Жаҳон | 10:04 / 01.08.2024
3266
3 дақиқада ўқилади

Россия стратегик бўлмаган ядровий кучлар машқларининг учинчи босқичини бошлади

Жанубий ва Марказий ҳарбий округларнинг ракета тузилмалари билан боғлиқ босқич тактик ядро қуролидан жанговар фойдаланиш учун бўлинмаларни тайёрлаш масалаларини ишлаб чиқишга мўлжалланган, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Россия ҳарбийлари стратегик бўлмаган ядровий кучлар машқларининг учинчи босқичи бошланганини эълон қилди, унда улар бўлинмаларни тактик ядро қуролидан жанговар фойдаланишга тайёрлаш масалалари ишлаб чиқилади. «Россия Федерацияси президентининг қарорига мувофиқ, стратегик бўлмаган ядровий кучлар машқлари учинчи босқичи бошланди», — дея маълум қилди 31 июл, чоршанба куни Россия Мудофаа вазирлиги.

Унга кўра, ушбу босқичда Жанубий ва Марказий ҳарбий округларнинг ракета қўшинлари томонидан «Искандар-М» тезкор-тактик ракета комплекслари учун махсус ўқув ўқ-дориларини олиш, улар билан ракеталарни жиҳозлаш ва яширинча олдинга силжиш бўйича жанговар тайёргарлик вазифалари ишлаб чиқилади. 

«Машғулотларда иштирок этаётган Ҳаво-космик кучларнинг авиация бўлинмалари шахсий таркиби махсус жанговар бўлинмалар билан машқ қилади ва белгиланган патрул ҳудудларига учади», — дея «Интерфакс» Россия Мудофаа вазирлиги баёнотини келтирган.

Дастлабки икки босқичда машқлар Жанубий ва Ленинград ҳарбий округларига тегишли эди

Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, аввалроқ стратегик бўлмаган ядровий кучлар машқларининг биринчи ва иккинчи босқичлари доирасида Жанубий ва Ленинград ҳарбий округлари бўлинмаларини, шунингдек, ҳаво-космик кучлар ва ҳарбий-денгиз флоти бўлинмаларини стратегик бўлмаган ядро қуролларидан жанговар фойдаланишга тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.

Россия кенг кўламли денгиз машқларини ҳам бошлади

Россия Арктика, Болтиқ ва Каспий денгизлари ҳамда Тинч океанида кенг кўламли ҳарбий-денгиз машқларини бошлади. «Россия ҳарбий-денгиз кучларининг бирлашмалари ва тузилмалари Шимолий, Тинч океани ва Болтиқ флотларининг операцион зоналарида, шунингдек, Каспий флотилияси масъулияти зонасида режалаштирилган машғулотларни ўтказишни бошладилар», деб хабар қилди 30 июл куни Россия Мудофаа вазирлиги Telegram’да.

Маневрларда 300 га яқин кемалар, катерлар, сувости кемалари ва ёрдамчи кемалар, 50 тагача учиш аппарати, 200 дан ортиқ ҳарбий ва махсус техника, шунингдек, 20 мингдан ортиқ ҳарбий ва фуқаролик ходимлари иштирок этмоқда, дейилади хабарда. 

Кўп кунлик ўқув машғулотлари мақсади денгиз флотининг «ҳарбий қўмондонлик ва назорат органлари ҳаракатларини синовдан ўтказиш» ва «кемалар экипажлари, денгиз авиацияси бўлинмалари ва Россия денгиз флоти қирғоқ қўшинлари ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга тайёрлигини текшириш». Маневрлар давомида 300 дан ортиқ «қуроллардан амалий фойдаланиш билан жанговар машқлар» ўтказилиши кутилмоқда. Гап бошқа нарсалар қаторида зенит-ракета ва артиллериядан денгиз ва ҳаводаги нишонларни отиш ҳақида бормоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид