Жаҳон | 19:21 / 27.10.2024
3691
3 дақиқада ўқилади

NASA Илон Маск ва Путиннинг мулоқотлари юзасидан тергов ўтказишга чақирди

NASA раҳбари Билл Нелсон SpaceX асосчиси ва Россия президенти мунтазам алоқада бўлиб келган бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканини таъкидлади.

Фото: Getty Images

Америка космик агентлиги (NASA) раҳбари Билл Нелсон SpaceX асосчиси Илон Маск ҳамда Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги эҳтимолий мулоқотлар бўйича тергов ўтказишга чақирди, деб хабар беради CNN.

NASA раҳбари Маск ҳамда Путин мунтазам алоқада бўлиб келган бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканини таъкидлаган.

«Агар Илон Маск ва Россия президенти ўртасида кўп сонли мулоқотлар бўлиб ўтганига оид хабарлар тўғри бўлса, бу биринчи навбатда NASA, Мудофаа вазирлиги, айрим разведка агентликлар учун хавотирни юзага келтиради деб ўйлайман», — дейди Нелсон.

АҚШдаги айрим амалдорлар ўтган йили Маскнинг Россия билан алоқалари юзасидан контрразведкага ўз хавотирларини билдирган ади. Аммо Маск АҚШ фуқароси бўлгани учун разведка мазкур масалага эҳтиётлик билан ёндашмоқда.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Маскнинг Путин билан мулоқотларига оид хабарларни кўрганини, аммо Оқ уй «буни тасдиқлай олмаслигини» маълум қилди.

Пентагон ОАВда тарқалган хабарларга муносабат билдиришдан бош тортди, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков эса Маск ва Путин фақат бир маротаба телефон орқали суҳбатлашганини, шунда ҳам улар «космосни, ҳозирги ва келажак технологияларини» муҳокама қилганини қайд этди.

Аввалроқ The Wall Street Journal (WSJ) АҚШ, Европа ва Россиядаги бир қанча амалдаги ва собиқ амалдорларга таянган ҳолда, миллиардер ва Доналд Трампнинг тарафдори, америкалик бизнесмен Илон Маск 2022 йил охиридан бери Россия президенти Владимир Путин билан мунтазам алоқада экани айтилган мақолани чоп этган эди.

Нашр суҳбатдошларига кўра, Маск ва Путин шахсий ва бизнес мавзуларини, шунингдек, геосиёсий зиддиятларни муҳокама қилишади. Газетанинг таъкидлашича, Маскнинг Кремл билан алоқалари ҳақидаги маълумотларни, афтидан, ҳатто АҚШ маъмуриятида ҳамма ҳам билмайди. WSJ суҳбатдошларидан бири АҚШ расмийларига Маск ва Путиннинг алоқалари ёқмаслигини айтди, бироқ Оқ уй тадбиркорга ҳеч қандай эътироз билдирмаган.

Мавзуга оид