«У — бизнинг қизимиз, синглимиз ва чемпионимиз». Жазоир Иман Ҳелифни ҳимоя қилмоқда
Париж олимпиадасида пайшанба куни италиялик Анжела Карини жазоирлик боксчи Иман Ҳелифга қарши жанг қилишдан бош тортиши билан боғлиқ воқеа интернетдаги асосий мавзулардан бирига айланди.
Эркаклик гормони бўлган тестостерон даражаси ошиб кетганида айбланаётган 25 ёшли спортчи бутун дунёдаги ўнг сиёсатчилар ва феминисткаларнинг танқидлари остида қолди. Улар ижтимоий тармоқларда Ҳелифга нафрат тўлқинини ёғдиришмоқда. Шунга қарамай, Иман бу уни синдира олмагани ва шунчаки курашни давом эттирибгина қолмасдан, Парижда -66 кг вазн тоифасида олтин медал олмоқчи эканини айтган. Шу билан бирга, ушбу жазоирлик қизни Халқаро олимпия қўмитаси, инклюзивлик тарафдорлари ҳамда сўл сиёсатчилар қўллашмоқда. «Спорт Экспресс» спорт бўлими муҳаррири Олег Шамонаев шу мавзуни таҳлил қилди.
«У Жазоир байроғини баланд кўтаради»
Жазоирлик Ҳелиф ва тайванлик Ю Тинг Лин 2023 йилда «тиббий сабаб»га кўра, Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан дисквалификация қилинган. Аммо ХОҚ ва IBA ўртасидаги можаро туфайли боксчиларга 2024 йилги олимпия ўйинларида иштирок этишга рухсат бериш билан махсус комиссия шуғулланди, у эса ушбу спортчиларни четлатиш учун сабаб топмади. «Иккиси ҳам қабул қилиш қоидаларига ва барча тиббий кўрсаткичларга мос келади, — дейилади ХОҚ пресс-релизида. — Ушбу икки спортчига қарши қаратилган бундай тажовуз тўлиғича IBA қарорига асосланган, қайсики тегишли процедураларсиз қабул қилинган қарорга. Ҳолбуки бу спортчилар бунга қадар кўп йиллар мобайнида юқори даражадаги мусобақаларда иштирок этиб келишган».
Жазоир олимпия қўмитаси бош котиби Кейреддин Барбарий Иманга қарши ҳаракатлар юзасидан шикоят билдиргани ва «боксчини ҳимоялаш» учун ХОҚ билан боғланганини маълум қилди. Жазоир ёшлар ва спорт вазири Абдурраҳмадин Ҳаммад ижтимоий тармоқларда ўз ватандошининг тарафини олиб чиқди: «Ҳелиф — бизнинг қизимиз, синглимиз ва чемпионимиз. Иманнинг шахсий ҳаёти — босиб бўлмайдиган қизил чизиқ. Мен у қурбони бўлган ОАВдаги таъқибларни кескин қоралайман».
Боксчи қизни жазоирлик машҳур футболчилар ҳам қўллаб-қувватлашди. Масалан, Адлен Гедиура твиттерда Илон Маскнинг ўзига ҳужум қилди. «Ҳелиф — Жазоиримиз фахри. У зўр боксчи ва сиз бирор маълумотни тарқатишдан олдин уни текшириб олсангиз яхши бўларди», — дея ёзган Жазоир миллий жамоасининг собиқ футболчиси.
Жазоирлик яна бир футболчи Исмаэл Бинносир ушбу боксчи қиз «асоссиз нафрат тўлқинидан азият чеккани», «унинг Олимпия ўйинларига бориши — истеъдод ва қаттиқ меҳнат самараси» эканини таъкидлаган. «Биз у Жазоир байроғини баланд кўтаришига ишонамиз», — дея хулоса қилган «Милан» аъзоси.
Жазоир бокс федерацияси ва Жазоир олимпия қўмитаси ўз сайтларида Ҳелиф эркак бўлиб туғилгани ва жинсини ўзгартириш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказгани ҳақидаги хабарларни рад этувчи пресс-релиз эълон қилган. «Рақиблар нафрат кампанияси уни издан чиқаради деб ўйлашган, аммо рўй берган ҳодисалар уни фақат кучлироқ қилади», — деган Иманнинг мураббийи Муҳаммад Чауа.
«Мен Жазоир халқига миннатдорчилик билдираман. Парижда илк ғалабамни қўлга киритганимдан кейин, медални кафолатлаш учун иккинчи ғалабани қўлга киритишга умид қиламан. Кейин эса чемпионлик титулини қўлга киритишни ўйлайман», — деган 3 август куни венгриялик Анна Лука Хаморига қарши чоракфинал жангини ўтказадиган Ҳелиф.
Ижтимоий тармоқларда Иманнинг болаликда тушган суратлари тарқалмоқда.
Хромосомалар ёки тестостерон?
Ҳелиф бокс бўйича жаҳон чемпионатларида 2018 йилдан иштирок этишни бошлаган, 2022 йилда эса -63 кг вазн тоифасида ирландиялик Эми Бродҳерст билан олтин медал учун жанг қилган. Мағлубиятга қарамай, Иман ватанида қаҳрамон деб аталган, чунки у жаҳон чемпионати финалига чиққан илк жазоирлик қиз бўлганди. 2022 йилги олимпиадада Ҳелиф чоракфиналда бошқа бир ирландиялик — Келли Ҳаррингтонга ютқазганди.
У чиндан ҳам жаҳон даражасидаги кучли спортчи бўлиб, италиялик боксчининг «у қаттиқ ургани»дан шикоят қилиши тушунмовчилик келтириб чиқарди. 2023 йилги жаҳон чемпионати финалидан олдин -66 кг вазн тоифасида иштирок этган Иман «тиббий сабаб»га кўра мусобақадан четлатилган, олтин медал учун жангга эса яримфиналда унга ютқазган Жанжаем Суваннафенг чиққанди. Ўшанда бу вазн тоифасида хитойлик Ян Лю чемпион бўлади.
«Уларда XY-хромосомалар борлиги исботланган. Бундай спортчилар мусобақадан четлаштирилган», — дея изоҳлаган 2023 йилги жаҳон чемпионатида рўй берган ҳодисани IBA президенти Умар Кремлёв Иман Ҳелиф ва Ю Тинг Лин четлатилганини назарда тутган ҳолда.
Лекин унинг бу изоҳи ғалати кўринади, чунки спортчиларнинг жинсини XY-хромосомалар бўйича текшириш фанга зид деб топилган ва катта спортда бу усулдан фойдаланиш 1990-йиллардаёқ бекор қилинган. У ҳозирда кўплаб федерациялар аёллар ўртасидаги баҳсларга қўйиш учун стандарт сифатида қабул қилинган тестостерон даражасини аниқлаш бўйича текширувни назарда тутган бўлиши ҳам мумкин. Аммо ҳозирча бу борада ХОҚ ҳам, IBA ҳам аниқ тушунтириш бермади. Шу билан бирга, Ҳелиф дисквалификациядан кейин мусобақаларида иштирок этиб келаётган World Boxing федерацияси ушбу спортчига нисбатан жинси бўйича ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирган.
«IBA барча мусобақаларда ҳалол рақобатни таъминлашда содиқ қолади. Биз 2024 йилги Париж Олимпиадаси ўйинларида бокс бўйича мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқининг номувофиқлигини кескин қоралаймиз. Яна бир бор таъкидлаймизки, Иман Ҳалиф ҳам, Ю Тинг Лин ҳам тегишли тест синовларидан сўнг мусобақаларнинг аёллар тоифасида қатнашиш учун талаб қилинадиган талабларга жавоб бермаган.
Нима учун бирон бир ташкилот боксчини жиддий жароҳатга олиб келиши мумкин бўлган хавфга дучор қилишини мутлақо тушунмаймиз. Ринг ҳакамининг асосий вазифаси ҳар доим боксчининг хавфсизлигини таъминлашдир. Агар боксчи тегишли мезонларга жавоб бермаса, буни қандай қилиш мумкин? Биз аёлларимизни ва уларнинг тенг ҳуқуқли рақибларга қарши рингга чиқиш ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз ва уларни барча ҳолатларда ҳимоя қиламиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Уларнинг умид ва орзуларини қийин шароитларда тўғри иш қилишни истамайдиган ташкилотлар ҳеч қачон олиб қўймаслиги керак», — дейилган IBA баёнотида.
«Аёллар ва қизлар ҳимояси бўйича зарур чоралар»
Нима бўлганда ҳам, аёллар спортига турли трансгендерлар, интерсекслар ва небинар персоналар кириб келиши масаласи шунчалик кескин мавзуга айландики, энди кўпчиликка Ҳелиф ишида ҳақиқатга етиб бориш масаласи қизиқ эмас. Иман билан боғлиқ воқеа яна дунёни консерваторлар ва либералларга ажратди. Ўзини рингда эркак кишидан калтак еган деб ҳисоблаётган италиялик Каринини ҳимоя қилишни ўз бурчи деб биладиган радикал феминистлар ҳам жазоирлик басавлат қизни камситишга қўшилишди.
Спортдаги гендер мавзуси бўйича муҳокамалар АҚШдаги сайловолди кампаниясига ҳам етиб борди. Демократлар ҳозирча бу мавзуга қўшилмаяпти, Доналд Трампнинг штаби вакили эса унинг позициясини баён этди. «Президент Трамп аёллар спортида эркаклар иштирок этишига тоқат қилмаслигини очиқ айтди: бу радикал сўл сиёсатчилар томонидан амалга оширилган ақлсизлик ва адолатсиз реалликдир. Президент Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин аёллар ва қизлар ҳимояси учун зарур чораларни кўради», — дея Трампнинг пиарчисининг сўзларини келтирган Fox News Digital.
Бу вақтда эса жабрланувчи Карини фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилди. «Мен ўзимдан сўрадим: қаршимда ким эди? Аммо буни мен ҳал қилмайман. Мен унга ҳам ачинаман, бизни медиа бум ўраб турибди. Ким бўлибмизки, ҳукм қиламиз? Биз спортчилармиз, ҳакам эмас. Бу мен учун мағлубият эмас. Мен бошимни баланд кўтарган ҳолда кетаман ва бокс билан хайрлашаман», — дея изоҳлаган Анжела Париждаги ҳодисани.
Кейинроқ у рақиби ҳақидаги фикрини ўзгартирди ва ўзи билан рўй берган ҳолатни тушунтиришга ҳаракат қилди: «Мен Ҳелифнинг қўлини сиқмаганим атайлаб қилинмаган. Ундан ва барчадан узр сўрайман. Мен қаттиқ хафа бўлгандим, чунки менинг олимпия орзум пучга чиққанди. Ҳелифга ҳеч қандай эътирозим йўқ, агар яна бир марта у билан учрашсам, уни қучиб қўяман».
Иманнинг кейинги рақиби Анна Лука Хамори ундан қўрқмаслиги ва жазоирлик рақибга жанг таклиф этишга тайёрлигини билдирган. «Мен қўрқмайман. Медиа ва ижтимоий тармоқлардаги шовқинга тупураман. Агар у чиндан эркак бўлса, менинг ғалабам янада аҳамиятлироқ бўлади», – деган Хамори.
Мавзуга оид
11:03 / 16.11.2024
Бокс. Афсонавий Майк Тайсон блогер Жейк Полга мағлуб бўлди
17:23 / 04.11.2024
Ўзбекистон – World Boxing ташкилоти аъзосига айланди
09:34 / 03.11.2024
Бектемир Мелиқўзиев оғир кечган жангда очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонди
10:17 / 09.10.2024