Спорт | 15:09 / 31.08.2024
4238
15 дақиқада ўқилади

АПЛда класико, «Рома» ўзгарган «Юве»га қарши, «Атлетико»ни оғир сафар кутмоқда — ҳафта ўйинлари анонси

Фото: Getty images

Келаси ойдан миллий жамоалар билан боғлиқ танаффус ўтгач, Европада катта футбол ойлиги бошланади – чемпионатлардан ташқари, еврокубок ва ички кубоклар ҳисобига ҳафтасига икки мартадан ўйинлар бўлиб ўтади. Икки ҳафталик танаффус олдидан яхши кайфият ҳосил қилиш учун эса ушбу дам олиш кунларидаги ўйинлар жуда муҳим. Бир қатор жамоалар қайд этаётган юз фоизлик серияни давом эттиришга ҳаракат қилишса, бошқалар ниҳоят тўғри йўлга тушиб олишга уринишади. Яна бир муҳим жиҳат – кеча трансфер ойнаси ёпилди, демак, энди қишгача фақат машғулотлар ёрдамида ўйинни яхшилаш мумкин бўлади холос.

АРСЕНАЛ – БРАЙТОН (31 август, 16:30)

«Брайтон» анъанавий равишда мавсум бошларини жуда яхши ўтказади. Буни изоҳлаш мумкин – жамоа ўйин ташкил этиш борасида Англияда энг яхши йўлга қўйилганлардан бири экан, табиийки, мавсум бошида, ҳамма яхши формада бўлганида «Брайтон»ни ютиш қийин. Муаммолар кейин бошланади. Турли жароҳатлар, етакчилардаги чарчоқ аломатлари пайдо бўлгач, ўйинга путур етади. Ўтган йили еврокубокларда ҳам қатнашган «Брайтон» мавсум охирини жуда ёмон ўтказганди. Клуб шу ёз трансфер бозорида фаол бўлиш орқали ушбу масалани ҳал қилишга уринмоқда. Демак бу мавсум анча барқарорроқ «Брайтон»ни кўришимиз мумкин.

«Арсенал» эса навбатдаги АПЛ чемпионлиги учун асосий фаворитлардан бири саналади. Камида иккинчи, ҳатто баъзи мутахассислар жамоани «Манчестер Сити»дан ҳам юқори қўймоқда. Дастлабки икки тур фаразларни исботлади ҳам, айниқса, «Астон Вилла» уйидаги ғалаба алоҳида эътирофга молик. Хуллас, айни пайтда юз фоизлик натижа кўрсатаётган бу икки жамоанинг даражаси тасодиф эмас.

Ўтган мавсумда «Арсенал» рақиби устидан яққол устунлик қилган. Лондонда 2:0 ҳисобида устун келган бўлса, меҳмонда Артета шогирдлари йирик ҳисобда (3:0) ғалаба қозонганди. Аммо бир йил аввалги мавсум ҳам эсимизда – кучли тўртлик учун курашаётган «Арсенал» ўз майдонида айнан «Брайтон» томонидан тўхтатилганди. Ўшанда меҳмонлар йирик ҳисобда ғалаба қозонган. Умуман сўнгги ўйинларда, хусусан Лондонда ўтган охирги 4 ўйиннинг учтасида «Брайтон» ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққанига эътибор қаратиш керак. Икки марта АПЛ доирасида меҳмонлар уч очко олиб кетган бўлса, бир марта «Арсенал»ни Лига кубогидан чиқариб юборишган.

Таркиблар борасида деярли муаммолар, яъни янги жароҳатланганлар йўқ. Фақат «Арсенал» яқиндагина сотиб олган Микел Мерино елкасидан жароҳат олиб, дебютини кечиктиришга мажбур бўлди. Шунингдек, Габриэл Жезус ҳам катта эҳтимол билан танаффусдан кейин сафга қайтади. Меҳмонларда ҳам шунга яқин ҳолат бор. «Селтик»дан 22 миллионга сотиб олинган Мэтю Рейли ўтган куни Лига кубоги баҳсида асосий таркибда майдонга тушди ва 9 дақиқа ўтиб майдоннни тарк этди. 23 ёшли даниялик яримҳимоячи камида уч ойдан сўнг сафга қайтади.

АТЛЕТИК – АТЛЕТИКО (31 август, 22:00)

«Атлетик»дан ўтган мавсумдаги яхши иштироки, «Атлетико»дан эса доимий даражаси ҳамда ёздаги яхши харидлари эвазига кўп нарса кутилмоқда. Аммо ҳар икки жамоа учун ҳам дастлабки турлар омадли кечмади, деб бемалол айтиш мумкин. «Атлетико» учун уч ўйинда икки марта дуранг ўйнаш кўплик қилади, билбаоликлар эса илк ғалабасини учинчи турга келибгина қўлга киритди. «Барселона»дан мағлубиятни тушуниш мумкин, аммо ўз майдонида «Хетафе» билан дурангни йўқотиш деб ҳисобласа бўлади. Жамоаларнинг кайфиятидан келиб чиқсак, бу ўйин жуда курашларга бой ва муросасиз ўтишини ҳозирдан тахмин қилиш мумкин. Сўнгги пайтлардаги ўзаро ўйинлар ҳам бундан далолат қилади. Ўтган мавсумда ҳар икки ўйинда мезбонлар устун келган бўлишса, Испания кубогидаги икки ўйинда ҳам «Атлетик» ғалаба қозониб, номдор рақибини мусобақадан чиқариб юборганди. Билбаода ўтган охирги 7 ўйиннинг 5 тасида мезбонлар ғалаба қозониб, бир ўйин дуранг билан якунлангани ҳам Симеоне шогирдлари учун осон бўлмаслигини кўрсатиб турибди. Охирги 8 ўзаро ўйинда бирорта ҳам дуранг қайд этилмаган.

Яна бир қизиқарли факт – «Атлетик» ўтган мавсумнинг 1-турини «Реал»га қарши ўтказиб, 0:2 ҳисобида бой берганди. Ўша ўйиндан бери мана, қарийб бир йилдан ошиқ вақт мобайнида билбаоликлар ўз майдонида бирорта ҳам учрашувда мағлубиятга учрамади. «Атлетико»нинг сафар ўйинлардаги мағлубиятсиз серияси эса 6 тага етган.

Жароҳатлар борасида меҳмонларда йўқотишлар йўқ. Мезбонлар дарвозабони Унаи Симон Европа чемпионатидан сўнг ҳали майдонга тушгани йўқ ва ушбу ўйинга ҳам тайёр бўлиши сўроқ остида. Шунингдек, Паредес ва Берчичелар ҳам сўнгги турларда олган жароҳатлар туфайли бир ой шерикларига ёрдам бера олишмайди.

НЮКАСЛ – ТОТТЕНҲЭМ (1 сентябр, 17:30)

Эдди Ҳау қўл остида икки йил олдин ажойиб мавсум ўтказган «Нюкасл» ўтган йили анча панд эди. Асосий сабаб бир неча турнирларда курашиш, ҳамда ҳаддан ташқари кўп жароҳатлар. Демак, худди «Манчестер Юнайтед» каби бу жамоадан ҳам икки хил кутилма бор – ўйин сифати ростан ҳам тушиб кетдими ёки жароҳатлар камайиб, муаммолар ҳал бўлгач, яна икки йил олдинги даражага қайта олишадими? АПЛ дан 7 жамоа еврокубокларда қатнашаётганини инобатга олсак, бундай босим бўлмаган «Нюкасл»дан кичик устунлик бор. Хау агар бундан унумли фойдаланса, «Нюкасл» яна анча хавфли кучга айланиши мумкин. «Тоттенҳэм» эса Постекўғлининг иккинчи мавсумида ўсишга эришиши лозим. Айрим даврларда жамоа ўтган йили ҳам жуда юқори сифатли ўйинлар кўрсатди, аммо баъзида, бир неча ўйинга чўзилган инқирозларни ҳам кўрдик. Ўз таркибини сақлаб қолиш билан бирга, бир қатор эътиборли харидларни амалга оширган лондонликлар энди барқарорроқ натижаларни қайд этишлари керак бўлади.

Бу икки жамоанинг ўзаро ўйинлари доим голларга бой ва, айниқса, кутилмаган сценарийларда кечган. Ўтган мавсумда ҳар икки ўйинда мезбон жамоа йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлса, икки йил олдин «Нюкасл» дастлабки 20 дақиқада рақиб дарвозасига жавобсиз бешта гол урганини ҳам эсласангиз керак. Ундан аввалги мавсумда эса «Тоттенҳэм» биринчи бўлиб гол ўтказиб юбориб, кейин бешта гол уришга муваффақ бўлганди. Демак бу сафарги ўйиндан ҳам ҳар қандай сценарийни кутишга ҳақлимиз ва ўйин жуда қизиқарли ва очиқ бўлиши шубҳасиз. «Нюкасл» айниқса ўз майдонида тўхтовсиз прессингга ташланиши, «Тоттенҳэм» эса, рақиб ким бўлишидан қатъи назар ўз услубидан воз кечмаслигини инобатга олсак, тахминларимиз ўринли.

Йўқотишларга келсак, меҳмонларнинг ҳар икки ҳужумчиси ҳам ўйнай олмайди. Ришарлисон ва Соланка катта эҳтимол танаффусдан кейинги турларда тайёр бўлишади. «Нюкасл»да эса Ботман, Милей, Уиллок, Уилсон, ҳамда Ласселсларнинг жароҳатидан ташқари, жамоа сардори Фабиан Шер дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди. У «Саутҳэмптон»га қарши биринчи тур ўйинида қизил карточка олганди. Аммо узоқ кутилган Сандро Тонали АПЛ ўйинида дебют қилиши мумкин. Ўтган ёзда сотиб олинган италиялик яримҳимоячи букмекер ўйинларига аралашиб қолгани туфайли бир йилга дисквалификация қилинганди. Ушбу муддат тугаб, Тонали Лига кубоги баҳсида куни кеча майдонга тушиб ҳам улгурди. Дарвоқе, «Нюкасл» ҳафта ўртасида Лига кубогида «Ноттингҳэм»га қарши майдонга тушди ва пеналтилар сериясида ғалаба қозонди. Яъни «Тоттенҳэм»да дам олиш ва ушбу ўйинга тайёрланиш учун кўпроқ вақт бўлгани ҳам якунда кичик устунлик тақдим этиши мумкин.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЛИВЕРПУЛ (1 сентябр, 20:00)

Бу жуфтликни алоҳида таърифлаш ҳам шарт эмас. Табиийки, якшанба оқшомида нафақат Англия, бутун Европанинг эътибори айнан ушбу дербига қаратилиши турган гап. Энг ёмон мавсумини ўтказиб, ёзда бир қатор эътиборли харидларни амалга оширган ва кўпчиликнинг эътирофига кўра анча ўзгарган «Манчестер Юнайтед» ва Юрген Клоппнинг кетгани ҳозирча билинмаётган, аксинча, Слот қўл остида янада мазмунлироқ ўйин намойиш этаётгандек туюлаётган «Ливерпул»нинг ўзаро баҳси бир қатор муҳим саволларга жавоб берса керак. Масалан, Слотнинг дастлабки икки ғалабасини рақибларнинг осонлиги билан боғлашмоқда. Хўш, нидерландиялик мутахассис учун дастлабки жиддий синов қайдай ўтади?

Ўтган мавсумда «Ливерпул» анча кучсиз даврда бўлган «МЮ»га қарши учала ўйинни ҳам юта олмаганди. АПЛ доирасидаги икки дуранг якунда «Ливерпул»нинг чемпионлик курашига жиддий таъсир қилган бўлса, Англия кубоги чоракфиналида ҳам дуранг қайд этилган, аммо қўшимча вақтларда «МЮ» ғалаба қозонганди. Ҳисоб китобларга кўра, ҳеч бир жамоа икки ўйин статистикасига кўра бу қадар яққол устунлик қилиб, якунда ғалабасиз қолмаган экан. «Ливерпул» уддалади. Қизиғи, картина жиҳатдан бу ўйинлардан унча фарқ қилмаган икки йил олдинги ўйинда эса «Ливерпул»нинг реализацияси яхшироқ бўлгани ҳам эсингизда – «Энфилд»да тарихий 7:0 ҳисоби қайд этилганди.

Йўқотишларга келсак, доимгидек, манчестерликларда жароҳатлар анча кўп. Маласия, Ҳойлунд, Шоу, Линделёф ва Йоро мавсум бошланишидан олдин жароҳатланиб улгургандилар. Мэйсон Маунт эса «Брайтон»га қарши ўйиннинг танаффусида алмаштирилганди. Кейинчалик маълум бўлишича, яримҳимоячи камида бир ой майдонга қайтмайдиган бўлди. Дастлабки турларда Эрик тен Ҳаг Маунтдан алдамчи тўққизлик сифатида фойдаланаётганди. Демак, катта эҳтимол билан Зиркзе ушбу ўйинда асосий таркибдаги дебютини ўтказса керак. Меҳмонлардан эса Кетрин Жонснинг ўйнаши сўроқ остида. Шунингдек, янги сотиб олинган Федерико Кьеза ҳам келаси ой ўрталарига сафга қайтади. Кўпчилик Угартенинг «Ливерпул»га қарши ўйнашини кутганди, аммо сўнгги маълумотларга қараганда, футболчи бу ўйин қайдномасидан жой олмайди.

Бу Эрик тен Ҳагнинг «Ливерпул»га қарши олтинчи расмий ўйини бўлади. Икки ғалаба, икки дуранг ва бир мағлубият қайд этилган. Шу ёзда ўртоқлик ўйини ҳам бўлиб ўтган – ҳар икки жамоа аралаш таркибларда ҳаракат қилган бу учрашувда «Ливерпул» 3:0 ҳисобида устун келган. Арне Слот эса ўз фаолиятида иккинчи марта «Олд Траффорд»га меҳмон бўлади. Аввалроқ у «Твенте» бош мураббийи сифатида Европа Лигасида ташриф буюрган ва 0:4 ҳисобида бой берганди. «Бу сафар анча кучлироқ жамоа билан келмоқдаман, албатта, имконият каттароқ бўлади», – деди ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Арне.

ЮВЕНТУС- РОМА (1 сентябр, 23:45)

«Ювентус» қайтяпти, дўстлар. Бу дегани энди Италия чемпионатини ютиш сўнгги йиллардагидек, бу қадар осон бўлмайди. «Интер», «Милан» ва «Наполи»нинг чемпионликларини паст баҳоламаган ҳолда тан олиш керакки, бу даврларда «Ювентус» ўз муаммолари билан ўралашиб қолди ва чемпионлик учун курашмади. Мураббий алмаштиришлар, жароҳат ва дисквалификациялар, очколарнинг олиб қўйилиши ва ҳоказо. Ўтган мавсумнинг кашфиёт мураббийларидан бири Тиаго Мотта келди, клуб трансфер бозорида энг фаоллардан бўлди, таркиб деярли янгиланди ва жамоа ўйнашни бошлади. Ҳар икки ўйинда ҳам 3:0 ҳисобида ғалаба. Биринчи ўйиндаги «Комо» устидан ғалаба балки у қадар катта эътирофга арзимас, аммо «Верона» майдонидаги ўйин ҳаммас жиддийлигини кўрсатди. Худди шу «Верона» биринчи турда «Наполи»ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратганди.

Копимайнерс, Консенсау, Нико Гонсалес А Серия даражасидаги юлдузлар бўлса, Дуглас Луис ва Кефрен Тюрам майдон марказига катта таъсир ўтказиши шубҳасиз. Хуллас бу мавсум «Ювентус»ни кузатиш анча қизиқ бўлади. Аср бошидаги Моджигейнтдан сўнг анча йиллар ўтиб, Контенинг келиши яна «Ювентус»ни юқори ўринларга қайтарган бўлса, айни пайтдаги даврни ҳам фақат шунга қиёслаш мумкин. Албатта, кучли «Ювентус» нафақат Италияга, балки Европага ҳам керак.

Шунингдек, кучли «Рома» ҳам керак. Ўтган йили Моуринио кетганидан сўнг де Росси жамоа ўйинида катта ўзгаришлар қилгач, бу мавсумдан кутилмалар катта эди. Аммо дастлабки турларда ҳали ишонч оқлангани йўқ. Биринчи ўйинда «Каляри» майдонидаги дурангни тушуниш мумкин, аммо «Эмполи»дан мағлубиятни изоҳлаб бўлмайди. Ўзбекистонлик мухлисларга бу ўйин фақат Элдор Шомуродовнинг голи билан ижобий ҳис уйғота олди, холос. Лекин ушбу ўйинда Шомуродовни асосий таркибда тушишига ишониш қийин. Зеро «Эмполи» билан ўйинда мағлубиятга учралаётгани учун қўшимча ҳужумчига эҳтиёж сезилганди. Туринда эса «Рома» асосан ҳимояни ўйласа керак, демак, катта пулга олиб келинган Довбикка яна имконият берилади.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

31 август. Лестер – АСТОН ВИЛЛА (19:00), БАРСЕЛОНА – Валядолид (20:00), Вест Ҳэм – МАНЧЕСТЕР СИТИ (21:30), БАЙЕР – Лейпциг (21:30), НАПОЛИ – Парма (23:45), Лацио – МИЛАН (23:45)

1 сентябр. ЧЕЛСИ – Кристал Пэлас (17:30), БАВАРИЯ – Фрайбург (20:30), Лилл – ПСЖ (23:45), РЕАЛ – Бетис (2 сентябрга ўтар кечаси, 00:30) 

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид