Жаҳон | 11:37 / 02.08.2024
5565
2 дақиқада ўқилади

Кремл: F-16 қирувчилари етказиб берилиши Украинага ёрдам бермайди

Таъминот фронтдаги воқеалар ривожи динамикасига сезиларли таъсир кўрсата олмайди, деди Дмитрий Песков.

Фото: AP

F-16 қирувчиларининг Украинага етказилиши украин қуролли кучларига ёрдам бермайди.

Бу ҳақда журналистларга Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди, деб хабар беради 1 август, пайшанба куни Россия давлат ОАВ.

«Бу ерда ҳеч қандай «сеҳрли таблетка», панацея йўқ. Киев режимининг қуролли кучларида бу панацея бўлмайди, улар буни билишлари керак. Бу самолётлар пайдо бўлади, уларнинг сони аста-секин камаяди, уриб туширилади, йўқ қилинади, лекин, албатта, бу таъминотлар фронтдаги воқеалар ривожи динамикасига сезиларли таъсир кўрсата олмайди», - деди у.

Кремл вакилининг аниқлик киритишича, россиялик ҳарбий хизматчиларга F-16'ни йўқ қилганликлари учун мукофотлар аллақачон таклиф этилган.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Россия томони ҳозирча Украинага F-16 қирувчи самолётлари етказиб берилишини тасдиқловчи расмий баёнотларни кўрмаган.

«Бу ҳозирча манбалар маълумоти, бу борада ҳеч қандай баёнотлар бўлмади. Аммо хабарлар кузатилди», — деди у Киевга қирувчиларнинг ўтказилиши эҳтимолини изоҳлар экан.

Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис аввалроқ Украинага F-16 қирувчиларининг биринчи партияси етиб келганини маълум қилган эди.

«F-16 Украинада. Яна бир имконсиз нарса мутлақо мумкин бўлиб чиқди», — деб ёзган вазир. Украина ҳукумати хабарларга ҳали изоҳ бермади.

АҚШ, Дания ва Нидерландия етакчилари Жо Байден, Метте Фредериксен ва Дик Схооф 10 июл куни Украина ёзда илк F-16 самолётларини олишини тасдиқлади.

Мавзуга оид