2023 йилда 219 киши кассетали снарядлардан жабрланди
Камида 118 киши кассетали ўқ-дориларнинг тўғридан тўғри зарбалари натижасида яраланган ёки ҳалок бўлган, яна 101 киши илгари портламаган снарядларнинг портлаши натижасида ҳалок бўлган, дея маълум қилди Handicap International ташкилоти.

Фото: Nabil Mounzer/epa/dpa/picture alliance
2023 йилда кассетали ўқ-дорилардан ўлим ва жароҳатланишнинг 219 та янги ҳолати қайд этилган, дея хабар беради Handicap International гуманитар ташкилоти. Ташкилотнинг 9 сентябр, душанба куни Мюнхенда тақдим этилган ҳисоботида айтилишича, камида 118 киши кассетали ўқ-дориларнинг тўғридан тўғри ҳужуми қурбони бўлган, яна 101 ҳолатда эса кишилар илгари портламаган снарядлар портлаши натижасида жабрланган.
Жабрланганларнинг деярли ярми - болалар
Кассетали снарядлардан жабрланганларнинг аксарияти тинч аҳоли вакилларидир, 2023 йилда уларнинг улуши 93 фоизни ташкил этган. Айниқса, болалар хавф остида: портламай қолган кассетали ўқ-дорилар қурбонларининг 47 фоизи вояга етмаганлар бўлди.
Шу билан бирга, тақиқланган кассетали ўқ-дорилардан фойдаланиш натижасида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг ҳақиқий сони анча юқори, дея ишонч билдирган нодавлат ва гуманитар ташкилотлар томонидан тайёрланган Cluster Munition Report 2024 ҳисоботи муаллифлари.
Уларга кўра, 2023 йилда кассетали бомбалардан ҳам Россия, ҳам Украина қуролли кучлари фойдаланган. Россия қўшни давлатга қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан бери кассетали ўқ-дорилардан 1000 дан ортиқ одам ҳалок бўлган ёки яраланган, дейилади ҳисоботда. Бундан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячилари Мянма ва Сурияда кассетали снарядларидан фойдаланиш ҳолатларини ҳужжатлаштирган. Бу давлатларнинг ҳеч бири кассетали ўқ-дориларни тақиқловчи халқаро шартномага қўшилмаган.
Кассетали ўқ-дорилар ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин ҳам хавфлидир
Бундай қуроллардан фойдаланиш, топшириш ва сақлашни тақиқловчи кассетали ўқ-дорилар тўғрисидаги конвенция 2010 йил август ойида кучга кирган. Бугунги кунга қадар уни 124 давлат имзолаган ва 112 давлат ратификация қилган. Handicap International дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритади, унинг жамоалари жабрланганлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлайди.
Портлаб, кассетали снарядлар кўп сонли ўқ-дориларни сочади. Кассетали бомбалардан омон қолганлар кўпинча оёқ-қўлларини йўқотади ёки ҳаётий органларида оғир, баъзан бир нечта жароҳатларга дуч келади. Ташкилотга кўра, 2022 йилда жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейин қолган кассетали снарядлардан 185 киши яраланган ёки ҳалок бўлган.
2022 йилда ушбу тақиқланган қуроллардан 1172 киши яраланган ёки ҳалок бўлган, бу 2010 йилда йиллик ҳисоботлар чоп этилиши бошлангандан бери энг юқори кўрсаткичдир. 2022 йилдаги юқори кўрсаткич, асосан, Украинада кассетали ўқ-дорилардан фойдаланиш билан боғлиқ. Бундан ташқари, Озарбойжон, Ироқ, Яман, Лаос, Ливан, Мянма ва Сурияда бундай снарядлардан жароҳат олиш ёки ўлим ҳолатлари қайд этилган. Барча ҳолатларнинг 95 фоизи тинч аҳолига тўғри келади.
Мавзуга оид

10:38 / 07.03.2025
Литва кассетали ўқ-дорилар бўйича конвенциядан расман чиқди

15:30 / 23.10.2024
9 ойда божхонада қанча қурол ва ўқ-дори ушлаб қолингани айтилди

15:44 / 21.08.2024
Чехия Украина учун снарядларни Россия активларидан тушган даромаддан сотиб олади

11:50 / 21.08.2024