Жаҳон | 08:01 / 03.08.2024
11100
5 дақиқада ўқилади

Бизга Россияни сўнгги марта кўриб турганимизни айтишди — собиқ сиёсий маҳбуслар

Россия, Беларус ва Ғарб ўртасидаги маҳбуслар алмашинуви доирасида озод этилган Иля Яшин, Владимир Кара-Мурза ва Андрей Пивоваров Бонндаги Deutsche Welle таҳририятида журналистлар билан учрашди.

Фото: Florian Görner/DW

Россия колонияларидан озод этилган мухолифатчи сиёсатчилар Владимир Кара-Мурза, Иля Яшин ва Андрей Пивоваров 2 август, жума куни Бонндаги Deutsche Welle таҳририятида журналистлар билан учрашди. Учрашув «DW на русском» YouTube-каналида онлайн трансляция қилинди.

Владимир Кара-Мурза Талмуддаги «Халқлар орасида солиҳлар» медалида тасвирланган иборани эслади: «Кимки бир кишининг ҳаётини сақлаб қолса, бутун дунёни қутқаради». Унинг таъкидлашича, Россия, Беларус ва Ғарб давлатлари ўртасидаги маҳбуслар алмашинуви натижасида Россия Федерацияси ва Беларус қамоқхоналарида сақланаётган 16 кишининг ҳаёти сақлаб қолинган. 

Кара-Мурза Россиядан Туркияга учаётган самолётда озод этилган сиёсий маҳбусларга ҳамроҳлик қилган фуқаро кийимидаги «ФСБ» ходимининг иборасини эслади: «Мана, қаранг, сиз ўз ватанингизни охирги марта кўряпсиз». «Унга шундай дедим: мен тарихчиман, нафақат ишонаман ва ўйлайман, балки аниқ биламанки, мен ва барчамиз Россияга албатта қайтамиз. Россия эркин, нормал бўладиган кун келишини аниқ биламан, бу кун келишига мутлақо шубҳам йўқ», - деди Кара-Мурза. 

Андрей Пивоваров: Россияликлар урушни қўллаб-қувватламаяпти 

Андрей Пивоваров россияликларни Россия раҳбарияти олиб бораётган сиёсат билан боғламасликка чақирди. «Фурсатдан фойдаланиб, Ғарб давлатларига Россиядаги оддий одамларга эътибор қаратишлари учун мурожаат қилмоқчиман», деди у. Пивоваровнинг сўзларига кўра, оддий руслар, ташвиқот уни қандай кўрсатишга ҳаракат қилмасин, урушни қўллаб-қувватламайди, лекин улар қўллаб-қувватлашга муҳтож, чунки мамлакатдаги ҳозирги шароитда шунчаки омон қолишга ҳаракат қилмоқдалар. У Ғарб давлатларини, жумладан, Украинадаги урушни қўллаб-қувватламайдиган оддий русларнинг виза олишини қийинлаштирмасликка чақирди. 

Иля Яшин қамоқхонада бўлган биринчи куниданоқ у ҳеч қандай алмашинув рўйхатига киритилмаслигини сўраганини айтди. Яшиннинг сўзларига кўра, у Россияда қолиш ҳуқуқи учун сўнгги кунгача курашган. Алмашишдан бир неча кун олдин «ФСИН» ходимлари унинг камерасига келиб, афв сўраш тўғрисидаги аризага имзо чекишини талаб қилишди, аммо «мен золим деб билганлардан ҳеч қачон кечирим сўрамаслигим аниқ эканини айтдим». Яшин журналистларга Россия Федерациясида қолишни талаб қилган баёнотини ўқиб берди, у алмашинувдан олдин ёзилган. У ўзининг мамлакатдан чиқариб юборилишини ноқонуний деб билишини таъкидлади.

Россиядан келган сиёсий маҳбусларни аэропортда Шолц кутиб олди

Бир кун аввал Россия, Беларус ва Ғарб ўртасидаги йирик маҳбус алмашинуви доирасида Кара-Мурза, Яшин ва Пивоваровлар озод этилган эди. Озод қилинган россиялик сиёсий маҳбусларни олиб кетган самолёт 1 август куни маҳаллий вақт билан соат 22:15 (Тошкент вақти билан 00:15) атрофида Кёлн/Бонн аэропортига қўнди. 

Германия канцлери Олаф Шолц маҳбуслар алмашинуви муносабати билан таътилини тўхтатиб, ҳукумат лайнерида Кёлн аэропортига йўл олди. У ерда журналистлар билан суҳбатда Германия ҳукумати Россия ва Беларус қамоқхоналаридаги барча сиёсий маҳбусларни озод қилиш учун курашни давом эттиришига ваъда берди. 

Россияда Яшин, Кара-Мурза ва Пивоваровнинг таъқиб қилиниши

2022 йил декабр ойида Иля Яшин Россияда Буча аҳолисининг рус ҳарбийлари томонидан ўлдирилиши ҳақида гапиргани учун 8,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Россия Федерацияси суди Владимир Кара-Мурзани «ватанга хиёнат», «номақбул» ташкилот билан ҳамкорлик қилиш ва армия ҳақидаги «фейклар»да айблаб, 25 йил муддатга ҳукм қилди. 

«Очиқ Россия» жамғармасининг собиқ директори Андрей Пивоваров 2022 йил июлида «номақбул ташкилот» фаолиятини амалга оширганлик моддаси бўйича тўрт йилга қамалган эди. Sota маълумотларига кўра, унга нисбатан май ойида янги жиноий иш очилган — у қандай айбловлар бўйича экани маълум қилинмаган. 

Мавзуга оид