Спорт | 22:42 / 16.08.2024
5611
2 дақиқада ўқилади

«Манчестер Сити» молиявий қоидабузарликлар туфайли қуйи лигага равона бўлиши мумкин – ОАВ

АПЛ раҳбарияти клубни нотўғри молиявий маълумотларни тақдим этиш, тергов билан ҳамкорлик қилмаганлик, ҳалол ўйин ва молиявий барқарорлик қоидаларига риоя қилмаганликда айбламоқда.

Фото: The New York Times

Англиянинг «Манчестер Сити» клуби молиявий қоидабузарликлар туфайли 70-80 очкодан маҳрум қилиниши мумкин. Бу эса жамоани муқаррар равишда қуйи лигага равона қилади, деб ёзди The New York Times (NYT) ўз манбаларига таяниб.

Қайд қилинишича, Англия Премйер-лигаси (АПЛ) раҳбарияти клубни 100 дан ортиқ молиявий қоидабузарликларда гумон қилмоқда. Бу ҳақда Премйер-лига клубларидан бирининг раҳбари нашрга маълум қилган.

«Мен эшитган жамоавий фикр шуки, клуб очколарни сезиларли даражада камайтирадиган тарзда жазоланиши керак. Гап 70-80 очко ҳақида кетмоқда - бу «Манчестер Сити»ни Чемпионшипда (қуйи лигада) бир мавсум ўтказишини кафолатлайди», деди манба.

Премйер-лиганинг яна бир таниқли арбоби жазо қаттиқроқ бўлишини айтган - очколар кетма-кет уч мавсум давомида олиб ташланиши мумкин, яъни клубнинг Чемпионлар Лигасига йўлланма олиш имконияти кескин чекланади.

Аввалроқ Daily Mail нашри «Манчестер Сити» иши бўйича тингловлар 2024 йил кузида бошланиши, ҳукм эса 2025 йил баҳорида эълон қилиниши ҳақида хабар берган эди.

Аввалроқ, АПЛ «Манчестер Сити» клуби 2008 йилда City Football Group томонидан сотиб олинганидан кейин, юздан ортиқ қоидабузарликлар аниқланганини эълон қилган эди. Лиганинг даъволари орасида нотўғри молиявий маълумотларни тақдим этиш, тергов билан ҳамкорлик қилмаганлик, жамоани Роберто Манчини бошқарган 2009 йилдан 2013 йилгача бўлган даврда мураббийларга тўланган мукофот пулларини ошкор этмаганлик, 2013 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда ҳалол ўйин ва молиявий барқарорлик қоидаларига риоя қилмаганлик кабилар бор. «Манчестер Сити» барча айбловларни рад этиб келмоқда.

Мавзуга оид