Жаҳон | 11:24 / 29.08.2024
1895
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: БАА банклари Хитой электроникаси учун Россиядан тўловларни блокламоқда

Агар Хитойдан электр жиҳозлари БААни четлаб ўтиб, тўғридан тўғри Россияга кетса, тўловларни блоклаш жорий этиляпти, деб ёзади «Коммерсант».

Фото: Kun.uz

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) банклари август ойида Россия Федерацияси компанияларидан электрон компонентлар ва маиший электроника учун тўловларни блоклашни бошлади. Бу ҳақда 28 август, чоршанба куни «Коммерсант» газетаси ўз сайтида маълум қилди.

Унинг маълумотларига кўра, блоклаш ускуналар БААга келмаган ҳолларда жорий этиляпти.

«Россия ташкилотлари БААдаги компаниялардан Хитойга электроника учун маблағ ўтказиш усули сифатида фойдаланган, аммо товарларнинг ўзи дарҳол Россия Федерациясига жўнатилган», деб тушунтирди нашр манбаси.

Унга кўра, БАА орқали тўловларни амалга оширишда комиссия фақат 1-3 фоизни ташкил қилади. Банклар АҚШнинг иккиламчи санкциялари таҳдиди туфайли транзакцияларни рад этишни бошлади.

«Бештау» электроника ишлаб чиқарувчиси бош директори Олег Осиповнинг тушунтиришича, кўплаб рус ташкилотлари Украинада уруш бошланганидан кейин Дубайда ўз ваколатхоналарини очган. Биргина 2023 йил охирига келиб БААда 1000 га яқин рус компанияси очилди, деб ёзади «Коммерсант».

Хитой компаниялари маблағ манбасини текширишни талаб қилди 

«Россия-Осиё саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи» раиси Виталий Манкевич шундай деди: «Хитой томони учинчи давлатлар орқали транзакцияларни амалга оширишни ёқтирмайди».

Осиповнинг сўзларига кўра, блоклаш Хитой банклари томонидан бошланган. Хусусан, улар Дубай ташкилотларидан ўзларига келиб тушган маблағлар манбаси, шунингдек, божхона декларацияси тўғрисидаги маълумотларни сўрашни бошлади, дея аниқлик киритди у.

Россия ва Хитой 30 йил ичида биринчи марта бартерга ўтиши мумкин
 
Россия ва Хитой Украинага қарши ҳужум учун Россияга нисбатан санкциялар доирасида АҚШ томонидан назорат қилинадиган банк тизимларидан фойдаланишни чеклаш учун қарийб 30 йил ичида биринчи марта бартер савдо схемаларига ўтиши мумкин. Бу ҳақда Reuters агентлиги савдо ва тўловлар соҳасидаги уч манбага таяниб хабар берди. 

Россия Федерацияси бартер савдоси қоидаларини ишлаб чиқмоқда ва агентлик томонидан сўралган рус манбалари Хитой ҳам шундай қилмоқда, деган тахминда.

Россия президенти Владимир Путиннинг май ойида Хитойга ташрифи чоғида томонлар Хитой банклари орқали тўловларни кечиктириш масаласини муҳокама қилган эди. Россия президентининг сафари олдидан АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Пекинни Хитой компаниялари Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватласа, уларга қарши иккиламчи санкциялар таҳдиди ҳақида яна бир бор огоҳлантирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид