Жаҳон | 23:43 / 20.08.2024
3930
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон банклари санкция остидаги Россия банклари билан онлайн ўтказмаларни тўхтатди

«Керемет» банки сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, ҳар икки йўналишдаги пул ўтказмалари «номаълум муддатга» тўхтатилган.

Фото: banks.kg

Қирғизистоннинг «МБанк» ва «Керемет» банклари Россиянинг «Сбер», «МТC Банк» ва «Т-Банк» мобил иловалари орқали пут ўтказмаларини тўхтатди.

«Керемет» банки сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, ҳар икки йўналишдаги ўтказмалар «номаълум муддатга» тўхтатилган. Бу «НСПК» миллий тўлов тизими оператори орқали ҳам амалга ошириладиган ўтказмаларга тааллуқли. Пул ўтказмалари нима сабабдан тўхтатилганига изоҳ берилмаган.

«МБанк»нинг маълум қилишича, 16 августдан бошлаб кирувчи ўтказмалар санкцияга учрамаган банклар орқали рублда амалга оширилади. Нимадир ўзгариш бўлса банкдагилар мижозларга қўшимча хабар берилишини айтди. Ҳозирда бу эълон сайтдан ўчириб ташланган, банк сайтида ўтказмалар қайта тикланиши бўйича бирор янгилик йўқ.

Шу билан бирга, 17 август куни эълон қилинган янгиликларда Россия банклари билан пул ўтказмаларини фақат реквизитлар орқали амалга ошириш мумкинлиги ҳақида сўз боради.

«МБанк» Қирғизистондаги энг йирик банклардан. Экспертларнинг баҳолашича, Қирғизистон ва Россия ўртасидаги ўтказмаларнинг 60 фоизи ушбу банк ҳисобига тўғри келади.

Россиянинг ҳар уччала банки Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан кейин АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатларнинг санкцияларига учради. «Сбер»га қарши чекловлар 2022 йилнинг апрелида киритилди. 2023 йилнинг февралида эса рўйхатдан «МТC Банк», июлда бўлса «Т-Банк» жой олди.

Мавзуга оид