Ўзбекистон | 21:04 / 26.08.2024
4024
6 дақиқада ўқилади

26 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Мустақиллик байрами арафасида мукофотланганлар, бошланаётган янги Умра мавсуми, бир ҳафтада ишдан олинган собиқ ҳоким ва Ўзбекистонда қоладиган ҳарбий учоқлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Байрам муносабати билан мукофотланганлар

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонларни имзолади.

Мукофотланганлар орасида вазирлар, вилоят ва туман ҳокимлари ва ҳукуматнинг бир қатор аъзолари ҳам бор.

Жумладан, Самарқанд, Тошкент ва Андижон вилояти ҳокимлари “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.

Фармонга кўра ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Раззақович — I даражали «Шон-шараф» ордени билан, Олий суд раиси Бахтиёр Исломов — «Дўстлик» ордени билан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Хонанда Севара Назархон «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвони билан тақдирланди. Тожикистонлик хонанда Нигина Амонқуловага ҳам шу унвон берилди.

Умра мавсуми бошланмоқда

2024 йил 10 сентябр кунидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этиладиган “Умра–2024”нинг навбатдаги мавсуми бошланиши эълон қилинди.

Бунда Ўзбекистон фуқаролари Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг тўғридан тўғри рейслари билан Саудия Арабистонига олиб борилади.

Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Макка шаҳрида эса 7 кун бўлади. Мавсум давомида тажрибали ишчи гуруҳи ва имом-хатиблардан иборат элликбошилар ҳамда малакали шифокорлар фуқароларга ҳамроҳ бўлади.

Мазкур шаҳарларда муборак қадамжоларга зиёрат ташкил этилади. Меҳмонхоналарда тиббиёт пунктлари, транспорт хизмати ва ишчи гуруҳлари штаблари 24 соат давомида фаолият юритади.

Янги лавозимга тайинланган собиқ ҳоким яна бўшатилди

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев 2024 йил 17 август куни шаҳар ободонлаштириш бўлими бошлиғи лавозимида иш бошлаганди. Аммо у ушбу лавозимда бир ҳафта ҳам ишлагани йўқ: шаҳар ҳокими Ғофур Абдураҳмоновнинг тегишли қарори билан ишдан олинган.

Дилмурод Раҳматуллаевнинг ишдан олинганини Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам Kun.uz’га тасдиқлади.

“Ишдан бўшатилгани рост. Бироқ бунга нима сабаб бўлганидан хабарим йўқ. Бироздан кейин ишдан бўшатилиш сабабларини аниқлаб айтаман”, деди ҳокимлик матбуот хизмати вакили.

Дилмурод Раҳматуллаев 2019 йил июн ойида вилоят ҳокими томонидан ўтказилган селектор йиғилишида қаттиқ танқид ва ҳақорат қилинганди. Ўша йили августда ўзига нисбатан фитна уюштирилаётганини айтиб, “Буни қоралайман, лаънатлайман” деб видео эълон қилган ва шундан сўнг ишдан олинганди.

Ҳибсхона бошлиғи 6,5 йилга қамалди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туман ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи 5 минг АҚШ доллари билан ушланган. Суд уни фирибгарлик, пора олиш ва пора бериш жиноятларини содир қилганликда айбли деб топган.

Суд ҳукмига кўра, А.О. тергов қилинаётган жиноят иши доирасида “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, ҳибсхонада сақланаётган МЧЖлардан бирининг мансабдори Д.Э. билан яқиндан танишган. Сўнгра ҳибсхонага турли нарсалар олиб кириш ва терговчининг рухсатисиз яқин қариндошлари билан учрашишга шароит яратиб беришини айтиб, бу “хизмати” учун пора тариқасида маҳбуснинг турмуш ўртоғидан 400 АҚШ доллари олган.

Шунингдек, ҳибсхона бошлиғи ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ҳибсхонада сақланаётган Д.Э.га адвокатлардан яқин таниши борлигини айтиб, юритилаётган жиноят ишида адвокат Жиззах шаҳар судида ишловчи танишлари орқали унга енгиллик қилиб бериш масаласида гаплашаётганини, бунинг учун 5 минг АҚШ доллари бериш кераклигини айтган ва Жиззах шаҳрида Д.Э.нинг турмуш ўртоғидан бу пулларни олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.

Суд ҳукми билан А.О.га 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У шунингдек ИИВ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан 2 йил 6 ой муддатга маҳрум этилган.

Учоқлар Ўзбекистонники

Афғонистондан Ўзбекистонга ўтган ҳарбий авиатехникалар

2021 йилда «Толибон» Кобулни эгаллаган кунларда афғонистонлик ҳарбийлар томонидан олиб ўтилган самолёт ва вертолётлар Ўзбекистонда қолади. Икки мамлакат расмийлари бу борада келишувга эришган, деди АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеник.

Дипломатнинг сўзларига кўра, томонлар аллақачон қўшма дастурни амалга оширишни бошлаган.

«Ушбу техникалар ҳеч қачон афғонларники бўлмаган, улар америкаликларники эди. Афғон армияси ундан фойдаланди, лекин уларнинг эгаси ҳамиша биз бўлганмиз», — деди Ҳеник.

Афғонистон матбуотига кўра, «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгунга қадар 164 та жанговар самолёт бўлган, ҳозирда уларнинг сони 81 та. Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари самолёт ва вертолётларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтишга муваффақ бўлган.

Мавзуга оид