Жаҳон | 15:29 / 08.08.2024
5356
3 дақиқада ўқилади

NASA Starliner экипажини Ерга қайтариш имконини қидирмоқда

Бир ҳафталик Starliner синов миссияси доирасида июн ойида ХКСга учган америкалик астронавтлар Батч Уилмор ва Сунита Уилямс 2025 йилнинг февралигача Ерга қайтмаслиги мумкин.

Фото: NASA

Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) июн ойи бошида Халқаро космик станция (ХКС)га биринчи бошқариладиган Starliner космик кемасида етиб келган ва носоз маневр двигателлари туфайли у ерда қолиб кетган Батч Уилмор ва Сунита Уилямсни Ерга қайтариш йўлларини қидирмоқда. Астронавтлар ХКСдан фақат 2025 йил февралида SpaceX'нинг Dragon космик кемаси экипажи билан қайтиши мумкин. Бу ҳақда NASA 7 август, чоршанба куни маълум қилди.

Департаментнинг қайд этишича, ҳозирда бир нечта вариант кўриб чиқилмоқда ва якуний қарор кейинги ҳафтада қабул қилинади. Reuters таъкидлаганидек, NASA'да яқинда ўтказилган бир қатор синовлардан сўнг, астронавтлар Starliner'га қайтса, хавф остида қоладими ёки йўқми деган фикр борасида келишмовчиликлар мавжуд.

Астронавтлар ХКСга 8 кунга келди, бироқ бир неча ойга қолиб кетди

61 ёшли Батч Уилмор ва 58 ёшли Сунита Уилямсни ХКСга олиб борган Boeing'нинг биринчи Starliner синов миссияси дастлаб 8 кун давом этиши режалаштирилган эди. Бортида икки америкалик астронавт бўлган бошқариладиган Starliner космик кемаси 5 июн куни Флорида штатидаги Канаверал бурунидан V United Launch Alliance ракета ташувчиси ёрдамида учирилди. Бироқ, ХКСга туташиш пайтида космик капсуланинг ҳаракатланиш тизимида муаммолар пайдо бўлди. «Учиришдан сўнг яна иккита сизиб чиқиш содир бўлди. Қайсидир нуқтада маневр қилиш учун фойдаланилган 28 та тузатиш нозулларидан бештаси ишламай қолди», дея хабар берди NASA. Техник носозликлар туфайли экипаж ҳали ҳам Ерга қайтиб кела олмаяпти.

NASA учун Starliner'ни ишлаб чиққан ва лойиҳага 1,6 миллиард доллар сармоя киритган Boeing корпорацияси уни ХКСга фақат учинчи мартада учиришга муваффақ бўлди. Starliner парвози бўйича биринчи уриниш 6 майга, иккинчиси 1 июнга белгиланган эди. Иккаласи ҳам техник носозликлар туфайли бекор қилинди. NASA таъкидлашича, учиришдан мақсад космик кемани кейинчалик станцияга ва Ерга мунтазам ва хавфсиз парвозларни амалга ошириши учун сертификатлашдир.

Тахминан 10 йил олдин NASA астронавтларни космосга жўнатиш учун Илон Маскнинг Crew Dragon билан бир қаторда бошқа космик кемасини яратиш учун Boeing билан давлат-хусусий шериклик келишувини имзолади. Уилмор ва Уилямснинг SpaceX кемасида Ерга қайтиши NASA шартномалари учун рақобатда Boeing учун жиддий зарба бўлади, деб таъкидлайди Reuters.

Мавзуга оид