полинезиясидаги Таити оролида ўтказилаётган сёрфинг бўйича олимпия турнирининг учинчи раундида фожиа рўй беришига бир бахя қолди: Австралиядан бўлган сёрфер Жек Робинсон чўкиб кетаёзди.

«Мен сув тубига тушиб қолдим ва суза олмасдим», — дея ҳикоя қилади австралиялик спортчи ҳамда бу вақтда ўзига ҳаво етишмагани ва вақти кам қолаётганини тушуниб турганини қўшимча қилган.

Гидроцикллардаги қутқарувчилар Робинсонни олиб чиқиш учун отланишган.

Бу ҳодиса австралияликка энг яхши натижани қайд этиш ва кейинги раундга ўтишга тўсқинлик қилмаган.

Орзулардаги кадр

Jerome Brouillet / AFP / Scanpix / LETA

Кўплаб экспертлар фикрича, 2024 йилги Олимпия ўйинларида спорт фотографияси тарихидаги энг яхши суратлардан бири олинди.

AFP фотографи Жером Бруйе бразилиялик сёрфер Габриэл Мединани иштирокини якунлаётганида тўлқин остидан чиқиши ҳолатида «ушлаган».

«Ҳар бир фотограф бундай лаҳзани кутади. Сен ҳозир нимадир бўлишини аниқ биласан, аммо энг қийини — у айнан қачон ўгирилишини топиш. Баъзида у [Медина] қандайдир акробатик трюк амалга оширади ва бу сафар ҳам у шундай қилди ва мен тугмани босдим», — дейди Бруйе.

Эътиборли томони, фото қаҳрамони Габриэл Медина бу чиқиши билан ҳакамлардан 10 баллик имкониятдан 9,90 балл олди — бу олимпия ўйинлари тарихида сёрфингдаги энг юқори кўрсаткич. У 1/8 финалда япониялик Каноа Игарасидан устун келди ва чоракфиналга ўтди. Бразилияликнинг сўзларига кўра, Олимпиада вақтида бундай кучли ва баланд тўлқинлар ҳосил бўлиши – том маънода орзунинг ушалишидир, чунки бундай ҳолатлар камдан кам кузатилади. Медина – уч карра жаҳон чемпиони ва сайёранинг энг кучли сёрферларидан бири. Унинг лақаблари кўп, аммо улардан бири мазкур кадрларга мос – Феномен.

Ва агар ташкилотчилар сёрфинг бўйича турнирни Францияга тегишли бўлган, аммо Париждан 16 минг километр масофадаги Таитида ўтказиш борасида қарорга келмаганида, бундай фотосуратлар ҳам бўлмасди.

Фото: olympics.com

Тожикистонда илк медал

Эркаклар ўртасидаги дзюдо баҳсларида -81 кг вазн тоифасида Сомон Маҳмадбеков бронза медалига эга чиқди.

Сомон Маҳмадбеков биринчи раунддан курашсиз ўтди, кейин фаластинлик Фарес Бадавийни мағлуб этди, учинчи босқичда Нидерландия вакили Франк Де Витдан устун келди. Чоракфиналда тожикистонлик спортчи гуржистонлик Тато Григалашвилига ютқазди ва бронза учун ўтиш баҳсларида қатнашадиган бўлди. У бу босқичда Ўзбекистон вакили Шарофиддин Болтабоевдан устун келди, медал учун баҳсда италиялик Антонио Эспозитони енгди.

У ўз медалини мамлакат раҳбари ва тожик халқига бағишлашини айтган. «Миллат етакчиси Имомали Раҳмон ва Душанбе шаҳри раҳбари Рустам Имомалига ёшларимизни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдираман. Айнан шундай қўллов туфайли мен Олимпиадада медал олишга эришдим», — деган дзюдочи.

Фото: Reuters

Сомон бу унинг болалик орзуси бўлгани ва энди унга етишганини таъкидлаган.

Тўртинчи кунда дзюдо яна бир олтин медал қўлга киритган Япония биринчи ўринда қолди (7+2+4). АҚШ медаллар сони бўйича етакчилик қилмоқда (26), аммо шундан фақат тўрттаси олтин.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид