Денгиз бағридан ёқилғи “сўраётган” қурилмалар: жаҳоннинг энг йирик нефт платформалари
Дунёдаги нефтнинг бир қисми денгиз ва океанлар тубидан қазиб олинмоқда. Бу учун нефт компаниялари 500 млндан 1 млрд долларгача нархланадиган платформалар ясатади. Дунёдаги энг йирик платформаларнинг оғирлиги бир неча ўн минг тоннага етади.
Бугун инсоният ўз эҳтиёжи учун Ер қаърида жойлашган барча бойликни “сўриб” олмоқда. Улар орасида айниқса нефтга талаб катта бўлмоқда. “Қора олтин”ни инсоният ҳаттоки денгизлар ва океанлар тубидан ҳам қазиб олмоқда.
Қуруқликда жойлашган нефтни олиш бирмунча осон. Бурғилаш йўли билан нефт жойлашган ергача қудуқ қазилади. Сўнг сўриб олувчи ускуналар ёрдамида нефт ер юзасига чиқарилиб, қувурлар ёки танкерлар билан қайта ишлаш заводларига ҳайдаб берилади.
Денгиз ва океанларда жойлашган конлардан нефт олиш бошқачароқ. Бунда энг аввал нефт топилган жойда платформа қуриш керак бўлади. Сўнг барча ишлар ана шу платформалардан туриб бажарилади.
Платформа тўлқинларга бардошли бўлиши учун бетон устунлар устига ўрнатилади ва уларни асосан кемасозлик компаниялари тайёрлаб беради.
Бугунги кунда энг йирик платформаларнинг оғирлиги бир неча ўн минг тонна, баландлиги бир неча юз метр чиқади.
Дунёдаги илк нефт платформаси 1949 йилда Каспий денгизида, Озарбойжоннинг Апшерон яриморолидан 40 км узоқликда қурилади. У энг биринчи қурилган платформа сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган.
Кейинчалик, ёқилғига талаб ошиб боравергач, дунёнинг бошқа давлатлари ҳам денгизлар ва океанлар остидан нефт қазиб олишга ўтишади. Бугун дунёнинг жуда кўплаб ҳудудларида нефт платформалари бор.
Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда дунёда қазиб чиқарилаётган нефтнинг 30 фоизга яқини нефт платформалари ёрдамида сув тубидан олинмоқда.
Кемасозлик компаниялари битта нефт платформасини ясаб, белгиланган жойга ўрнатиши учун миллиард доллардан ҳам зиёд маблағ олади. Шу сабабли уларни денгиз остида жуда катта нефт захиралари аниқланган жойларга ўрнатишади.
Қуйида нефт платформаларининг энг йириклари ҳақида сўз юритамиз.
Draugen
Норвегия қирғоқлари яқинидаги илк нефт кони 1967 йилда топилган. Кейинчалик геологик қидирувлар натижасида ҳудудда жуда йирик нефт конлари борлиги аниқланди.
Шундан сўнг Норвегия кўплаб нефт платформалари ўрнатди ва кўп ўтмай дунёдаги нефт қазиб олувчи давлатлар рўйхатининг юқори қисмидан жой олди.
Норвегияга тегишли Draugen дунёдаги энг йирик нефт платформаси ҳисобланади. Уни ўрнатиш ишлари 1984 йилда бошланган. 1993 йилда ишга туширилган.
Draugen’нинг сув устидаги оғирлиги 22 минг тонна бўлиб, у улкан бетон конструкция устига ўрнатилган. Платформа Норвегия қирғоқларидан 150 км узоқликда жойлашган. У қурилган ерда денгизнинг чуқурлиги 250 метрни ташкил этади.
Платформа тўлиқ қувват билан ишласа бир суткада 140 минг баррел нефт қазиб чиқариш имкониятига эга. Бу платформадан қазиб олинадиган нефт танкерлар билан, газ эса қувурлар орқали ташилади.
Perdido
Perdido нефт платформаси Кариб ҳавзасида, Мексика кўрфазида жойлашган бўлиб, уни Британиянинг Shell, Американинг Chevron ва Британиянинг British Petroleum компаниялари ҳамкорликда ишлатади.
Уни Финландиянинг Technip SA компанияси қурган. Сўнг 22 минг тонна оғирликдаги платформани баржа Болтиқ денгизидан 13 200 км масофага, Мексика кўрфазигача шатакка олиб судраб келади.
Платформа ишлаётган ҳудудда учта йирик - Great White, Tobago ва Silvertip нефт ва газ конлари аниқланган. Уларнинг жами захираси 3-15 млрд баррел деб баҳоланган.
Perdido сузувчи платформа ҳисобланади ва у турган жойда денгизнинг чуқурлиги 2 450 метрга етади. Платформа 2010 йилдан бошлаб нефт қазиб ола бошлаган. У суткасига 100 минг баррел нефт олиш имкониятига эга.
Платформада қарийб 200 киши 12 соатлик навбат билан ишлайди. Улар бир ойда 15 кун меҳнат қилади, 15 кун қуруқликда дам олади.
Perdido’да турли ускуналардан ташқари ишчилар учун дам олиш ва ётоқхоналари бор. Шунингдек, унинг энг тепа қисмида иккита вертолёт қўниш майдончаси ҳам бор.
Mars B
Mars B платформаси ҳам Мексика қўлтиғида жойлашган. Унинг эгаси Британиянинг Shell компанияси ҳисобланади. Shell платформани Британиянинг яна бир компанияси British Petroleum билан ҳамкорликда ишлатади.
1993 йилда Shell компанияси Mars платформасини яратиш лойиҳасини эълон қилади. Орадан уч йил ўтгач платформа қуриб битказилади ва ишга туширилади. Унинг сув устидаги қисми 36,5 минг тонна оғирликка эга.
Платформа ўрнатилган жойда денгиз чуқурлиги 896 метрни ташкил этади. Mars бир суткада 220 минг баррел нефт ва 6,2 млн метр куб газ қазиб олиш қувватига эга.
Mars платформасида қазиб олинган нефт ва газ 180 км узунликдаги қувурлар орқали Луизиана штатига етказилади. 2005 йилда Кариб ҳавзасида юз берган Кэтрин тўфони туфайли платформа жиддий шикастланади.
Уни таъмирлашга бир йил вақт сарфланади ва 2006 йилда платформа яна тўлақонли ишлай бошлайди.
Hibernia
Hibernia аслида Канадага тегишли Нюфаундленд ороли яқинида жойлашган нефт конининг номи. Кейинчалик кон тепасида қурилган платформага ҳам шу ном берилган.
Кон оролнинг жанубий-шарқида жойлашган Сент-Жонс шаҳридан 315 км узоқликда жойлашган ва у 1979 йилда топилган. Платформа қурилиши 1986 йилда бошланган ва у 1997 йилда ишга туширилган.
Hibernia дунёдаги энг йирик платформалардан бири ҳисобланади ва унинг оғирлиги қарийб 40 минг тоннани ташкил этади.
Платформа Канаданинг ўзида, Нюфаундленд ва Лабрадор оролларида ясалган. Сўнг шатакка олиб кон тепасигача тортиб борилган. Платформа жами оғирлиги 550 минг тонна оғирликдаги учта йирик бетон устун устига ўрнатилган.
Hibernia нефт конини ExxonMobil Canada (33,125 фоиз), Chevron Canada Resources (26,8 фоиз), Suncor (20 фоиз), Canada Hibernia Holding Corporation (8,5 фоиз), Murphy Oil (6,5 фоиз) ва Equinor Canada компаниялари ҳамкорликда ишлатади.
Troll
Troll газ платформаси ҳисобланиб, у Норвегиянинг ғарбий соҳиллари яқинида жойлашган шу номдаги газ кони устига ўрнатилган. Платформани қирғоқда ясаб, сўнг 200 км масофада жойлашган кон тепасига шатакка олиб тортиб боришган.
У 1991 йилда қурила бошланган ва 1995 йилда ўрнатилган. Ўша пайтда буюртмачи Troll учун 650 млн доллар тўлаган. Ўрнатилгандан бошлаб ундан Норвегиянинг Equinor давлат компанияси фойдаланиб келмоқда. Платформа ўрнатилган жойда денгиз чуқурлиги 303 метрга етади.
Troll платформасининг умумий узунлиги (сув остида қолган бетон қисми билан бирга) 483 метрни ташкил этади. Оғирлиги 683,6 минг тонна. Сув остидаги қисми билан 1,2 млн тонна.
Платформани тўртта бетон таянч кўтариб туради. Унинг баландлиги 303 метр бўлиб, Troll дунёдаги энг баланд платформа ҳисобланади. 1996 йилда у Гиннеснинг рекордлар китобига дунёдаги энг йирик газ платформаси сифатида киритилган. Кейинчалик Petronius платформаси ундан ўзиб кетган.
Беркут
Беркут платформаси Россияга тегишли бўлиб, у Охота денгизида, Сахалин оролидан 25 км узоқликка ўрнатилган. Бу ерда денгизнинг чуқурлиги 33,6 метрни ташкил этади.
Платформанинг оғирлиги 42 минг тоннани, баландлиги 75 метрни ташкил этади. Ундан 2014 йилда фойдаланишни бошлашган. Беркут “Роснефт” ва Американинг ExxonMobil компаниялари томонидан тикланган.
Беркут “Сахалин-1” лойиҳасининг бир қисми бўлиб, у Чайво, Одопту ва Аркутун-Даги нефт конларини ўзлаштириш учун қурилган. Сўнг Аркутун-Даги кони тепасига ўрнатилган. Унда бир суткада 90 минг баррел нефт қазиб олинади.
“Сахалин-1” лойиҳасида ExxonMobil’дан ташқари яна бир нечта хорижий компаниялар иштирок этаётганди. Уларнинг аксарияти Россия 2022 йил 24 феврал куни Украинага бостириб киргандан сўнг лойиҳадаги иштирокини тўхтатди.
Petronius
Petronius платформаси 1997 йилда қурила бошланган ва 2000 йилда ишга туширилган. У ҳам Мексика қўлтиғида, Ню-Орлеан шаҳридан 210 км узоқликда ўрнатилган.
Платформа Рим ёзувчиси Петронис шарафига номланган нефт ва газ кони устига ўрнатилган. Платформага ҳам коннинг номини беришган. Унга Американинг Chevron энергетика компанияси эгалик қилади.
Petronius дунёдаги энг йирик платформа ҳисобланади. Унинг сув остидаги қисми 640, сув устидаги баландлиги эса 75 метрни ташкил этади. 2010 йил Дубайда Бурж Халифа осмонўпар биноси қурилгунча Petronius платформаси дунёдаги энг баланд қурилма эди.
Petronius’нинг оғирлиги эса 50,5 минг тонна. Унинг тепасидаги палубанинг ўлчами 64 га 43 метр. Платформада 21 та қудуқ бўлиб, улардан бир суткада 60 минг баррел нефт ва 3 млн кубометр газ қазиб олинади.
Нефт ва газ платформалари ҳақида қизиқарли маълумотлар
Дунёдаги биринчи стационар нефт платформаси. 1938 йилда Мексика қўлтиғида, Луизиана штати қирғоқларидан 1,5 км узоқликда қурилган. Платформа қурилган жойда денгиз чуқурлиги 4,3 метр бўлган. Платформани ExxonMobil) ва Chevron компаниялари ҳамкорликда ишлатган. Кейинчалик у бузиб ташланган.
Ҳозир ҳам ишлаб турган энг кекса платформа. 1949 йилда Каспий денгизида, Озарбойжоннинг Апшерон яриморолидан 40 км узоқликда қурилади. У энг биринчи қурилган платформа сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган.
Энг шимолий платформа. 2015 йилда Жанубий Кореянинг Hyundai компанияси томонидан Норвегия учун Шимолий Муз океанидаги Баренц денгизида қуриб берилган. Бу платформа Голиаф деб ном берилган кон тепасига ўрнатилган. Платформани Eni (65 фоиз) ва Statoil (35 фоиз) ҳамкорликда ишлатади.
Арктикадаги ягона платформа. Россиянинг Ненец автоном округидаги Варандей қўрғонидан 55 км шимолда Арктика шелфида қурилган. “Приразломная” деб ном берилган бу платформа 2013 йилда ишга туширилган.
Ёниб кетган платформа. 1988 йилда Шотландия қирғоқлари яқинида қурилган ва Американинг Occidental Petroleum Corporation компаниясига тегишли Piper Alpha платформасида ёнғин юз беради.
Оқибатда платформа тўлиқ ёниб кетади ва унда бўлган 165 киши ва икки қутқарувчи ҳалок бўлади. 61 киши қутқарилади. Ушбу ҳодиса туфайли компания 1,7 млрд доллар зарар кўради ва тарихдаги энг қиммат техноген ҳалокат ҳисобланади.
Энг катта экологик зарар келтирган платформа. 2010 йилда Мексика қўлтиғида Deepwater Horizon платформасида кучли портлаш ва ёнғин содир бўлади. Оқибатда 152 кун давомида денгиз сатҳига нефт оқади ва 75 минг километр квадрат ҳудудни эгаллайди. Бу Мексика қўлтиғининг 5 фоиз ҳудуди ҳисобланади. Бу ҳодиса АҚШ тарихидаги энг йирик экологик ҳалокат ҳисобланади. Deepwater Horizon платформасини R&B Falcon компанияси буюртмасига кўра 2010 йилда Hyundai қуриб берган.
Энг узун платформа. Shell буюртмаси билан Финландия компанияси томонидан қуриб берилган Perdido дунёдаги энг узун (чуқур) платформа ҳисобланади. Унинг сув остидаги қисми 2 450 метрни ташкил этади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
16:49 / 16.11.2024
Океан сувларининг исиши чиғаноқ ҳосил қиладиган планктонларга хавф солмоқда — тадқиқот
12:37 / 27.10.2024
Нефт – дунё қироллари учун энди тож эмасми?
21:54 / 23.10.2024
Саудия Арабистони тежамкорликка ўтмоқда — FT
19:13 / 23.10.2024