Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Авария ҳолатигина реновацияга сабаб бўла олади” – архитектор шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонун лойиҳасини «хавфли» дея атади
Адлия вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистонда “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида” қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Бу қонун билан эски бинолар бузилиб, янгилари қурилиши назарда тутилади. Kun.uz билан суҳбатда архитектор Бахтиёр Магдиев фикрича, бу ўта хом қонун ва ҳужжат мавжуд уй-жойлар ҳудудининг бизнесга бериб юборилишига асос бўлади. Шаҳарсозлар қонунни ҳатто муҳокамага ҳам арзимайди деб ҳисоблашмоқда.
Kun.uz мавзу юзасидан муҳокама ўтказаркан, унда қатнашган экспертлар бир овоздан ушбу қонун лойиҳаси хусусий мулкни хавф остида қолдириши, яна бузди-буздиларни авж олдиришидан хавотирини билдирди. Москва халқаро архитектура академияси академиги, Халқаро архитекторлар уюшмаси профессори Бахтиёр Магдиевга кўра, реновация аввало – таъмирлаш дастуридир. Реновацияга сабаб бўлувчи ягона омил бу – объектнинг авария ҳолатида экани. Бошқа сабаб билан мавжуд уй-жойни бузиш, реновацияга кирмайди. Халқ ва жамиятнинг энг катта бойлиги бу – мавжуд уй-жой фонди, дейди Магдиев.
Тошкент Архитектура-қурилиш институти Шаҳарсозлик кафедраси доценти Динара Назарова фикрича эса, бунда аввало жамоатчилик фикри жиддий ўрганилиши керак. Реновация бизда нисбатан янги тушунча. Одамлар уни тушунмайди, объектларнинг тақдири у ерда яшамайдиган маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси раиси ва яна кимларнингдир иштироки билан ҳал қилиб юборилади. Бу хато, ҳар бир фуқаронинг хоҳиши инобатга олиниши керак, дейди шаҳарсоз.
Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг фикрича, бу қонун лойиҳасини умуман қабул қилиб бўлмайди. Муҳокамаси тугай деб турган ҳужжатдан одамларнинг деярли хабари йўқ. Давлатда хусусий мулк ҳимояси суст, судлар мустақил эмас. Шундай шароитда бу қонун лоббистик гуруҳларнинг буюртмасидан бошқа нарса эмас. Шаҳар бош режасини қабул қилмасдан туриб, бундай қонун лойиҳасини қабул қилиш – нотўғри, дейди Кушербаев.
Экспертлар шунингдек, қонун лойиҳасида келган реновация ташаббускорлари пункти ҳам чалкашликка тўла эканини жиддий танқид қилди. Ҳужжатда келтирилишича, давлат, хусусий мулкдорлар ва учинчи шахслар ташаббускор бўлиши мумкин. Бу эса хоҳлаган одамга реновация таклифи билан чиқиш имконини беради. Шунингдек, реновацияга сабаблар ҳам кенгайтириб юборилган. Уларда аниқлик йўқ, дейди мутахассислар.
Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳаси муҳокамага 20 июл куни қўйилган, 4 августда якунига етади. Жамият, фуқаролар хусусий мулки ва уй-жойи тақдири муҳокамаси учун 15 кун берилишидан ҳам маълумки, қонун жиддий эмас, дейди архитектор Магдиев.
Мавзуга оид
19:08 / 13.05.2025
Тошкентда автобуслар учун йўл ўртасидаги биринчи тезюрар йўлак қурилиши бошланади
17:27 / 05.05.2025
Аҳолининг дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш тақиқланади
16:10 / 05.05.2025
Тошкентдаги Қўйлиқ бозори ёпилмаслиги маълум қилинди
20:46 / 18.04.2025