Фан-техника | 20:50 / 02.08.2024
3770
2 дақиқада ўқилади

Intel компанияси 15 мингга яқин ходимини ишдан бўшатади

Микросхемалар ишлаб чиқарувчисининг акциялари қиймати мазкур янгилик фонида 20 фоизга тушиб кетди.

Фото: Habr

Американинг микросхемалар ишлаб чиқарувчи Intel компанияси ўз бизнесини жонлантириш ва рақобатчиларига етиб олиш мақсадида 15 мингдан ортиқ ишчисини қисқартирмоқчи эканини маълум қилди. Ушбу янгиликлар фонида компания акциялари қиймати 20 фоизга тушиб кетди.

Компания 2024 молиявий йилнинг тўртинчи чорагида дивидендлар тўламаслигини ва бутун йилга мўлжалланган капитал харажатларини 20 фоиздан ортиққа қисқартиришини эълон қилди.

Компания бош директори Пэт Хелсингерга кўра, Intel’нинг зарарга киришига сунъий интеллект юкламаларни камайтиришга ёрдам берадиган Ultra PS чипларини ишлаб чиқаришни тезлаштириш борасидаги қарорга боғлиқ. Шунингдек, у компания Intel 4 ҳамда 3 чипларини ишлаб чиқариш Орегондаги заводдан Ирландиядаги заводда кўчиришни тезлаштиришга қарор қилганини, бу эса қисқа истиқболда кўплаб харажатларни юзага келтирганини билдирди.

Компьютерлар учун чиплар ишлаб чиқарувчи Intel Client Computing гуруҳи 7,41 миллиард доллар даромад келтирган, бу StreetAccount таҳлилчилари прогнозидан 9 фоизга кўп. Маълумотларни қайта ишлаш ва сунъий интеллект маркази бўлинмаси 3,05 миллиард доллар даромад кўрди — бу таҳлилчилар прогнозидан 3 фоизга кам.

Компаниянинг 15 мингга яқин ходими жорий йил давомида ишдан бўшатилади. Бош директор компания ўз харажатлари тузилмасини Intel’нинг янги операцион моделига мослаштириши ва иш услубини тубдан ўзгартириши кераклигини айтди. Бундан ташқари, Intel «сунъий интеллект каби кучли тенденциялардан» ҳали фойда кўрмади.

«Ҳар иккала муаммони ҳал этиш учун биздан янада дадил ҳаракатлар талаб этилади, айниқса, молиявий натижаларимиз ва 2024 йилнинг иккинчи ярмидаги прогнозларимизни ҳисобга олганда», — дейди Хелсингер.

Унинг қўшимча қилишича, компания тез орада ишчилар учун кенгайтирилган пенсия ва ихтиёрий ишдан бўшатиш дастурини таклиф қилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид