Иқтисодиёт | 14:29 / 20.08.2024
23624
5 дақиқада ўқилади

«Бундан буён ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмайди» – президент тенг рақобат ва ЖСТга кириш ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда 2026 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсадлари ва тенг рақобат муҳитини яратиш ҳақида гапирди. «Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади», – деди президент. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Ички бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кўтарилган учинчи йўналиш бўлди.

Аввало, Ўзбекистоннинг етти ойлик экспорти 13 фоизга ўсиб, 10 миллиард доллардан ошди, аввал экспорт қилмаган 1 минг 610 та корхона ташқи бозорларга чиққани таъкидланди.

Давлат раҳбари Жаҳон савдо ташкилотига 2026 йилда аъзо бўлиш бўйича катта қадамлар қўйилганини айтди.

«Ушбу ташкилотга кириш – чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларимизнинг ажралмас бир қисми. Лекин айримлар бунга шубҳа билан қараяпти, бошқалар “корхоналар синади, импорт босиб кетади” деган хавотир билан юрибди.

Бир нарсани тушуниш зарур, импорт божлари ишлайди. Шунинг учун, ташкилот аъзолари билан музокаралар ўтказяпмиз.

Эртанги кунимиз – бу тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади. Чунки, халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди», – деди давлат раҳбари.

Президент Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик халқаро транзит юк ташишда ортиқча тўлов ёки чекловлардан халос қилишини қайд этди.

«Албатта, бу – рақобатдош бўлишимизга яна бир туртки беради», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Умуман, маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш, ташқи бозорларда муносиб ўрин топиш учун халқаро стандартларга ўтиш кераклиги таъкидланди.

«Масалан, пестицидлар назорати йўлга қўйилмас экан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 2030 йилгача 10 миллиард долларга етказиш бўйича белгилаган марраларга эришиб бўлмайди. Етиштираётган маҳсулотларимиз бозорини тополмасдан нобуд бўлаверади», – деди Мирзиёев.

Шу боис, бу йил озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича катта ўзгаришлар режалаштирилган. Бу орқали карантин, ветеринария, санепидемназорат ва стандарт ташкилотларининг такрорловчи ваколатлари қисқаради, тадбиркорларни қайта-қайта текширишга чек қўйилади.

Шунингдек, президент ён қўшниларнинг йиллик импорти 90 миллиард доллар бўлгани билан Ўзбекистоннинг ундаги улуши атиги 4 фоиз экани, ёки МДҲ доирасида эркин савдо режими ўрнатилгани билан, Ҳамдўстликдаги 500 миллиард долларлик импортда мамлакатимиз ҳиссаси 2 фоизга ҳам бормаслигини мисол қилиб келтирди.

«Демак, рақобат борасида ҳали анча ишлашимиз зарур. Бу борада катта ислоҳот бошланиб, икки ой олдин алоҳида фармон билан металлургия, кимё, энергетика ва телекоммуникация тармоғида эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.

Корпоратив харидларда ишлаб чиқариш учун олинадиган маҳсулотларга ҳам нарх устуворлиги бекор қилиниши қайд этилди.

Бундан буён, ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмаслиги, хоҳ давлат стратегик корхонаси бўлсин, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда барча тенг шароитда ишлаши таъкидланди», – дейилади расмий релизда.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш сари қадамлари

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни 2005 йилда тўхтаб қолган, 2020 йил июл ойига келиб жараён ишчи гуруҳнинг 4-учрашуви билан расман қайта бошланган эди. Ундан кейин 2022 йил июн, 2023 йил март ва 2023 йил ноябр ойларида, шунингдек, 2024 йил май ойида ишчи гуруҳ йиғилишлари бўлиб ўтди. Шу билан жами Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш бўйича 8та йиғилиш ўтказди.

Май ойидаги йиғилишда Ўзбекистонда илк бор ташкилотга аъзо бўлиш муддати борасидаги мақсадини эълон қилди. 2026 йил Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг 2026 йил Камерунда бўлиб ўтадиган вазирлар конференциясига қадар ушбу ташкилотга аъзо бўлиб киришни режалаштирмоқда.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида Ўзбекистон билан 30 дан ортиқ мамлакат икки томонлама музокара ўтказиш хоҳишини билдирган бўлиб, ҳозирда улардан 11 таси билан ўзаро бозорларга кириш бўйича келишувларга эришилди. Сўнгги бир йил ичида Ўзбекистондаги 40 га яқин ҳужжатлар ЖСТ нормаларига мослаштирилди.

3 июн куни ЖСтга аъзо бўлиш бўйича президент муҳим ҳужжатни имзолади. Унга мувофиқ, бир нечта йирик корхоналарга берилган эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинади.

4 июн куни Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади. 

Мавзуга оид