Европадаги яна бир давлат Россия ўрнига Озарбайжондан газ сотиб олишни бошлади
Россиянинг Европага қувурлар орқали газ экспорти ўтган йили 28 миллиард метр кубга қадар тушиб кетди — бу 1970 йиллар охирида бери кузатилган энг паст даражадир.

Фото: Lukoil
Озарбайжон охирги ярим аср давомида Кремлнинг деярли фақат ўзи назорат қилиб келган Европага газ етказиб бериш ҳажмини оширишни давом этмоқда.
Озарбайжоннинг SOCAR давлат нефтегаз корпорациясининг маълум қилишича, 1 августдан бошлаб Каспий денгизидаги улкан Шоҳденгиз конидан топилган газ Словенияга етказиб берилмоқда.
«Етказиб бериш жорий йилнинг 17 июлида SOCAR ва Словения табиий газ бозоридаги энг йирик компания Geoplin ўртасида газ таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида имзоланган англашув меморандумига мувофиқ амалга оширилмоқда», — дейилади корпорация матбуот хизмати баёнотида.
Украинада уруш бошлангунга қадар газ истеъмолининг қарийб 40 фоизини «Газпром» орқали таъминлаб келган Словения Озарбайжондан газ импорт қилишга ўтган Европадаги олтинчи давлатга айланди.
Аввалроқ Италия, Греция, Болгария, Руминия, Венгрия ва Сербия SOCAR’дан газ харид қилишни бошлаган эди. Бундан ташқари, Озарбайжон гази Хитойдан кейин «Газпром»нинг энг йирик иккинчи мижози бўлган Грузия ва Туркияга ҳам сотилади.
2023 йилда Озарбайжон 23,8 миллиард метр куб газ экспорт қилган бўлиб, унинг салкам ярми — 11,8 миллиард куби Европа бозорларига кириб борган. 2024 йилда газ етказиб бериш ҳажми мос равишда 25 ва 13 миллиард метр кубга қадар оширилиши керак. Март ойида энергетика бўйича еврокомиссар Кадри Симов 2027 йилга бориб Европа Иттифоқи Озарбайжондан ҳар йили 20 миллиард куб газ харид қилишни режалаштирганини маълум қилганди.
Россиянинг Европага қувурлар орқали газ экспорти ўтган йили 28 миллиард метр кубга қадар тушиб кетди — бу 1970 йиллар охирида бери кузатилган энг паст даражадир. Урушдан олдинги давр билан таққослаганда, газ етказиб бериш деярли беш баробарга, «Газпром»нинг Европа бозоридаги улуши эса уч баробарга (45 фоиздан 15 фоизгача) тушиб кетган. 2024 йилда қувурлар орқали Россия газидан Венгрия, Словакия ва Австрия сотиб олишни давом эттиради.
Мавзуга оид

15:09 / 09.04.2025
Қорақалпоғистондаги “Шохпахта” газ кони бўйича “Газпром” билан битим якунига етди

10:33 / 14.03.2025
«Газпром» Ғарб санкцияларидан энг катта зарар кўрган компания бўлди — Reuters

12:49 / 06.02.2025
Озарбойжонлик мактаб ўқувчилари SpaceX ёрдамида ўз сунъий йўлдошини орбитага учиради

16:22 / 01.01.2025