Жаҳон | 22:09 / 17.08.2024
5888
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда шифокорлар ўз ҳамкасби шафқатсизларча ўлдирилганидан кейин оммавий иш ташлашди

Улар ҳукуматдан шифокор аёлни зўрлаб ўлдирган жиноятчини топиш ва жазолашни талаб қилмоқда.

Фото: Times of India

Ҳиндистон Тиббиёт Ассоциацияси (IMA) 24 соатлик иш ташлаш эълон қилди, бу вақт давомида жарроҳлик операциялари амалга оширилмайди ва амбулатор беморлар қабул қилинмайди. Бу ҳақда Times of India хабар берди.

Мамлакатнинг энг йирик касаба уюшмаси баёнотида таъкидланганидек, ҳукумат эътиборини шифокорларнинг иш жойидаги хавфсизлиги муаммосига ва Калкуттада стажёр шифокор аёлнинг шафқатсизларча ўлдирилишида айбдорларни жазолаш зарурлигига қаратиши керак. Шифокорлар акцияси шу билан боғлиқ.

Умуммиллий иш ташлаш 17 август куни маҳаллий вақт билан соат 6:00 да бошланди. Иштирокчи тиббиёт муассасаларида кундузи амбулатория бўлимлари ишламайди ва режали жарроҳлик амалиётлари ўтказилмайди. Бироқ, шифокорлар жароҳатлар каби фавқулодда ҳолатларда асосий хизматлар ва ёрдам кўрсатишда давом этади.

9 август куни Калкуттадаги тиббиёт муассасаси семинарлар залида 31 ёшли шифокор аёлнинг жасади топилди. Унда зўрлаш аломатлари, кўплаб жароҳатлар ва бўғилиш белгилари аниқланган. Аввалига полиция марҳумни ўз жонига қасд қилганини эълон қилди, бироқ кейинчалик маълум бўлишича, стажёр аёл ҳақиқатан ҳам иш жойида зўрланган ва ўлдирилган.

Эртаси куни Калкуттада шифокорлар жиноятчиларни тезроқ топишни талаб қилиб, намойиш ўтказдилар. Акция бошқа штатларга ҳам тарқалди - сўнгги кунларда Ню-Деҳли, Калкутта, Мумбай, Ҳайдаробод, Пуне ва бошқа шаҳарларда минглаб норозилик юришлари бўлиб ўтди.

Мавзуга оид