Жаҳон | 11:16 / 03.09.2024
16638
5 дақиқада ўқилади

Мўғулистонда Путинга қизил гилам тўшашди. Украина у ҳибсга олинмаганидан норози

Россия президенти Владимир Путин расмий ташриф билан Мўғулистонга борди. Бу унинг 2023 йилдан буён Рим статутини имзолаган ва Путинни Украинага босқин вақтидаги ҳарбий жиноятларда гумонлаб ҳибсга олиш учун ордер берган Халқаро жиноий суд юрисдикциясини тан оладиган давлатга илк ташрифидир.

Фото: Sergei Karpukhin/TASS

Путиннинг самолёти душанба куни кечқурун Мўғулистон пойтахти Улан-Баторга қўнди. Бу ерда уни фахрий қоровул кутиб олди, у ўз йўлига тўшалган қизил гилам бўйлаб ўтди.

Сешанба куни тонгда Улан-Батор марказида, Мўғулистон президенти қароргоҳида Путинни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди.

Россия раҳбари Мўғулистон президенти Ухнаагийн Ҳурэлсуҳ таклифи билан ушбу мамлакатга ташриф буюрди, ТАСС агентлиги бундай таклиф Пекинда 2023 йил кузида ўтказилган учрашувда берилганини эслатган.

Путин Улан-Баторга етиб боришидан кўп ўтмай Украина ТИВ расмий вакили Георгий Тихий мўғул ҳукуматининг Халқаро жиноий суд суди ордери бўйича Россия президентини ҳибсга олмасликка қарор қилганини қоралади.

Ҳаагада жойлашган суд Путин кенг кўламли босқиндан кейин Украинадаги болалар Россияга ноқонуний депортация қилинишида жавобгарлигини даъво қилади.

«Мўғулистон ҳукуматининг Путинни ҳибсга олиш тўғрисидаги мажбурий қарорни бажармагани — Халқаро жиноий суд ва халқаро жиноий ҳуқуқ тизимига оғир зарба бўлди, — дейилган украиналик дипломатнинг телеграм-каналидаги хабарда. — Мўғулистон айбланаётган жиноятчига одил судловдан қочиш имконини берди ва шу тариқа унинг ҳарбий жиноятлари учун масъулиятга шерик бўлди. Биз ҳамкорлар билан бу Улан-Батор учун оқибатларга эга бўлиши устида ишлаймиз».

Душанба куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков яна бир бор Москвадагилар Путин ХЖС ордери бўйича Мўғулистонда ҳибсга олиниши мумкинлиги борасида хавотирланмаётганини билдирди. «Мўғулистон билан бундай муаммо йўқ», — дея Песковдан иқтибос келтирган ТАСС агентлиги.

Халқаро жиноий суддагилар бу борада нима дейди?

Ўтган ҳафта охирида ХЖС матбуот котиби, доктор Фади Ал-Абдулла BBC билан суҳбатда суд аъзоси бўлган мамлакат «Рим статутининг IX бобига кўра ҳамкорлик қилиш мажбуриятини олиши»ни айтганди.

Душанба куни Мўғулистон пойтахтидаги ҳукумат комплексида Украинани қўллаб-қувватлаб акция ўтказилди

Бу келишувда агар уларнинг бажарилиши бошқа давлат олдидаги «олдинроқ тузилган шартнома мажбуриятларини бузиш» ёки учинчи давлат вакилларининг дипломатик иммунитетини ёки мулкини бузишга олиб келадиган бўлса, аъзо давлатлар ўз мажбуриятларидан озод этилиши мумкинлиги ҳақида банд ҳам бор.

ХЖС матбуот котиби аниқлик киритишича, келишувни имзолаган давлат «ҳамкорликдан бош тортган» ҳолат батафсил ўрганилади, кейин барча аъзо давлатлар иштирокидаги Ассамблея «[қоидабузарга қарши] зарур деб топилган исталган чораларни қабул қилиши мумкин».

Суднинг ўз кучишлатар органлари мавжуд эмас. Гумонланувчи судга аъзо мамлакатлар томонидан ўз ҳудудида ҳибсга олинади, бунинг учун шундай мамлакатлар ҳукуматлари ирода кўрсатиши керак бўлади.

2023 йилда Путин ЖАРга бормаган (ушбу мамлакат ҳам Рим статутини ратификация қилган) ва БРИКС саммитида қатнаша олмаганди. Хабар қилишларича, буни ундан Жанубий Африка президенти шахсан илтимос қилган.

Путин кенг кўламли уруш бошланганидан буён хорижга чиқишни камайтирган, ҳибсга олишга ордер берилганидан кейинги даврда у борган мамлакатларнинг барчаси Халқаро жиноий суд юрисдикциясини тан олмаган. Улардан фарқли равишда Мўғулистон унинг таркибига кириш жараёнини 2002 йилда якунлаганди.

Шунингдек, Мўғулистон демократик мамлакат нуфузига эга (масалан, Freedom House уни эркин мамлакатлар тоифасига киритади; ташкилот Россияни эркин мамлакат деб ҳисобламайди, Россия эса уни «исталмаган ташкилот» деб эълон қилган).

Аввалроқ Украина ҳукумати Мўғулистонни ташриф чоғида Путинни қўлга олиш ва уни Ҳаага судига топширишга чақирганди. Песков Кремлдагилар ташриф борасида ташвишланмаётгани, унинг барча деталлари «синчковлик билан тайёрлангани»ни айтганди.

Путин Мўғулистонда нима қилади?

ТАСС хабарига кўра, Путин совет қўшинлари 1939 йилда Мўғулистон ҳудудидаги Холхин-Гол дарёси бўйида Япония устидан ғалаба қозонганининг 85 йиллиги тадбирларида иштирок этади.

Россия президенти ушбу мамлакатга сўнгги бор беш йил муқаддам келган ва ўшанда ҳам Холхин-Гол жангидаги ғалабанинг 80 йиллигини нишонлашда қатнашганди.

Путин шунингдек Мўғулистон президенти билан учрашади, икки мамлакат ҳукуматлари вакиллари бир қанча икки томонлама ҳужжатларни имзолайди.

Россия ва Мўғулистон президентлари шунингдек Холхин-Голдаги жанг вақтида совет ва мўғул қўшинларига қўмондонлик қилган маршал Георгий Жуков ҳайкали пойига гулчамбар қўйишади.

Мавзуга оид