Ўзбекистон | 15:50 / 03.08.2024
3657
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда фуқароларни Европага ишга юборишини ваъда қилган МЧЖ раҳбари ушланди

Тошкент шаҳрида фуқароларни Европа давлатларига ишга юборишини ваъда қилган МЧЖ раҳбари қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Чилонзор туман бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, Ch.g МЧЖ раҳбари Ғ.К. (муқаддам судланган) фуқаро Б.Р. ва бошқаларнинг ишончига кириб, уларга сохта сертификат ва диплом тайёрлаб бериш орқали Европа давлатларига ишга юборишини ваъда қилиб, эвазига Б.Р.дан 4500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув жараёнида, МЧЖ раҳбари Ғ.К. фуқаро У.Т. ва бошқаларни алдаб, уларни чет элга ишга юбориши эвазига 25,8 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги, шунингдек 5 нафар фуқаронинг номига H-W. МЧЖда турли касбларга ўқиганлиги тўғрисида сохта сертификатлар тайёрлаб қўйганлиги аниқланган.  

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид