Ўзбекистон | 20:50 / 21.08.2024
3846
6 дақиқада ўқилади

21 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ўзбекистонга кириб келаётган Vodafone, сайлов учун рухсат олган партиялар, трансафғон темирйўли қурилиши, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилганлар томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Vodafone Ўзбекистонда

Ўзбекистонда Британиянинг Vodafone ва Финландиянинг Nokia компаниялари иштирокида янги уяли алоқа оператори пайдо бўлади.

Бу ҳақда тадбиркор Фарҳод Мамажонов президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида маълум қилган.

Компания 5G Standalone тармоғини ўрнатади. Инвестициялар ҳажми 250 миллион еврога баҳоланмоқда. 

«Биз дунёдаги нуфузли компаниялардан бири Британиянинг Vodafone компанияси билан биргаликда Ўзбекистонда 5G Standalone мобил алоқасини йўлга қўйиш бўйича ишларни бошладик. Уяли алоқа компанияси янги йилда ишга тушади», — деган тадбиркор. 

Vodafone Group Plc қирқ йиллик тарихга эга ва 30 мамлакатда 434 миллион фойдаланувчи бўлган, дунёдаги энг йирик телекоммуникация компаниялари гуруҳларидан бири ҳисобланади.

Ушбу лойиҳада ускуна ва технологиялар етказиб берувчиси бўлган Финландиянинг Nokia компанияси ҳам иштирок этади.

Партияларга сайлов учун рухсат берилди

Марказий сайлов комиссиясида барча сиёсий партияга Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайловида қатнашиш учун рухсат берди.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистондаги 5 та сиёсий партияга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайловида қатнашиш учун рухсат берди.

Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича сайловида сайлов бюллетенига унда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи, рамзий белгиси уларнинг сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига мувофиқ кетма-кетликда киритилади.

Трансафғон темирйўли қурилиши

1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида имтиёзли савдо битими ишга тушади ва Афғонистоннинг қатор маҳсулотларига бож бекор қилинади, деди Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов.

17 август куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Афғонистонга ташриф буюрганди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон–Афғонистон бизнес-форуми ҳам ташкил этилди. Форумда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов чиқиш қилиб, икки томонлама ҳамкорликдаги муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди.

Вазирга кўра, мамлакатлар ўртасида ўзаро савдони янада ошириш ва яқин истиқболда 3 млрд долларга етказиш бўйича катта режалар бор.

Айритом–Ҳайратон чегара постида божхона тизими 24 соатлик иш режимига ўтказилмоқда. Афғон тадбиркорлари Термиз халқаро савдо марказига визасиз кириб, ҳеч қандай солиқларсиз фаолият юритиши мумкин бўлади.

“Ҳозир трансафғон темирйўл линияси қурилишини бошлаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Тез орада мазкур лойиҳа доирасида амалий ишлар бошланади”, — дея таъкидлаган Лазиз Қудратов.

Ўзбекистон ташқи савдоси

Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2024 йил январ-июл ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни тақдим этди.

Ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси 36,8 млрд долларга етган. Экспорт ҳажми 14,78 млрд доллар, импорт ҳажми эса 22,05 млрд. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан экспорт ҳажми 1,1 фоизга қисқарган, импорт ҳажми 10,1 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 7,26 млрд долларга етган.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатидаги ўрнини сақлаб қолган, бу борада Россиянинг улуши ҳам ошиб боряпти. Хитой билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 6,85 млрд долларга, Россия билан 6,80 млрд долларга етган. Шунингдек, ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Корея билан қайд этилган.

7 ой давомида олтинсиз экспорт 10,9 фоизга ўсиб, қарийб 10,6 млрд долларни ташкил этган. Мазкур даврда олтиннинг умумий экспортдаги улуши 28,4 фоиз ёки 4,2 млрд долларгача камайди. Сўнгги ойларда Ўзбекистон Марказий банки олтин экспорт қилмаяпти.

Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (35,4 фоиз), саноат товарлари (15,1 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,4 фоиз) ҳисобига тўғри келган.

Ҳисобот даврида Ўзбекистон 984 млн долларлик газ импорт қилди, бу 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда, қарийб 5 баробарга кўп. Ўз навбатида биргина июл ойида 174,2 млн долларлик газ сотиб олинган. Бу ўтган йилнинг июлига нисбатан 174 баробарга кўп.

Йўллардаги ўлимлар

Қоидабузарлиги ортидан ҳайдовчилик гувоҳномасидан вақтинчалик маҳрум этилган шахслар томонидан 2023 йилда такроран 707 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этиши оқибатида 212 киши ҳалок бўлган, 546 киши эса турли даражада тан жароҳатлари олган.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов ҳамда соҳа масъуллари иштирокида тизимда амалга оширилаётган ишлар, ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 6 ойи давомида республикадаги умумий ЙТҲлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳодисалар 1,1 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 9,2 фоизга камайган. Бироқ автоавариялар ва улар оқибатида ҳалок бўлаётганлар сони ҳанузгача юқорилигича қолмоқда.

2024 йилнинг биринчи ярмида мамлакат бўйича қонуний равишда ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар томонидан 10 млн 200 мингдан ортиқ қоидабузарлик содир этилган.

Мавзуга оид