Тошкент вилоятидаги “Пахтакор” музлиги бир йилда 20 метрга қисқарди – бу жиддий хавфми?
Тошкент вилоятидаги энг катта музлик бир йил ичида 20 метр қисқариб, унинг “муз тили” қисми юзаси уч метр эриб битган. Хўш, музлик қисқариши жиддий хавфми, агар у қисқаришда давом этса, нима бўлади, ўзи бу музлик бизга нега керак? Бу саволларга жавобни экспедиция ташкилотчиси Аброр Ғофуров тушунтириб берди.
2024 йилнинг август ойида Тошкент вилояти Пискент туманидаги “Пахтакор” музлиги 20 метр қисқаргани маълум бўлди. Буни Германия илм-фан ва олий таълим вазирлиги ва Ўзбекистон ОТФИВ томонидан уюштирилган "Clean Water" экспедициячилари ўрганишган. Экспедиция қатнашчиси Аброр Ғофуров музликни тадқиқ қилиш жараёни ва аҳамияти ҳақида Kun.uz'га гапириб берди.
Мустақилликдан бери музликлар ўрганилмай келяпти
– Пискент тоғининг тепасида 4000 метргача музликлар мавжуд. Улар орасида энг каттаси Пахтакор музлиги ҳисобланади. Уни 2023 йил кузатишни бошлагандик. Ташкилотимизнинг махсус мосламалари орқали музлик жойлашган ҳудудни аниқладик ва у 20 метр орқага кетганига гувоҳ бўлдик. Текширувлардан шу маълум бўлдики, камида уч метр музлик бир ёз мобайнида эриб кетган ва бу анча катта кўрсаткич ҳисобланади. Шуни алоҳида айтиш керакки, “Пахтакор” музлиги совет даврида рус олимлари томонидан ўрганилган. Мустақилликдан кейин эса музликлар деярли тадқиқ қилинмай қўйган. Бу музликни кузатиш Германиянинг Яшил Ўрта Осиё дастури доирасида, Германия илм-фан ва олий таълим вазирлиги ва Ўзбекистонда Инновация агентлиги молиялаштирадиган "Clean Water" лойиҳаси доирасида бошланганди.
Музликлар катта миқдорда чучук сув дегани
Музликларга илмий текширувлар Ўзбекистон музликларида қанча сув захираси борлигини билиб олишга ёрдам беради. Бу музликларда анча катта сув захираси мавжуд бўлиб, ёзда эриб сувга муҳтож ҳудудларни сув билан таъминлайди. Музликлар ҳар йили ўзини тиклаб олади, қишда чўққиларда қор ёғади ва бу музликлар ёзда ҳам эримайди. Лекин йилдан йилга қор кам ёғишининг ҳисобига ҳам музликларнинг тикланиш жараёнлари бузилмоқда.
Музликлар эриши оқибатлари
Бизга музликларнинг эриши натижасида дарёларимизда сув камаяди дейсизлар, аммо дарёлар тўлиб оқяпти-ку, деган фикрни тез-тез айтиб қолишади. Ҳа, дарёларда ҳозир сув кўп, лекин бу шиддатли эришлар келажакдаги сув танқислигига таъсир кўрсатиши аниқ. Бунинг ҳисобига ёз ойларида сув ресурслари камайиб кетиши мумкин.
Яна бир хавф кўл музликлари. Бу музликларнинг чекиниши натижасида ҳосил бўладиган кўллар ҳисобланади. Бундай кўлларда дамбалар бўлмайди. Уларни назорат қилиш ҳам қийин. Шунинг ҳисобига исталган вақтда тоғли ҳудудларга сел келиш хавфи кучаяди. 1999 йил Шоҳимардонда шундай сув тошқини бўлган ва кўплаб инсонлар ҳалок бўлишган. Афсуски, бу жараён бутун Марказий Осиёда содир бўлмоқда ва буни тўхтатиб қолиш имконсиз.
Музликлар эришини тўхтатиш мумкинми?
Афсуски, музликлар эришини биз тўхтата олмаймиз ва бу жараён тез ривожланяпти. 1979 йилдан 2010 йилгача Норин дарёси ҳавзасида 30 фоизгача музликлар эриган. Бу катта рақам. 2050 йилларга келиб сув миқдори кескин камайиб кетиши мумкин. Бутун дунё мутахассислари ҳам келажакда сув танқислиги вужудга келишини таъкидлашади. Шу сабабдан Ўзбекистон ҳукумати бу соҳага диққатини қаратган. Бу жараённи секинлаштириш учун иқлим ва табиатга эътиборли бўлишимиз керак. Агар табиатга чиқинди кам ишлаб чиқарсак, ҳаво ҳароратининг кескин ошишининг ҳам олдини олган бўламиз. Бундан ташқари, мустақиллик йилларидан кейин Ўзбекистонда илм-фанга бўлган эътибор камайган ва бу соҳада ҳам мутахассис етиштириб чиқариш сустлашган. Ёшларни бу соҳага жалб қилишни кучайтириш зарур.
Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
01:00 / 09.11.2024
Иқлимшунослар бадавлат инсонларни шахсий самолётларидан «такси сифатида» фойдаланмасликка чақирди
13:56 / 02.11.2024
Антарктиданинг энг муаммоли музликларидан бири “туташ”ни бошлади
19:23 / 28.10.2024
Дунёда иссиқхона газлари 2023 йилда янги максимумга чиққани маълум қилинди
14:54 / 26.10.2024