Жаҳон | 14:10 / 16.08.2024
11199
2 дақиқада ўқилади

БМТ Ғазода 40 мингдан ортиқ фаластинликнинг ўлимини «тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат» деб атади

Аксарият ҳолларда бундай тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат Исроил армияси томонидан доимий равишда уруш қоидаларига риоя қилмаслик билан боғлиқ, деди Фолкер Турк.

Фото: Anadolu

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк блокада остидаги Ғазо секторида 40 мингдан ортиқ фаластинликнинг ҳалок бўлишини «тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат» деб атади. 

«Ҳалок бўлганларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Аксарият ҳолларда бундай тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат Исроил армияси томонидан уруш қоидаларига қатъий риоя қилмаслик туфайли юзага келяпти», — дейилади Олий комиссар баёнотида. 

Турк эксклав соғлиқни сақлаш идоралари ҳисоб-китобларига асосланиб, сўнгги 10 ой ичида Ғазода ҳар куни ўртача 130 га яқин одам ҳалок бўлганини айтди. «Исроил ҳарбийларининг уйлар, касалхоналар, мактаблар ва ибодат жойларини вайрон қилиш кўлами чуқур шокка солади», деди у. 

БМТ Олий комиссари дунё бу қирғинларга чек қўйишга қодир бўла олмаётганини таъкидлади. 

Турк, шунингдек, Ғазо секторидаги қотилликларни «бир марта ва бутунлай» тўхтатиш ҳамда барча маҳбусларни озод қилишга чақирди. 

«Исроилнинг ноқонуний босиб оккупациясига барҳам бериш ва халқаро миқёсда тан олинган икки давлат қарори ҳақиқатга айланиши керак», - дея хулоса қилди у.

Ғазодаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида, 2023 йил 7 октябридан бери Исроилнинг блокада остидаги Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 40 минг 505 нафарга етгани, улардан 16 минг 314 нафари болалар экани айтилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид