Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олимпиадада аср воқеаси: Кубалик гигант ҳеч ким қилолмаган ишни уддалади
Париж-2024 Олимпиадасида мусобақа тарихидаги энг катта воқеликлардан бири кузатилди. 20 йилдан буён Олимпиадаларда курашаётган кубалик афсона Михаин Лопес 5 карра Олимпия ўйинлари чемпионига айланди. Тасаввур қилинг, у 16 йил давомида Олимпиадада битта ҳам хато қилгани йўқ. 41 ёшли гигант фаолиятининг сўнгги дақиқаларида курашчилар кейинги юз йиллар давомида ҳам эришиши улкан машаққат бўлган натижага эришди.
Юнон-рум кураши бўйича 130 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги финалда Лопес чилилик Ясмани Акостани 6:0 ҳисобида мағлуб этди. Кубалик спортчи Пекин-2008 ва Лондон-2012 120 кг вазнда, Рио-2016, Токио-2020 ва Париж-2024да эса 130 кг вазнда олтин медалга сазовор бўлди. Афсонавий спортчи индивидуал кўринишда кетма-кет 5та ёзги Олимпия ўйинларида олтин медал олган тарихдаги биринчи спортчи бўлди.
Михаин Лопес илк марта Олимпиадада 2004 йилда қатнашган. Орадан 20 йил ўтиб, афсона саргузаштини 5та Олимпия ўйинлари олтин медали билан якунламоқда. У сўнгги беллашувида рақиби устидан 6:0 ҳисобида ғолиб бўлди ва бу унинг Олимпиадалардаги иштирокига мос натижа эди. Аммо рамзийлик шу билан тугамади – у пойабзалини ечиб, гиламда қолдирди ва шонли фаолиятини қарсаклар остида якунлади.
Михаин Лопес бундан 3 йил аввал, Токиодаги Олимпиададаёқ 4-олтин медални қўлга киритиб, тарихдаги энг совриндор курашчига айланганди. У 2021 йилда бу борада рекордчи бўлган Александр Карелинни ортда қолдирган.
Лопес ҳозирда 41 ёшда, аммо у фаолиятидаги 6-Олимпиадада қандай тайёргарлик кўргани ва барчасини қай даражада чиройли тугатгани исталган спортчи учун шунчаки орзу, десак муболаға бўлмайди. Бу профессионалликдан ҳам юқорироқ даража.
Кўпчилик, Лопеснинг Олимпиадалардаги 5та олтин медали нега афсонавий натижа дейиши мумкин. Ҳар ҳолда бошқа спорт турларида ўз ҳисобига 6, 7та олтинни қўшиб қўйган спортчилар ҳам бор.
Гап шундаки, курашчиларда гимнастлар, сузувчилар ва эшкакчилардан фарқли равишда ҳар тўрт йилликнинг энг катта спорт турнирида фақат битта олтин ютиш имконияти бўлади. Афсонавий кубалик эса бу имкониятдан барчадан кўра яхшироқ фойдалана олди. Тасаввур қилинг, Михаин 16 йил ичида битта ҳам хатога йўл қўймади ва бирор марта ҳам чиқишини бой бермаган.
Ҳа, 20 йил давомида бу оғир вазнли афсонанинг Олимпиададаги ҳар бир баҳсини кузатиб, унинг ажойиб ҳаракатларидан лол қолган, ғалабаларидан қувонган кураш ишқибозларига энди осон бўлмайди. Бу паҳлавонни энди ҳар қанча изласак-да, гилам устида кўрмаймиз.
Футбол ишқибозлари яхшироқ ҳис қилиши учун, 41 ёшли курашчининг фаолиятини 39 ёшли Роналду билан қиёслаш мумкин. Михаин Лопес ўзи учун илк Олимпиада саналган 2004 йилги турнирда медалсиз қолади – Криштиану Евро-2004 финалида ютқазганидек. Кейинги 20 йиллик даврда эса Михаин ўз йўналишида барча рекордларни янгилаб, 5 карра Олимпиада чемпионига айланди – Роналду сўнгги 20 йил ичида 5та «Олтин тўп»ни ютгани каби. Футбол ишқибозлари португалиялик фаолиятини якунлаганда қай ҳолатга тушишса, спорт кураши ихлосмандлари бугун мана шундай юлдуз билан хайрлашишмоқда.
Михаин Лопес Нунеснинг фаолияти ҳақида исталганча ёзиш, унинг Кубадаги иқтисодий оғир вазият сабабли кубалик аксарият спортчилар сингари медалларини сотиб юбормагани ёки медаллар учун жуда катта пул мукофоти ваъда қиладиган бошқа мамлакатларнинг фуқаролигини рад этгани таҳсинга сазовор. Бу борада унинг ватанпарварлигига қойил қолиш мумкин.
Михаиннинг юнон-рум курашидаги муваффақияти - улкан тарих. Биз эса мақола сўнгида кубалик афсонанинг фақат учта йирик турнир – Олимпиада, жаҳон чемпионати ва қитъа биринчилигидаги олтинларини шу ерда қолдирамиз:
Олимпиада чемпиони – Пекин-2008, Лондон-2012, Рио-2016, Токио-2020, Париж-2024.
Жаҳон чемпиони – Будапешт-2005, Боку-2007, Ҳернинг-2009, Москва-2010, Тошкент-2014.
Панамерика Ўйинлари чемпиони – Маракайбо-2002, Гватамела-2004, Гватамела-2005, Рио-2006, Сан-Салвадор-2007, Колорадо-2008, Маракайбо-2009, Колорадо- 2012, Мехико-2014.
Хайр, афсона!
Усмон Ибодов
Мавзуга оид
13:32 / 10.05.2025
Россия бизнеси Куба иқтисодиётига 1 млрд доллардан ортиқ сармоя киритяпти
09:15 / 15.01.2025
Куба АҚШ билан келишув доирасида 553 маҳбусни озод қилади
14:18 / 11.11.2024
Кубада блэкаут сабабли норозилик намойишига чиққанларга қарши иш очилди
09:00 / 24.10.2024