Ўзбекистон | 21:05 / 20.08.2024
3428
6 дақиқада ўқилади

20 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун белгиланган муддат, тадбиркорлар учун бекор қилинган электр ва газга лимитдан юқори икки карра тўлов ва хусусий секторга берилаётган ҳудудий электр тармоқлари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти

Нукус шаҳрида президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

Илғор технологиялар асосида замонавий корхоналар очаётган, юз минглаб янги иш ўринларини яратаётган ва дунё бозорларига жадал кириб бораётган тадбиркорларнинг иқтисодиётдаги ҳиссаси беқиёс экани, ривожланган давлатларда ўз бизнесини йўлга қўйган, катта-катта натижалари билан юртимиз номини чет элликларга танитаётган кўплаб ватандошларимиз борлигини қайд этди.

«Сизлар янгилик яратишдан, ташаббус кўрсатишдан чарчаманглар. Сизларни қўллаб-қувватлашга, янада қулай шароитлар яратиб беришга мен доим тайёрман!» — деди президент.

Тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланди, 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилди.

Уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этиб, илк бор 300 мингтага етди. Яна 100 мингдан зиёд шундай якка тартибдаги тадбиркорлар бор.

Бу йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 трлн сўмга етгани, йиллик айланмаси 10 млрд сўмдан 100 млд сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайгани қайд этилди.

Президент Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик ҳақида

Президент Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсадлари ва тенг рақобат муҳитини яратиш ҳақида гапирди.

Ички бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кўтарилган учинчи йўналиш бўлди.

Аввало, Ўзбекистоннинг етти ойлик экспорти 13 фоизга ўсиб, 10 млрд доллардан ошди, аввал экспорт қилмаган 1 минг 610 та корхона ташқи бозорларга чиққани таъкидланди.

Давлат раҳбари Жаҳон савдо ташкилотига 2026 йилда аъзо бўлиш бўйича катта қадамлар қўйилганини айтди.

“Ушбу ташкилотга кириш — чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларимизнинг ажралмас бир қисми. Лекин айримлар бунга шубҳа билан қараяпти, бошқалар “корхоналар синади, импорт босиб кетади” деган хавотир билан юрибди.

Эртанги кунимиз бу — тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади. Чунки халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди”, – деди давлат раҳбари.

Президент бундан буён, ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмаслиги, хоҳ давлат стратегик корхонаси бўлсин, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда барча тенг шароитда ишлашини таъкидлади.

Электр ва газга икки карра тўлов бекор қилинди

Президент барча саноат корхоналари лимитдан ошиб кетилганда электр ва газ учун тўлов 2 карра кўп ундирилаётганидан норози бўлаётганини таъкидлади.

«Саноатимизнинг ўсишига таъсир қиладиган бундай чекловлар қисқартирилиши белгиланди», — деди президент.

Шу сабабли энди электр ва газ истеъмоли лимитдан 20 фоизгача ошиб кетса ҳам базавий тариф сақланиб қолади. Агар истеъмол 20 фоиздан ўтиб кетса, ошган қисмига тўлов атиги 20 фоиз қимматлашади.

Бундан ташқари, тадбиркорлик рейтингида «юқори», «ўрта» тоифадаги корхоналарга электр учун олдиндан тўловни бир ойда иккига бўлиб тўлашга рухсат берилади.

«Эндиликда “инкассо” бўлганда ҳам, коммунал хизматларга тўловлар тўхтатилмайди», — деди давлат раҳбари.

Ҳудудий электр тармоқлари бошқаруви хусусий секторга берилади

Президент тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда сўнгги йилларда энергетика соҳаси ислоҳ қилиниб, хусусий секторга кенг йўл очиб берилгани, бу орқали 3,5 млрд долларлик хусусий шериклик лойиҳалари ишга тушди ва яна 31,5 млрд долларлик 50 та лойиҳа бўйича ишлар жадал давом этаётганини маълум қилди.

Президент “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг бошқарувини хусусий секторга беришда амалий босқич бошланишини айтди.

Октябрда Самарқанд вилоятидаги электр тармоқларига хусусий оператор жалб қилиш бўйича тендер эълон қилинади. Келгуси йил Жиззах ва Сирдарёда ҳам худди шундай ишлар амалга оширилади”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, мулоқотда ер ости бойликларини ўзлаштиришга тадбиркорларни кенг жалб этиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шу йилнинг ўзидаёқ 150 тадан ортиқ кон ва майдонлар тадбиркорларга сотилди.

“Йил якунигача яна 300 та кон ва майдонлар тадбиркорларга таклиф қилинади. Қурилишда қум-шағалга эҳтиёжни қоплаш мақсадида 110 миллион куб метр захирали 172 та кон ҳам тадбиркорлик учун ажратилади”, — деди президент.

Шунингдек, тадбиркор аукциондан ер сотиб олганда унга ҚҚС ҳисоблаш бекор этилиши маълум қилинганди. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сотилган ер бўйича харид суммасини уч йилгача, қолган ҳудудларда беш йилгача, 4- ва 5-тоифа туманлар учун эса ўн йилгача бўлиб тўлашга ҳам рухсат берилмоқда.

Мавзуга оид