Жамият | 11:35 / 26.08.2024
23329
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда амакиси томонидан жинсий зўравонликка учраган опа-сингил Ўзбекистонга қайтарилди

Қозоғистонда амакиси томонидан жинсий зўравонликка учраган 12 ва 17 ёшли опа-сингил ватанга қайтарилди. Қизларнинг опаси уларга васий этиб белгиланади.

Фото: Болалар омбудсмани

Қозоғистонда эркак ўз васийлигидаги қиз жиянларига жинсий зўравонлик қилган. Болалар омбудсмани маълум қилишича, опа-сингиллар Ўзбекистонга қайтарилди.

Қизларнинг опаси 6 июн куни болалар омбудсманига мурожаат қилиб, онаси ва отаси вафот этгани, 12 ва 17 ёшли сингиллари учун ўзи энг яқин қариндош бўлса-да, унга эмас, балки амакиси Р.Р.нинг васийлигига берилганини билдирган.

Амакиси эса қизларни Қозоғистонга уйига олиб кетган, қизларга уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этган. Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан эркак процессуал тартибида ушланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Болалар омбудсманининг Қозоғистон болалар омбудсмани билан биргаликдаги ҳамкорлиги натижасида вояга етмаган И.А. ва С.Р.га Олмаота шаҳри адаптация марказида барча зарурий ижтимоий-психологик кўмак кўрсатилган.

Жиноят иши доирасидаги улар билан боғлиқ барча тергов ҳаракатлари ўтказилиб бўлганидан сўнг, 24 август куни қизлар Ўзбекистонга қайтарилган ва Тошкент шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.

Шу кунларда қизларнинг опаси А.А.ни уларга васий этиб белгилашга оид ҳужжатлар расмийлаштирилиши жараёни кетмоқда.

Шунингдек, ҳозирда эркакка нисбатан дастлабки тергов тамомланиб, материаллар жиноят ишлари бўйича тегишли туман судига юборилган.

Мавзуга оид