Жаҳон | 21:43 / 06.09.2024
5938
3 дақиқада ўқилади

Асқар Акаев Қирғизистон парламентидан ўзига собиқ президент мақомини қайтаришни сўради

Ақаев аввалроқ бир қанча жиноятларда айбланиб, мақомидан маҳрум қилинган эди. Бироқ, у жиноий жавобгарликка тортилмади. Энди «собиқ президент» мақомини қайтармоқчи.

Фото: РИА Новости

Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев Жогорку Кенешга (парламент) «собиқ президент» мақомини тиклаш бўйича сўров йўллади. Парламентнинг Конституциявий қўмитаси раҳбари Чўлпон Султонбекова сўзларига кўра, Акаевнинг мурожаати 5 сентябр куни келиб тушган.

Султонбекова мактубни ўқиб чиққач, фракция етакчиларига жўнатишини, шундан сўнг маслаҳатлашув ўтказилишини айтди. Бу жуда узоқ жараён ва парламент қандай қарор қабул қилиши номаълум, деб қўшимча қилди у.

Асқар Акаев Қирғизистонни мустақилликнинг илк йилларидан 2005 йилгача бошқарган. Мамлакатда инқилоб юз бериб, Қурманбек Бакиев ҳокимиятга келгач, ағдарилган Акаев ва унинг оила аъзолари Россияга қочиб кетган.

Москвада у илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланди. Кейинчалик Қирғизистонда Акаевга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилганлик, 1992 йилда «Камеко» компанияси билан бош шартнома тузиш ва 2003 йилда «Қумтор» лойиҳасини тасдиқлашда бепарволик қилгани айби қўйилди. Сўнгра, «собиқ президент» мақомидан маҳрум этилди.

Бироқ, 2021 йил августида Акаев Қирғизистонга қайтиб, «Қумтор» иши бўйича тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўрсатма берганидан сўнг, у ўз ватандошларига видеомурожаат қилиб, «Қумтор» лойиҳаси бўйича қарор қабул қилишда хатоларини тан олди ва узр сўради. 2023 йилда Ақаевга нисбатан жиноий таъқиб қилиш даъво муддати ўтгани сабабли тугатилди.

Ақаевга «собиқ президент» мақомининг қайтарилиши бир қанча имтиёзларни беради. Жумладан,

- ҳуқуқий таъқибдан тўлиқ иммунитетга эга бўлади, уни ҳатто сўроқ қилиш тақиқланади. У ва унинг мулки дахлсиз бўлади;

- умрбод давлат муҳофазасига олинади;

- собиқ президентга ҳам, унинг яқин қариндошларига ҳам давлат ҳисобидан тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатилади;

- юқори пенсия тўловларига эга бўлади;

- умрбод фойдаланиш учун давлат дала ҳовлисини олади;

- шаъни ва қадр-қиммати қонун билан ҳимоя қилинади;

- собиқ президент вафотидан кейин оиласига бериладиган нафақа, унинг вафот этган кунида белгиланган энг кам пенсиянинг олти баравари миқдорида бўлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид