Жаҳон | 20:33 / 16.08.2024
13348
2 дақиқада ўқилади

«Крокус Сити Холл»даги терактда айбланган тожикистонликларнинг ҳибсда қолиш муддати узайтирилди

Суд уларни 2024 йил 22 ноябрга қадар ҳибсда қолдирди, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Фото: Telegram / moscowcourts

16 август куни Москванинг Басманний суди «Крокус Сити Холл»даги терактда айбланаётган Тожикистоннинг тўрт нафар фуқаросини ҳибсда сақлаш муддатини тергов органлари талабига биноан узайтирди.

Маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Тергов органларининг илтимосига биноан Муҳаммадсобир Файзов, Далержон Мирзоев, Муродали Ражабализода ва Фаридуни Шамсиддин яна уч ойга — 2024 йил 22 ноябрга қадар ҳибсда қоладиган бўлди. Ушбу тожикистонликлар терактнинг бевосита ижрочилари сифатида гумонланмоқда.

Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залига ҳужум жорий йилнинг 22 март куни содир бўлди. Тўрт нафар қуролли шахс концертга келган одамларга қарата ўқ узди, залга ўт қўйди, сўнг бинони тарк этиб, машинада қочиб кетди. Оқибатда 144 киши ҳалок бўлди, бир неча юз киши жароҳатланди.

Ушбу ҳужум замонавий Россия тарихидаги энг йирик терактлардан бирига айланди. Теракт учун жавобгарликни «Вилояти Хуросон» террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳужумни содир этишда ва уюштиришда ёрдам беришда гумон қилинган 18 кишини қўлга олди, уларнинг аксарияти Тожикистон фуқароларидир.

Мавзуга оид