Newsweek: КХДР Россияга 13 мингта контейнерда қурол етказиб берди
2022 йил ўрталаридан бошлаб Шимолий Кореянинг Нажин порти орқали Россия Федерациясига юклар етказиб берилмоқда. Контейнерларда қурол ва ўқ-дорилар бўлган, деб хабар берди Newsweek разведка маълумотларига таяниб.
Американинг Newsweek нашри 27 август куни Жанубий Корея разведкаси маълумотларига таяниб, Шимолий Корея 2022 йил ўрталаридан бери Россияга қурол-яроғ бўлган 13 мингдан ортиқ денгиз контейнерларини жўнатганини хабар қилди.
Етказиб бериш КХДР шарқидаги Нажин порти орқали амалга оширилди. Контейнерларда олти миллиондан ортиқ 152 миллиметрли артиллерия снарядлари, шунингдек, 122 миллиметрли артиллерия снарядлари, мобил зенит-ракета тизимлари, танкка қарши ракеталар ва бошқа ҳарбий техникалар бўлган бўлиши мумкин. Денгиз орқали юк ташишнинг бу ҳажми жорий йил феврал ойидаги Жанубий Корея маълумотларидан деярли икки баравар кўп.
Ўшанда Жанубий Корея мудофаа вазири Син Вон Сик Пхенян Россияга қурол-яроғ билан салкам етти мингта денгиз контейнерини юборганини айтди. Июн ойида Bloomberg мухбирлари билан суҳбатда вазир КХДР Россия Федерациясига беш миллиондан ортиқ артиллерия снарядлари юборганини таъкидлади. Россия қурол етказиб бериш эвазига Шимолий Кореяга энергия ресурслари, шунингдек, ракеталар ва разведка йўлдошларини яратиш учун космик технологиялар беради.
Россия ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик кенгайиши
Украинага қуролли ҳужумдан кейин Россия КХДР билан ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. 2023 йил сентябрида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россияга ташриф билан келди. Шу йилнинг июн ойида Россия президенти Владимир Путин жавоб ташрифи билан КХДРга борди.
Икки давлат расмийларининг хабар беришича, учрашувларда асосан иқтисодий ҳамкорлик муҳокама қилинган. Улар КХДР Россияга қурол етказиб беришини рад этди. Феврал ойида америкалик суриштирувчилар сунъий йўлдошдан олинган юзлаб суратларни таҳлил қилиб, 2023 йил августидан бери Шимолий Корея Россияга 2,5 миллиондан ортиқ ўқ-дори етказиб берган бўлиши мумкинлигини аниқлади.
Украина Бош прокуратураси аллақачон Россия Украина ҳудудларини ўққа тутишда Шимолий Корея ракеталаридан фойдаланганини қайд этган.
Мавзуга оид
16:42
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
10:47
Россия 145 та дрон билан Украинанинг йирик шаҳарларига ҳужум қилди
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
15:10 / 09.11.2024