Ўзбекистон | 21:26 / 22.08.2024
4233
6 дақиқада ўқилади

22 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Озарбойжон президентининг ташрифи, старт олган “Опенбюджет”нинг иккинчи мавсуми, махсус унвонларда хизмат муддати, маймунчечакка қарши жамоавий иммунитет — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Озарбойжон президентининг ташрифи

Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев 22-23 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди.

Ташриф давомида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбойжон етакчилари раислигида олий даражадаги музокаралар ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилиши режалаштирилган.

Саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Озарбойжон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, кооперация лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш, ишбилармонлик алоқаларини, шу жумладан ҳудудлараро алмашинувни ривожлантириш, транспорт-коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш, маданий-ҳуманитар алоқаларни фаоллаштириш ва бошқа масалалар диққат марказида бўлади.

Президентлар икки мамлакат бизнеси вакиллари билан учрашув ўтказиши, қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этиши ҳам кўзда тутилган.

Опенбюджет” яна старт олди

“Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги 2-мавсумига старт берилди. Маъқуллашдан ўтган ташаббуслар овоз йиғиши мумкин. Иккинчи мавсум 31 август соат 23:59 га қадар давом этади.

Фуқаролар ўзларига қулай бўлган усуллардан бири орқали овоз тўплашади. Бунда:

  • «Очиқ бюджет» порталининг веб-саҳифаси;
  • порталнинг мобил иловаси;
  • Telegram’ даги расмий бот ёрдамида овоз бериши мумкин.

Жорий мавсумда илгари сурилган лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 3 триллион сўм ажратилиши белгиланган. Бунда ҳар бир лойиҳа учун энг юқори қиймат 1 миллиард 360 миллион сўмни ташкил этади.

2024 йил март ойидан ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида овоз беришда соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида «бир фуқаро – бир овоз» тизими жорий этилган.

Ер участкаларининг ягона классификатори

Ҳозир ер фонди доирасида бир фаолиятдан бошқасига ўзгартириш тартиби аниқ белгиланмаган. Масалан, боғ ўрнида иссиқхона қиламан, деган тадбиркор ишни нимадан бошлашни, кимга мурожаат қилишни билмайди.

2025 йил 1 январдан Ўзбекистонда ер участкалари ва капитал қурилиш объектларининг ягона классификатори жорий этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 20 август куни Нукус шаҳрида тадбиркорлар билан мулоқотда маълум қилди.

Классификатор жорий этиш билан ҳар бир ер участкаси учун асосий фаолият турини қайсиларига алмаштириш мумкинлиги, қандай ёрдамчи иншоотларни жойлаштира олиши аниқ белгилаб берилиши режа қилинмоқда.

Бундан ташқари, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, пилла етиштириш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари учун улар жойлашган бино ва иншоотлар остидаги ерлар учун ер солиғи эндиликда саноат тоифаси ставкаси бўйича ҳисоблаб чиқилади. Классификатор жорий этилгандан сўнг улар қишлоқ хўжалиги ерларидаги каби ер солиғини тўлашга ҳам ўтади.

Махсус унвонларда хизмат муддати

Президент қарори билан ички ишлар органларида махсус унвонда хизмат ўташ муддатлари белгиланди.

Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилиб, махсус унвонда хизмат ўташ муддатларининг айримлари қуйидагича белгиланади:

  • “катта лейтенант” – 3 йил;
  • “капитан” – 4 йил;
  • “майор” – 5 йил;
  • “подполковник” – 6 йил”.

Шунингдек, бу унвонларда хизмат қилиш муддати Миллий гвардия, божхона органларида ҳамда ҳарбий хизматчилар учун ҳам тааллуқли экани белгиланди.

ИИО ходимларининг хизмат муддати 25 йилга узайтирилишига доир хабарлар ёлғон — ИИВ

Мавзу билан боғлиқ яна бир хабар: Ички ишлар вазирлиги тармоқларда тарқалган ИИО ходимларининг пенсияга чиқиш учун хизмат муддати 25 йилга узайтирилишига доир хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Вазирликка кўра, амалдаги «Ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун ҳамда 3413-сонли президент қарорига мувофиқ, ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимнинг хизмат муддати календар ҳисобда 20 йилга етганидан сўнг ўтаган хизмат муддати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши кўрсатиб ўтилган.

Маймунчечакка қарши жамоавий иммунитет

Санэпидқўмитага кўра, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 1980 йилдан аввал туғилган катта ёшдагилар чечак (халқ тилида — чинчечак) касаллигига қарши тўлиқ эмланган.

Aйнан шу қатламда жамоавий иммунитет мавжуд, боиси чинчечакка қарши эмлашдан кейин ҳосил бўлган иммунитет маймунчечакка қарши ҳам ишлайди ва касалликнинг кенг тарқалиш хавфини пасайтиради.

Маймунчечак – вирусли инфекция бўлиб, организмнинг умумий заҳарланиши ҳамда терида ўзига хос тошмалар тошиши билан кечади.

Шунингдек, маймунчечак касаллиги республика ҳудудига кириб келиши эҳтимоли жуда камлиги маълум қилинган. Касаллик аниқланган Европа мамлакатларида беморлар ва мулоқотда бўлганларга нисбатан алоҳидалаш чоралари олиб борилмоқда, эпидемияга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар эса тўлиқ самара бермоқда.

ЖССТ Европа иттифоқи маълумотларига кўра, маймунчечак эпидемияси COVID-19 пандемияси даражасида глобал муаммо туғдирмайди. Чунки касаллик ҳаво-томчи йўли билан эмас, касал билан бевосита контакт натижасида юқади.

Ўзбекистон аҳолиси

Дастуримиз сўнгида Ўзбекистон аҳолиси билан боғлиқ айрим қизиқ статистик маълумотлар.

2024 йил 1 июл ҳолатига республикамизнинг доимий аҳолиси 37 млн 134 минг 200 кишини ташкил этган. Ўзбекистонда доимий аҳоли аҳоли кунига ўртача 1800 кишига кўпаймоқда, деб хабар беради Статистика агентлиги.

Республикамиз аҳолисининг ўртача ёши 28,5 да. Доимий аҳолиси энг кўп булган ҳудуд Самарқанд вилояти — 4 млн 249 минг. Кейинги ўринда Фарғона вилояти — 4,1 млн ва Қашқадарё вилояти — 3,6 млн киши.

Мавзуга оид