Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мўғулистон расмийси Путин ҳибсга олинмаслигини изоҳлади
Халқаро ташкилотлар ва Украина Мўғулистондан ХЖС ордерига кўра Россия президентини ҳибсга олиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришини сўраб, ҳаракатсизликнинг оқибатларидан огоҳлантирди. Россия ва Хитой ўртасида жойлашган Мўғулистон эса энергетик қарамлик Путиннинг қўлига кишан тақишни қийинлаштиришини таъкидлади.
Россия президенти Владимир Путин Халқаро жиноят суди томонидан ҳибсга олиш учун берилган ордерга қарамай, 2 сентябр куни Мўғулистонга давлат ташрифи билан келди. Мўғулистон Халқаро жиноят судининг аъзоси ҳисобланади ва суд ордери асосида ҳаракатланиш мажбуриятини олган. Европа Иттифоқи ва Украина бу ҳақда ушбу мамлакат ҳукуматини бир неча бор огоҳлантирди, шу билан бирга, Кремл расмийлари Путиннинг ташрифи борасида ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қилишди.
ХЖС 2023 йил март ойида Владимир Путинни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда гумон қилиб, ҳибсга олишга ордер берганди.
Ҳозирча Мўғулистон Путинни ҳибсга олишини билдирадиган бирор белгилар кўринмаяпти. Агар бу қарор бажарилмаса, мамлакатнинг ҳаракатсизлиги учун албатта оқибатлар келиб чиқади, дейди Ҳуқуқий ислоҳотлар институти катта илмий ходими Томас Ҳоффман.
«Мўғулистон, шубҳасиз, ҳамкорлик қилишга доир ўз мажбуриятларини бажармагани учун жавобгарликка тортилади. Шундан сўнг ХЖС бу ҳаракатсизликни кўриб чиқиш учун ишни Ассамблеяга оширади. Лекин қоидабузар аъзо давлатларга нисбатан санкциялар каби жиддий жазо чоралари кўзда тутилмаган», – дейди у.
Мўғулистон Халқаро жиноят суди ишлаши учун асос бўладиган Рим статутини 2002 йилда ратификация қилган. 2023 йилда мамлакат вакили икки йиллик даврга ХЖС судяси этиб сайланган.
ХЖС вакили Фади ал-Абдулла ҳам Мўғулистонда «суд билан ҳамкорлик қилиш мажбуриятлари борлиги»ни эслатиб, мамлакат унинг қарорларини бажариши шартлигини таъкидлаган.
Украина ТИВ расмий вакили Георгий Тихий Мўғулистоннинг ҳаракатсизлигини Халқаро жиноят суди ва халқаро жиноят ҳуқуқига «оғир зарба» деб баҳолаган.
Халқаро нашрлар Мўғулистон ҳукумати Путинни ташриф чоғида ҳибсга олмаслик кафолатини берганини ёзди. РФ матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлда бўлажак ташрифдан асло хавфсирамаётгани, чунки «ташрифнинг барча жабҳалари синчиклаб тайёрлангани»ни таъкидлаган.
Халқаро майдонда Путинни ҳибсга олишга кўплаб чақириқлардан сўнг Politico нашрига Мўғулистон ҳукумати вакили изоҳ берган.
Россия ва Хитой ўртасидаги энергетик қарамлик Мўғулистонни қийин аҳволга солиб қўяди ва бу ХЖС ордерига кўра Путиннинг қўлига кишан тақишни қийинлаштиради, деган ҳукумат вакили.
«Мўғулистон 95 фоиз нефт маҳсулотлари ва 20 фоиздан ортиқ электр энергиясини яқин қўшниларидан импорт қилади. Бу маҳсулотлар бизнинг ва халқимизнинг мавжудлиги учун жуда муҳим рол ўйнайди.
Мўғулистон халқаро сиёсатда доимо бетарафликни сақлаб қолишга уринган, ва бу бетарафлик бизнинг бугунги расмий баёнотимизда ҳам намоён бўлмоқда» — деган ҳукумат вакили.
Мўғулистон атиги 3,4 миллион аҳолига эга, лекин жуда катта майдонда жойлашган давлат. Унинг географик жойлашуви денгизлардан узоқда бўлгани ва Россия ҳамда Хитой билан чегараланиб қолгани туфайли ноқулай. Мамлакат қўшниларидан бирига ён босиб кетмаслиги учун икки ўртада дипломатик мувозанат сақлашга уриниб келади.