Жамият | 18:08 / 15.08.2024
44154
4 дақиқада ўқилади

Агар банк картангиз пароли қуйидагилардан бири бўлса, уни ўзгартиринг — мутахассис маслаҳатлари

Microsoft ва Facebook'да Data Scientist бўлиб ишлайдиган Ник Берри оммага чиқиб кетган 3,4 миллионта пин-код (тўртта рақамдан иборат белги)ларни таҳлил қилиб, одамлар энг кўп фойдаланадиган пин-кодлар рўйхатини тузди. У одамларни тахмин қилиш қийин бўлган пароллардан фойдаланишга чақиради.

Фото: Shutterstock

Муаллиф ўзининг Datagenetics сайтида эълон қилган мақоласида бу таҳлиллар хакерлар ва ўғрилар ўз жирканч ҳаракатларини амалга оширишда фойдаланишлари учун ёзилмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, у ўз далилларини исботлаш учун айрим маълумотларни ошкор қилган, бироқ аниқ маълумотларни тақдим қилмаган.

“Мен фойдаланган маълумотлар базасини сўраб, менга электрон почта орқали хабар юборманг – вақтингизни беҳуда сарфлайсиз, чунки мен жавоб бермайман. Асл маълумотларни сотиш, бериш ёки нашр этиш ниятим йўқ – сўраманг!” – деб ёзади у.

Ник ишлаб чиққан графикда оқарганлик даражаси парол қанчалик кенг тарқалганини билдиради. Масалан, 1234 сариқ-оқ ранг бўлгани туфайли унга энг осон топилувчи парол деб қарасак бўлади ва аксинча, 0859 пароли эса жуда ҳам қора рангда бўлиб, у кам учрайдиган парол эканини тушунамиз.

“Мен деярли 3,4 миллион тўрт хонали паролни топа олдим. 0000 дан 9999 гача бўлган 10 000 та рақамли комбинациянинг ҳар бири маълумотлар тўпламида тақдим этилган. Буларнинг ичида энг машҳур парол – 1234 экан. 3,4 миллионта паролнинг 11 фоизини 1234 ташкил қилади”, – дейди у.

Кейинги энг машҳур тўрт хонали пин-код 1111 бўлиб, бундай пароллар жами пин-кодларнинг 6 фоизини ташкил қилади.

Учинчи ўринда энг машҳур парол эса – 0000, бу жами паролларнинг 2 фоизини ташкил қилади.

2-расмда 20 та энг машҳур пароллар жадвалини кўришингиз мумкин. Ушбу 20 та комбинацияни синаб кўриш орқали барча паролларнинг 26,83 фоизини тахмин қилиш мумкин.

Энг кўп тарқалган 4 хонали пароллар

Юқоридаги бир нечта ёзувларни диққат билан кўриб чиқсак, энг кўп тахмин қилиб топиш мумкин бўлган пароллар қуйидагилар:

1111, 2222, 3333...9999, шунингдек, 1212 ва 6969. Рўйхатда 4321 ёки 1010 ни эмас, балки 1122 ва 1313 каби паролларни юқори ўринларда кўриш ажабланарли эмас.

Умуман олганда, бу тадқиқотга кўра, қуйидаги 20 та парол бутун бошли маълумотларнинг 27 фоизини эгалларкан, яъни ҳар 10 та одамдан 3 тасининг пароли шу рўйхатда бор:

1234, 0000, 7777, 2000, 2222, 9999, 5555, 1122, 8888, 2001, 1111, 1212, 1004, 4444, 6969 , 3333, 6666, 1313, 4321, 1010

Яна бир қизиқ инсайт шуки, 2580 пароли ҳам кўп тарқалган экан, чунки у телефон клавиатурасида ўртада вертикал жойлашган ва кўпчиликка қулай.

Агар сиз компютер клавиатурасидаги рақамли клавиатурага қарасангиз, 2580 рақамини териш бироз қийинроқ эканини кўрасиз. Клавиатурадаги тугмалар тартиби тескари бўлгани учун 2580 паролини кўп одамлар мобил телефони орқали қўйишади. Шу сабабли улар кредит карта ва тармоқ пароллари учун бир хил тўртта рақамни қайта ишлатади.

Яна бир қизиқ факт шундаки, одамлар тоқ рақамлардан кўра жуфт рақамларни афзал кўришади ва 2468 каби кодлар 1357 каби эквивалент тоқ рақамлардан кўра кенг тарқалган.

Яна бир такрорланадиган пароллар булар 19 билан бошланганлари экан, кўпчилик туғилган йилини ёки кун/ойини парол қилиб қўяди, масалан, 1995 ёки 3106 га ўхшаш

XYXY форматдаги пароллар ҳам кенг тарқалган экан, масалан, 2525, 5050 ва ҳоказо. Буни юқоридаги графикда диогонал чизиқлар анча ёрқинроқ эканидан кўришингиз мумкин.

Статистикага кўра, барча кодларнинг учдан бир қисмини атиги 61 хил комбинацияни синаб кўриш орқали тахмин қилиш мумкин.

Унда қанақа парол қўйиш керак?

Таҳлилларга кўра, қуйидаги пароллар энг кам тарқалган экан :

8557, 9047, 8438, 0439, 9539, 8196, 7063, 6093, 6827, 7394, 0859, 8957, 9480, 6793, 8398, 0738, 7637, 6835, 9629, 8093, 8068

Энг кам тарқалган пароллар

Унда шуларга ўзгартириш керакми? Йўқ, албатта, чунки бу мақолани битта сиз ўқимайсиз.

Парол танлашда шу мақолада келтирилганлар ва кўрган форматдаги пароллардан фарқли парол танласангиз, анча хавфсиз бўлади.

Айтганча, бу пароллар фақатгина пластик карталар эмас, умуман барча жойлардаги 4 хонали паролларга тегишли.

Жавоҳир Жўрахўжаев таржимаси

Мавзуга оид