Жаҳон | 08:29 / 06.08.2024
1018
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Беларуснинг 28 фуқаросига нисбатан санкциялар жорий қилди

Хусусан, БелТА давлат агентлиги бош директори ва Лукашенконинг матбуот хизмати собиқ раҳбари Европа Иттифоқи чеклов чораларига дучор бўлди.

Европа Иттифоқи кенгаши Беларусда 28 кишига нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда 5 август, душанба куни Кенгаш матбуот хизмати хабар берди.

Беларус раҳбари Александр Лукашенконинг «узоқ йиллик тарафдорлари гуруҳи» чеклов чоралари остида қолди. Улар орасида БелТА давлат агентлиги бош директори Ирина Акулович, Миллий ассамблеядаги Ёшлар кенгаши раиси Никита Рачиловский ва Лукашенко матбуот хизматининг собиқ раҳбари Дмитрий Жук бор.

«Ушбу режим тарғиботчилари Беларус жамоатчилигини атайлаб ёлғон маълумотлар билан таъминлашган, Беларус ва Россия ҳукумати томонидан тайёрланган дезинформацияларни тарқатган, демократик мухолифат ва фуқаролик жамиятига нисбатан нафрат уйғотган», - дея ҳисоблайди Брюссел.

ИИВ ва суд тизими вакиллари - санкция остида

Шунингдек, рўйхатга Беларус Ички ишлар вазирлигининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бош бошқармаси бошлиғининг икки ўринбосари ва «сиёсий сабабларга кўра ҳукм чиқарган» бир қатор суд-ҳуқуқ тизими вакиллари ҳам бор», дейилади баёнотда. Бундан ташқари, айрим турма ва тергов ҳибсхоналари раҳбарларига нисбатан чеклов чоралари қўлланилган. Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бош бошқармаси Беларусда сиёсий таъқиблар учун масъул бўлган асосий органлардан бири ҳисобланади, деб эслатади Европа Иттифоқи.

Рўйхатдагиларнинг активлари музлатилган, Европа Иттифоқи фуқаролари ва компанияларига улар билан ишлаш тақиқланади. Жисмоний шахсларнинг Европа Иттифоқига кириши ман этилади.

Санкциялар 2020 йилги сайловлар тўрт йиллиги арафасида киритилди

Жазо чоралари 2020 йил август ойида Беларусда сохталаштирилган президентлик сайловларининг тўрт йиллиги арафасида жорий қилинган. 

29 июн куни ЕИ кенгаши Минскка қарши санкцияларни кучайтирган эди. Чекловлар Россия Федерациясига нисбатан амалда бўлган бир қатор чекловчи чораларни такрорлаб, Россия ва Беларус иқтисодиётларининг юқори даражада интеграциялашуви билан боғлиқ санкцияларни четлаб ўтиш муаммосини ҳал қилди. 

Бунгача, 24 июн куни Беларус Германия фуқароси Рико К.ни ўлимга ҳукм қилган эди. Минск ҳукумати уни «террорчилик акти ва ёлланма фаолиятга тайёргарлик»да айбдор деб топди. Кейинчалик, 30 июлда Рико К. афв этилди ҳамда Россия, Беларус ва Ғарб давлатлари ўртасидаги йирик маҳбуслар алмашинувининг бир қисмига айланди. 

Мавзуга оид