Иқтисодиёт | 15:57 / 18.08.2024
5371
5 дақиқада ўқилади

“Қишлоқ хўжалиги соҳаси учун ҚҚСнинг алоҳида ставкасини қўллаш керак” — тадбиркор

Тадбиркор Фахриддин Илёсовнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи фермерларда кирувчи ҚҚС йўқлиги сабабли уларда олаётган даромадига нисбатан солиқ юки катта бўлиб кетяпти. Шу сабабли у соҳада ҚҚСнинг алоҳида ставкасини қўллашга чақирди. Бу қишлоқ хўжалигидаги яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга ёрдам беради, дейди тадбиркор.

Фото: Kun.uz

Фахриддин Илёсов – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш фаолияти билан шуғулланади. У Kun.uz'га берган интервюсида ўз бизнесида дуч келаётган муаммо ҳақида гапириб берди. Тадбиркор президентнинг бизнес вакиллари билан учрашувида таклифлари инобатга олинишидан умид қилмоқда.

“Фермерларда кирувчи ҚҚС йўқлиги учун солиқ юки ошиб кетяпти”

— Республикадаги энг катта экспортёрлардан биримиз. Хитой, Дубай, Россияга экспорт қиламиз. Россия-Украина урушидан олдин Европага, Швециягача маҳсулот сотганмиз. Қуритилган сабзавотларни Германия ва Австрияга сотамиз.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг муаммоси бугунги кунда қўшимча қиймат солиғи билан боғлиқ. Шу сабабли президентнинг тадбиркорлар билан мулоқоти олдидан Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган учрашувда бу борада таклиф бердик. Таклифимни батафсил тушунтираман.

Ҳозирги ҳолат бўйича 12 фоизлик ҚҚСда 1 млрд сўмгача айланмага эга бўлганлар ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди. Улар 4 фоизлик айланмадан олинадиган солиқ тўлайди. Бизнинг соҳада фермерларга 1 млрд сўмдан кўп айланма қилиш самарасиз, чунки айланма 1 млрд сўмдан ошиб кетса, ҚҚС тўлаши керак бўлади. Бу нимага олиб келади – ҳамма 1 млрд сўм доирасидан чиқмасликка ҳаракат қилади. Дейлик, қайсидир фермернинг айланмаси 1 млрддан ошди, лекин унда кирувчи ҚҚС деярли йўқ. Фақатгина ўғит сотиб олаётганда унда кирувчи ҚҚС бўлади, қолган ҳамма харажати ҚҚСсиз харажат ҳисобланади. Балки ўша харажатларни нақд пулга сотиб олаётганда ҚҚС бўлиши мумкин, лекин у кирувчи ҚҚС ҳисобланмайди, ундан ҚҚС чиқмайди. Фермер олаётган даромадига нисбатан солиқ юки катта бўлиб кетади. 12 фоизнинг ичидан чиқса 1 фоизи “зачет” сифатида чиқади, қолгани чиқмайди.

Биз тўхтамасдан қишлоқ хўжалигига субсидия бермоқчи бўляпмиз, у субсидияларнинг ҳаммаси берилаётганда ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Биз барибир ўша пулларни қишлоқ хўжалигига беряпмиз, лекин жараён муаммоли. 12 фоизлик ҚҚСни ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотига нисбатан олиб қарасак, 10 фоиз ҳам бўлмаса керак. 10 фоиз фермер ҳам 12 фоизлик ҚҚСни тўлаётгани йўқ. Ҳаммаси 1 млрдлик доиранинг ичида қолиш ниятида. Керак бўлса, бир сўм ҳам тўламайди. Яширин иқтисодиётнинг энг катта қисми қишлоқ хўжалигининг мева-сабзавот қисмида. Ҳеч ким ҳеч нарса тўламаяпти, ҳамма 1 млрднинг пастида. 12 фоизлик ҚҚСнинг ўзи қишлоқ хўжалигидаги маржага оғирлик қилади.

Халқаро тажриба

Биз халқаро тажрибани ўргандик. Жамоатчилик кенгаши билан Туркияга бордик, уларда қишлоқ хўжалиги учун ҚҚС 1 фоиз экан, Хитойда ҚҚС – 13 фоиз, қишлоқ хўжалиги учун 0,01 фоиз. Деярли йўқ, бу ҚҚСни ҳисоблаш учун статистика юритиш мақсадида қўйилган. Дейлик, Германияда ҚҚС 16 фоиз бўлса, қишлоқ хўжалиги учун 7 фоиз, Францияда ҳам шундай.

Булар – узоқроқ давлатлар, яқинроқ давлатлар ҳақида гапирайлик десак, энг бизнес учун ноқулай солиқ тизими Россияда. Унда ҳам 20 фоиз ҚҚС, қишлоқ хўжалиги учун 10 фоиз. Қозоғистонда 12 фоиз ҚҚС ҳамма учун бир хил, лекин қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун 70 фоиз чегирма бор. Дейлик, 100 сўмлик зачет қилди, 200 сўм ҚҚС тўлаши керак бўлса, шу 200 сўмдан 100 сўмини олиб ташлаб, 70 фоиз чегирма қилиб, 30 сўм тўлайди.

Агар қишлоқ хўжалиги учун алоҳида ставка жорий қилинса…

— Биз ҳам дейлик 12 фоиз эмас, 2 фоизми, 4 фоизми, 6 фоизми – қулай бўлган рақамга қайтсак. Биз Солиқ қўмитасидан мева-сабзавот етиштирувчи тадбиркорларнинг қанчасидан қанча ҚҚС йиғилгани ҳақидаги маълумотларни сўрадик, аммо олишнинг имкони бўлмади. Биз бунда қанча ҚҚС йиғилиши кераклиги ва аслида қанча йиғилгани ҳақидаги аниқ маълумотларга эга бўлардик.

Дейлик, ҚҚСни 2 ёки 4 фоизга тушириб, 1 млрд сўмлик лимит олиб ташланди, ҳамма ҚҚС тўловчи бўлди. Катта фермер хўжалиги яратишга нисбатан қизиқиш пайдо бўлади, чунки солиқ юки ошиб кетмаяпти. Иккинчи тарафдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлатадиган хўжалик юритувчи субъектларда кирувчи ҚҚС пайдо бўлади. Ҳозир улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҚҚС билан олиб сотолмаяпти. Улар бозорда нақд пулга сотиб оляпти, лекин уларга нисбатан ҚҚС йўқ. Бориб фермернинг ўзида сотиб олса ҳам.

Бу масала ҳам фермерларнинг ривожланиши учун керак, иккинчи тарафдан фермерларнинг харидорига ҳам кирувчи ҚҚС пайдо бўлиши учун керак. Фермер 4 фоизлик айланмадан олинадиган солиғини ёзяпти-да, харидорга ҚҚС ёзиб бермаяпти ва фактурасиз беряпти. Агар ҳамма ҚҚС тўловчи бўлса, унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олувчилар (дўконлар, супермаркетлар, ресторанлар)да кирувчи ҚҚС пайдо бўлади.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид