Хитой – Африканинг “катта оғаси”ми?
4 сентябр куни Африка–Хитой саммитида Пекин Африкага 51 млрд доллар сармоя киритишини эълон қилди. Келгусида бу қарзларнинг бир қисмидан воз кечилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Kun.uz мухбири Хитой–Африка муносабатлари динамикаси ҳақидаги саволлар билан таҳлилчи Ҳикматилла Казакбаевга мурожаат қилди.
— Хитой одатда йўллар, тўғонлар, портлар ва аэропортлар каби инфратузилма қурилишини молиялаштиради. Хитойнинг Африкада бундай иқтисодий ҳамкорликдан ташқари, қандай стратегик мақсадлари бор?
— 2000-йиллар бошида Хитой-Африка форуми ўтказилганидан бери Африка бу давлат учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб келмоқда. Қизил денгиз орқали Ўртаер денгизига ўтиш ва Европага чиқишда ҳам Африканинг ўрни катта. Қолаверса, қитъа бой табиий ресурсларга эга. Хитой минтақада темирйўл ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш билан, шу табиий бойликларни ташиб кетишга интилмоқда.
Африкадаги 27 та давлатнинг расмий тилларидан бири француз тили ҳисобланади. Франциянинг минтақага таъсири тарихан кучли бўлиб келган. Парижни кўпроқ ғарбий Африка қизиқтирса, Хитой шарқий ва марказий Африкани ўзининг асосий савдо йўлига айлантирган. Лекин Хитой ғарбий Африкада ҳам таъсир доирасини кенгайтирмоқда. 2022-2023 йилларда Мали, Нигер, Буркина Фасодан Франциянинг қўшинлари олиб чиқиб кетилди, бунга сабаб ушбу ҳудудларда ҳарбийлар ҳокимиятга келишди ва улар Россия билан яқинлашишга ҳаракат қила бошлашди.
Франциядаги атом электр станцияларининг ишлаши учун зарур уран моддаси узоқ йиллардан бери айнан Нигерда қазиб олинарди. Франция ўз қўшинини Нигердан олиб чиқиб кетаётганида Эммануел Макрон Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрди ва ярим йилдан кейин Ўзбекистон–Франция товар айланмаси 800 миллион доллардан ошиб кетди.
Хитойнинг ўз ҳудудларидан ташқаридаги ягона ҳарбий базаси ҳам Африкада – Жибутида жойлашган. Жибути – стратегик нуқтада, Адан кўрфазини Қизил денгиздан ажратиб турадиган ва Сувайш каналига кириб-чиқишни назорат қилувчи Баб-ал-Мандеб бўғози бўйида жойлашган. Шу сабаб бу мамлакатда кўплаб давлатлар ўзларининг ҳарбий базаларини, жумладан, 2017 йилда Хитой ҳам ўз ҳарбий базасини қурган. Лекин Хитой буни ҳарбий база деб номламайди, балки савдо кемаларни ҳимоя қилувчи патрул-пост деб номлайди. Келажакда Хитой Африканинг бошқа қисмларида ҳам ҳарбий база яратиши мумкин. Хитойнинг инвестицияси кўпайгани сари, у ҳудудларда Хитой инвестицион хавфсизлигини таъминловчи ҳарбий ҳудудлар яратилиши муҳим.
Хитойнинг Африка сиёсатидаги яна бир муҳим нуқта – Момбаса порти. Момбаса стратегик жойлашуви (Шарқий Африканинг асосий дарвозаси) жиҳатдан Хитойни анча қизиқтирган ҳудуд ҳисобланади. Хитой 2017 йил Найробидан Момбасагача 480 кмлик темирйўл қурган. Бу темирйўл қурилишининг асосий сабаби – Кения ва унга қўшни ҳудудлардаги ресурсларни Хитойга ташиш. Баъзи манбаларда бу ер Хитойга Кениянинг қарзи эвазига берилган ҳудуд деган қарашлар ҳам бор, лекин буни икки томон ҳам рад этади. Бу порт Хитой томонидан қурилган ва назорат ҳам Хитой томонидан амалга оширилади.
— 4-6 сентябр кунлари Пекинда бўлиб ўтган Хитой-Африка ҳамкорлик форумида ХХР раҳбари Си Жинпинг Африка давлатларига 51 млрд доллар сармоя киритмоқчилигини айтди. Бу маблағни Африкага Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан кўрсатилаётган бошқа тараққиёт ёрдамлари билан солиштириб кўрсак.
— Хитой-Африка форумида Африкадан 53 та давлат қатнашган. Айрим давлатлар, масалан Эсватини бу форумда иштирок этмайди, чунки Хитойнинг бу давлат билан дипломатик алоқалари йўқ. Эсватини Тайванни тан олади. Жами 53 та Африка давлатига Хитой 51 млрд доллар сармоя киритмоқчи. Бу – бошқа Европа давлатлари билан таққослаганда анча катта рақамлар.
2023 йилда Хитой ва Африка давлатларининг савдо айланмаси 282 млрд бўлган. Африканинг Америка билан товар айланмаси эса 72 млрд, Россия билан 25 млрд ҳисобланади. Хитойнинг иқтисодий иштироки минтақада анча юқори. Охирги 3 йилда Хитойнинг тўғридан тўғри киритган сармояси 40 млрдни ташкил этади. Америка Африкадаги барча давлатларга ҳам ёрдам бермайди, Россияни кўпроқ эса ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик қизиқтиради. Хитой ҳукумати доимий равишда мураккаб шартларсиз катта қарзлар беради ва баъзан бу қарзларидан кечиб юборади ҳам, лекин бу айрим соҳаларда назоратни ўз қўлига олиши эвазига бўлади.
— Хитойнинг Африка билан иқтисодий муносабатлари қалинлашуви юан ва долларнинг халқаро савдодаги ролига қандай таъсир қилади?
— 2023 йилда Африка ва Хитой ўртасидаги савдо айланмасининг 17 фоизи юанда амалга оширилган. Бу аста-секин келажакда юаннинг ҳам доллар, евро сингари хорижий валюта даражасига кўтарилишига сабаб бўлади. Россия ҳозирда санкциялар сабабли Хитой билан савдо айланмасини юанда амалга оширмоқда ва юандаги савдо ҳажми тобора кўтарилиб бормоқда.
— Африкада таъсир доираларига эга бўлишда Хитойнинг асосий рақобатчилари қайсилар?
— Хитойнинг асосий рақобатчилари – Америка, Франция, Россия ҳисобланади. Фақат Россиянинг Хитойга рақобатчилиги Хитой учун хавф туғдирмайди, чунки Россия Африка давлатлари билан ҳамкорлигини асосан ҳарбий соҳада амалга оширади. Америка, Франциянинг эса иқтисодий манфаатлари ҳам бор.
Африка Хитой учун яна бир рақобатчи Туркия ҳисобланади. Туркия жаҳонда Усмонли турклар давридаги каби мавқейини қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Шу сабаб Шимолий Африка давлатлари, Шарқий Африкадан эса Сомали ва Эфиопияга Туркия бефарқ эмас. Сомали ва Туркия ўртасида келишув бор, унга кўра, Туркияга Сомалининг муҳим нуқталарида нефт қазиб чиқариш ҳуқуқи берилган.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
23:34 / 19.11.2024