Ўзбекистон | 17:08 / 10.09.2024
4956
3 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори 34 млн сўм жаримага тортилди

Kun.uz аввалроқ Бухоронинг Ромитан туманидаги 18-мактаб ўқитувчилари уйма-уй юриб “Ташаббусли бюджет”да овоз тўплашга мажбурланаётгани ҳақида ёзганди. Миллий комиссия хабарига кўра, мактаб директорига нисбатан 100 БҲМ жарима қўлланган. Мактаб лойиҳасининг ғолиб чиқишига саноқли овозлар етмаган.

Фото: Kun.uz

Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 18-мактаб директори ўқитувчиларни “Ташаббусли бюджет”даги лойиҳа учун мажбуран овоз йиғишга жалб қилгани тасдиқланди. Бу ҳақда Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия маълум қилди.

Директорга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 2-қисмига асосан 100 БҲМ (34 млн сўм) миқдорида маъмурий жарима қўлланган.

“Миллий комиссия барча масъулларни, шунингдек, иш берувчиларни, ҳудуд раҳбарларини ходимларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга чақиради”, – дейилади баёнотда.

Ромитандаги 18-мактаб ўқитувчилари уйма-уй юриб, мактаб техник базасини яхшилаш учун овоз йиғиш мажбурланаётгани ҳақида 26 август куни Kun.uz ёзганди.

1654 та овоз олган лойиҳа ғолиблар қаторига кирмаган. Ғолиб бўлиш учун мактабга 28 та овоз етмаган.

Kun.uz хабарида тумандаги бошқа мактаблар: 1-ИДУМ, 2-мактаб, 7-мактаб ўқитувчилари ҳам овоз йиғишга мажбурланаётгани айтилганди. Миллий комиссия ахборотида эса фақат 18-мактаб ҳақида сўз боради.

Маълумот учун, “Ташаббусли бюджет”да қўл остидаги ходимларини овоз тўплашга мажбурлаш – мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади. Бу президент қарорида белгилаб қўйилган.

Меҳнат кодексининг 5-моддасига асосан, мажбурий меҳнат тақиқланган.

МЖтКнинг 51-моддасига мувофиқ, мажбурий меҳнатга йўл қўйган мансабдор шахслар 50–100 БҲМ жаримага тортилади. Худди шу ҳаракат такроран ёки вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилса, Жиноят кодексининг 148-2-моддасига кўра жиноий жавобгарлик белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, “Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йилги 2-мавсумидан бошлаб, мажбурий овоз тўплаш ҳолатларини камайтириш мақсадида:

  • овоз йиғиш босқичи 10 кунгача қисқартирилди;
  • мажбурий овоз тўплангани тасдиқланган ҳолатларда, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бу лойиҳаларни четлатиш ёки ғолиблар рўйхатидан чиқариш ваколати берилди;
  • ўз раҳбари томонидан овоз йиғишга мажбурланган ходимлардан мурожаатларни қабул қилиш бўйича 1282 ишонч телефони ишга туширилди.

Мавзуга оид