Ўзбекистон | 13:36 / 12.08.2024
8104
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати яна кўтарилади, бироқ ҳафта охирига бориб пасаяди

Ўтган ҳафта охирида пасайган жазирама иссиқ ҳарорат шу ҳафта Ўзбекистонга қайтади. Душанбадан ҳаво +37…+40 даражагача исийди. Пайшанба куни шимоли-ғарбий ҳудудларга салқин ҳаво кириб кела бошлайди, жума куни эса ҳароратнинг пасайиши бутун мамлакатни қамраб олади.

Фото: Kun.uz

Нисбатан салқин дам олиш кунларидан сўнг Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳарорати яна кўтарила бошлайди, деб хабар бермоқда «Ўзгидромет».

12-15 август кунлари республиканинг аксарият ҳудудларида кундузи ҳаво +37...+40 даражагача, жанубда +42...+43 даражагача иссиқ бўлади.

Пайшанба куни салқин ҳавонинг яна бир қисми шимоли-ғарбий ҳудудларни эгаллашни бошлайди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ҳарорати +28…+33 даражагача пасаяди.

Жума куни нисбатан салқин ҳаво шарққа силжийди ва паст ҳарорат бутун Ўзбекистонни қамраб олади. Ҳарорат кундузи +33...+36 даража, шимоли-ғарбий вилоятларда +28...+33 даража, жанубда +40 даражагача иссиқ бўлади.

Шу кунларда қуруқ ҳаво сақланиб қолади, бироқ 13 ва 15 август кунлари Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятининг айрим ҳудудларида, шунингдек, Тошкент вилояти айрим тоғли ҳудудлари, 15-16 август кунлари Фарғона водийси вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Шамол 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучаяди, чанг-тўзонлар кузатилади.

Тошкентда иш ҳафтаси давомида бироз булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқдан 3−8 м/с тезликда эсаётган шамол 16 августда 10−12 м/с гача кучайиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати кечаси +22...+25 даража, кундузи 12-15 августда +37...+39 даража, 16 августда +34...+36 даража иссиқ бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид