Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аҳолиси қарий бошлагунга қадар Ҳиндистон бой давлатга айлана оладими?
Сўнгги икки йил мобайнида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 2047 йилга бориб Ҳиндистонни даромади юқори бўлган ривожланган давлатга айлантиришни ваъда қилиб келмоқда. Бир неча прогнозларга кўра, Ҳиндистон кейинги олти йил ичида жаҳоннинг учинчи катта иқтисодиётига айланиш сари йўл тутган.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, даромади юқори давлатларда ялпи миллий маҳсулот (мамлакат аҳолиси ва корхоналари томонидан ишлаб топилган жами пуллар) 13 минг 846 АҚШ доллари ва ундан зиёдни ташкил этади.
Аҳоли жон бошига даромади 2400 долларни ташкил этувчи Ҳиндистон ўртачадан паст даромадли давлатлар рўйхатига киради. Қатор йиллардан бири кўплаб иқтисодчилар Ҳиндистон иқтисодиёти “ўртача даромад қопқони”га тушиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда, деб ёзади BBC.
Бу ҳол мамлакат ривожланган иқтисодиётлар билан рақобатлаша олмасдан, тезда ўсишга эришишдан тўхтаб қолганда рўй беради. Экономист Ардо Ҳаннсон ушбу вазиятни мамлакатларнинг “харажатлари ошиб, рақобатбардошликни йўқота бошлагани билан боғлиқ қопқон”га менгзайди.
Жаҳон банкининг янги ҳисоботида шунга ўхшаш хавотирлар ўрин олган. Ҳозирги ўсиш шароитларида Ҳиндистон Америкадаги аҳоли жон бошига даромадларнинг чорак қисмига етиши учун ҳам 75 йил талаб қилинади, дейилади 2024 йилги Жаҳон ривожланиши ҳисоботида. Унда яна қайд этилишича, Ҳиндистон, Хитой, Бразилия, Жанубий Африка дохил 100 дан ортиқ давлатлар кейинги ўн йилликлар мобайнида юқори даромадли мамлакатларга айланиши учун халақит берувчи “жиддий тўсиқлар”га дуч келиши тилга олиб ўтилган.
Тадқиқотчилар ўртача даромадга эга, жаҳон иқтисодий ишлаб чиқаришининг 40 фоизи, углерод ажратмаларининг учдан икки қисми тўғри келадиган 108 давлатга оид рақамларни ўрганиб чиқишган. Бу мамлакатларда жаҳон аҳолисининг тўртдан уч қисми истиқомат қилади ва уларнинг қарийб учдан икки қисми қашшоқликда кун кўради.
Тадқиқотчиларга кўра, бу мамлакатлар ўртача даромад қопқонидан қутулиб чиқиш учун катта муаммоларга дуч келишмоқда. Бунга яна аҳолининг тезлик билан қариб бораётгани, ривожланган иқтисодиётларда протекционизмнинг ўсаётгани, энергетикадаги ўзгаришларни жуда тезлаштириш зарурияти киради.
“Глобал иқтисодий фаровонлик учун кураш ўртача даромадга эга мамлакатларда кўп нарсада муваффақиятли ёки муваффақиятсиз бўлади”, — дейди Жаҳон банкининг бош иқтисодичиси, тадқиқот муаллифларидан бири Индермит Гилл.
“Бу мамлакатларнинг жуда кўпи илғор иқтисодиётларга айланиш учун эскирган стратегияларга таянишмоқда. Улар фақат инвестицияларга жуда боғланиб қолишган ёки инновацияларга жуда эрта ўтишмоқда”, – дейди Гилл.
Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, ўртача даромадга эга мамлакатларда бизнеснинг ўсиш даражаси жуда секин.
Ҳиндистон, Мексика ва Перуда 40 йилдан бери ишлаётган компаниялар бу муддат ичида даромадларини икки баробар ўстириб олишади, ҳолбуки АҚШда бу муддат ичида улар етти баробарга кенгаяди. Бу ўртача даромадга эга мамлакатларда компаниялар жузъий ўсиш билан боғлиқ муаммоларга дучор бўлгани, бироқ шунга қарамасдан ўнлаб йиллар давомида фаолият кўрсатиши мумкинлигидан далолат беради. Бинобарин, Ҳиндистон, Перу ва Мексикадаги компанияларнинг қарийб 90 фоизида 5 нафардан кам ходим ишлайди, жуда камчилик қисмида 1 ва ундан ортиқ одам ишлайди, дейилади ҳисоботда.
Жаноб Гилл ва унинг тадқиқотчи ҳамкасблари янгича ёндашувни ёқлаб чиқишди: бу мамлакатлар инвестицияларни кенгайтириш, бутун жаҳондан янги технологияларни жорий этиш ва инновацияларни ривожлантиришга диққат қаратиши зарур.
Ҳисоботда бундай стратегияга мисол Жанубий Корея бўла олиши қайд этилган.
1960 йилда унинг аҳоли жон бошига даромади 1200 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 33 минг долларга етган.
Аввалига Жанубий Корея давлат ва хусусий инвестицияларни рағбатлантирган. 1970-йилларда корейслар хорижий технологиялар ва илғор ишлаб чиқариш усулларини жорий этган миллий компанияларни рағбатлантирувчи саноат сиёсатига ўтган.
Samsung каби компаниялар тезда “лаббай” деб жавоб берган. Аввалига угра ишлаб чиқарган Samsung япон фирмалари технологияси лицензияси асосида ички ва минтақавий бозорлар учун телевизор ишлаб чиқаришга ўтган.
Бу муваффақият малакали мутахассисларга талаб яратган. Ҳукумат давлат университетлари бюджетларини кенгайтириб, уларнинг олдига малакали кадрларни тайёрлаш мақсадини қўйган. Бугунги кунга келиб Samsung новатор корпорация ва смартфонлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳондаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади, дейилади ҳисоботда.
Ҳисоботда Полша ва Чили каби мамлакатлар шунга ўхшаш йўлдан юргани қайд этилган. Полша ғарбий Европа технологияларини ўзлаштириб, самарадорликни оширган. Чили маҳаллий инновацияларни чоғлантириш учун технологиялар олиб киришни рағбатлантирган.
Тарих хавф солиб келаётган ўртача даромад қопқони борасида етарлича белгилардан сўзлайди. Тадқиқотчилар мамлакатлар бойиб боргани сари АҚШ ЯИМнинг 10 фоизи (бугунги кунда 8000 доллар) даражасида ўртача даромад билан “қопқон”га тушади. Бу банклар томонидан ўрнатилган “ўртача даромадли” мамлакат таснифининг тахминан ярмидир.
1990 йилдан буён фақатгина 34 та давлат юқори даромад даражасига эга давлатлар тоифасига ўтган, шуларнинг ҳам учдан икки қисми Европа Иттифоқи билан интеграциялашгандан ёки янги нефт конлари очилганидан сўнг бу кўрсаткичга эришган.
Иқтисодчилар Рагхурам Ражан ва Роҳит Ламба бири биридан бехабар ҳолда ҳисоблашича, агар Ҳиндистонда аҳоли жон бошига даромад йилига шиддатли 4 фоиздан ошиб турган тақдирда ҳам 10 минг долларлик кўрсаткичга 2060 йилга бориб эришади. Шу кўрсаткич ҳам бугунги Хитой даражасидан паст.
“Биз яхшироқ ишлашимиз керак. Кейинги ўн йиллик мобайнида биз аҳоли учун эҳтимолли дивидент, яъни бошқа мамлакатлар сингари қарий бошлашимиз олдидан меҳнатга лаёқатли аҳоли сони улушининг ошишига гувоҳ бўламиз”, — деб ёзган улар ўзларининг “Қолипларни синдириб: Ҳиндистоннинг иқтисодий келажаги ҳақида ўйлар” китобида.
“Агар биз барча ёшларимизнинг бандлигини таъминлаш учун шароит қила олсак, биз ўсишни тезлаштирамиз, мамлакатимиз аҳолиси қарий бошлашидан аввал ўрта синф таркибига кириш имкониятини ҳосил қиламиз”, – деб ёзишмоқда тадқиқотчилар
Бошқа сўзлар билан айтганда, иқтисодчилар “Ҳиндистон қарий бошлашидан аввал бойий оладими?” деган саволни ўртага ташламоқда.
Мавзуга оид
20:40 / 27.05.2025
Ҳиндистон хусусий фирмаларга замонавий қирувчи самолётларини йиғишга рухсат берди
11:37 / 26.05.2025
Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон таълим форуми ўтказилди
21:17 / 23.05.2025
Ҳиндистонда кучли ёмғир оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлди
21:32 / 21.05.2025